Кўксарой қароргоҳида 24 июнь куни мамлакатимизга давлат ташрифини амалга ошираётган Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсухни расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Юртимизда кўплаб халқаро мусиқий танловлар ўтказилади. Бундай тадбирларда Мўғулистон бадиий жамоалари фаол иштирок этувчилар сирасига киради. Уларнинг оҳанглари қулоққа бегона туюлмайди, сўзларини тушунмасакда, юракка яқин оламиз.
Сиёсий, савдо-иқтисодий алоқаларнинг мустаҳкамлиги, аввало, мана шундай маданий яқинликдан бошланади. Икки мамлакатдаги дўстлик жамиятларининг фаол ҳамкорлиги, ишбилармонлик ва халқаро алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган лойиҳалар изчил ривожланаётгани қувонарли.
Мазкур давлат ташрифи икки томонлама алоқаларимиз ривожига ўзига хос суръат бағишлаши шубҳасиз.
Қароргоҳ олдидаги майдонда фахрий қоровул саф тортди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев олий мартабали меҳмонни самимий кутиб олди ва шоҳсупага таклиф қилди. Ҳарбий оркестр икки мамлакат давлат мадҳияларини ижро этди.
Етакчилар фахрий қоровул сафи олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида музокара ўтказдилар.
Суҳбат аввалида Мўғулистон Президенти давлатимиз раҳбарига Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келиш таклифи ва кўрсатилаётган самимий қабул учун чин дилдан миннатдорлик билдирди.
Мамлакатимиз раҳбари олий мартабали меҳмон ва расмий делегациянинг барча аъзоларини дилдан қутлаб, Мўғулистон Президентининг илк давлат ташрифи Ўзбекистон – Мўғулистон кўп қиррали муносабатларини ривожлантиришда янги саҳифа очишини алоҳида таъкидлади.
Музокаралар давомида мамлакатлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Ҳукуматлар, вазирлик ва идоралар даражасидаги алоқалар ва алмашинувлар фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ҳажми ортиб бормоқда. Бугунги саммитга тайёргарлик доирасида ўтказилган сиёсий маслаҳатлашувлар самарали бўлди.
Сиёсий мулоқот ва парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш, хавфсизлик соҳасида алоқаларни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Мўғулистон Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини тўлиқ қўллаб-қувватлаган биринчи давлатлардан бўлгани ва тегишли баённомани имзолагани қайд этилди.
Музокаралар давомида савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. Яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини, энг аввало, талаб юқори бўлган маҳсулотлар номенклатураси ва ҳажмини кенгайтириш ҳисобига 5-10 баробарга ошириш учун салоҳият мавжудлиги таъкидланди.
Шу мақсадда ҳукуматларга товар айирбошлаш ҳажмини ошириш масалалари бўйича қўшма ишчи гуруҳ тузиш, Улан-Батор ва Тошкентда расмий савдо уйларини очиш, Имтиёзли савдо тўғрисидаги битимни имзолашга тайёрлаш ҳамда бозорларга кириш шароитларини ўзаро енгиллаштириш бўйича таклифлар киритиш топширилди.
Бундан ташқари, икки давлат пойтахтларида ўзаро саноат кўргазмалари ўтказиш бўйича келишувга эришилди.
Давлатимиз раҳбари ўрта муддатли Саноат кооперацияси дастурини қабул қилиш ташаббуси билан чиқди. Ҳамкорликнинг бир қатор йўналишлари аниқлаб олинди.
Бу, аввало, геологик қидирув, хомашё ресурсларини ўзлаштириш ва қайта ишлаш соҳасида ҳамкорлик қилиш, шу жумладан, бу соҳада кадрлар тайёрлашни ташкил этиш.
Мўғулистондан гўшт ва уни қайта ишлашдан олинган маҳсулотларни импорт қилиш, шунингдек, Ўзбекистондан товуқ гўшти, мева-сабзавот ва бошқа қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш бўйича таклифлар тайёрланди.
"Ҳалол" стандартларига мувофиқ гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича кластер ташкил этиш ва минтақадаги мамлакатларга экспорт қилиш режалари қўллаб-қувватланди.
Бу йўналишларда, шу жумладан, чорвачилик соҳасида илмий-тадқиқот институтлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш лозимлиги таъкидланди.
Томонлар хусусий сектор лойиҳаларини амалга оширишга ва бизнес ташаббусларини илгари суришга кўмаклашишга келишиб олдилар.
Шунингдек, энг самарали ва қисқа, шу жумладан, Қирғизистон ва Хитой орқали ўтадиган транспорт йўлакларини биргаликда таҳлил қилиш таклиф қилинди.
Иқтисодий кун тартибидаги барча масалаларни самарали илгари суриш учун Бош вазир ўринбосарлари даражасидаги Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилишини ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.
Маданий-гуманитар алоқалар ва алмашинувларни мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Турли йилларда Ўзбекистон олий ўқув юртларида таҳсил олган мўғулистонликлар дўстлик ва ҳамкорликнинг ҳақиқий кўприги бўлаётгани таъкидланди.
Энг нуфузли университетлар ўртасида академик алмашинувларни йўлга қўйиш, шунингдек, грантлар асосида иқтидорли мўғулистонлик талабаларни Ўзбекистонда ўқитишни қайта тиклаш бўйича келишувга эришилди.
Бугун Тошкентда машҳур «Морин Хуур» мўғул оркестри иштирокида санъат усталарининг қўшма концерти бўлиб ўтади.
Икки мамлакат ўртасида мавжуд визасиз тартибни инобатга олган ҳолда, қўшма дастурлар ва маҳсулотлар асосида туризм алмашинувларини ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, спорт ва ёшлар соҳаларида ҳамкорлик йўлга қўйилади.
Музокаралар якунида эришилган келишувларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш бўйича "йўл харитаси"ни тайёрлаш топширилди.
Давлатимиз раҳбари Президент Ухнаагийн Хурэлсухнинг самарали мулоқотни давом эттириш учун Мўғулистонга жавоб ташрифи билан келиш таклифини қабул қилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг самарали музокаралари якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Етакчилар Давлатлараро муносабатлар ва ҳамкорлик тўғрисидаги қўшма баёнотни имзоладилар.
Давлат ташрифи давомида жами 14 та ҳужжат имзоланди, жумладан:
– Савдо, иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик тўғрисидаги 2024-2026 йилларга мўлжалланган ҳукуматлараро дастур;
– Туризм соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида ҳукуматлараро битим;
– Ҳаво алоқаси тўғрисида ҳукуматлараро битим;
– Халқаро автомобиль алоқаси тўғрисида ҳукуматлараро битим;
– Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида 2024-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури;
– Хавфсизлик кенгашлари котибиятлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
– Қишлоқ хўжалиги вазирликлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Ветеринария ва чорвачилик соҳасидаги ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Фанлар академиялари ўртасидаги илмий ҳамкорлик тўғрисида битим;
– Миллий ахборот агентликлари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
– Савдо-саноат палаталари ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида баённома;
– Қўшма Ишбилармонлар кенгашини ташкил этиш тўғрисида баённома;
– Тошкент ва Улан-Батор шаҳарлари маъмуриятлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида битим.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух олий даражадаги музокаралар якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари учун баёнот бердилар.
Етакчилар очиқ ва ишчан муҳитда бўлиб ўтган мулоқотнинг самарали натижаларидан мамнун эканликларини, амалий ҳамкорликнинг барча асосий йўналишлари атрофлича кўриб чиқилганини таъкидладилар.
Давлатимиз раҳбари Мўғулистон Президентининг икки томонлама муносабатлар тарихидаги биринчи ташрифи Ўзбекистон – Мўғулистон дўстлигини мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган ўзаро интилишнинг тасдиғи бўлганини қайд этди.
– Мўғулистон биз учун Осиё минтақасидаги анъанавий ва ишончли ҳамкордир. Ўзбекистон – Мўғулистон муносабатлари дўстлик, ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш тамойилларига асосланган бўлиб, конъюнктурага боғлиқ эмас, – деди Ўзбекистон Президенти.
Давлат раҳбарларининг Самарқанд ва Дубайда бўлиб ўтган учрашувларидан сўнг барча даражалардаги алоқалар фаоллашди. Тизимли сиёсий мулоқот ўрнатилди.
Бундан ташқари, товар айирбошлаш ҳажми изчил ўсиб бормоқда ҳамда етакчи компания ва корхоналар ўртасида ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда. Бугунги музокаралар чоғида ишлар ҳолати атрофлича таҳлил қилинди, устувор йўналишлар белгиланди ва кенг кўламли ҳамкорликнинг янги кун тартиби келишиб олинди.
Томонлар минтақавий ва халқаро тузилмалар, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқалар доирасида яқин мулоқотларни ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга келишиб олдилар.
Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Яқин йилларда, биринчи навбатда, талаб юқори бўлган маҳсулотлар номенклатураси ва ҳажмини кенгайтириш орқали товар айирбошлаш ҳажмини ошириш вазифаси қўйилди. Икки мамлакат пойтахтларида савдо уйларини очиш ва жорий йилда саноат кўргазмаларини ўтказиш режалаштирилган.
Мамлакатларимиз бир-бирини самарали тўлдириши мумкин бўлган тармоқларда саноат кооперациясининг аниқ йўналишлари ҳам белгиланди.
Минерал ресурсларни қазиб олиш ва қайта ишлаш, Қорақалпоғистон, Наманган вилояти ва бошқа ҳудудларда чорвачилик мажмуаларини, гўштни қайта ишлаш кластерини ташкил қилиш, енгил саноатда жун ва терини чуқур қайта ишлаш, шунингдек, фармацевтика, соғлиқни сақлаш ва бошқа кўплаб соҳалардаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш шулар жумласидан.
Саноат кооперациясини қўллаб-қувватлаш мақсадида ўзаро инвестицияларни ҳимоя қилиш ва солиққа тортиш принциплари бўйича асосий келишувлар тайёрланади ва қабул қилинади.
Барча иқтисодий масалаларни самарали ҳал қилиш ва лойиҳаларни тезлаштириш учун яқин фурсатда Тошкентда Бош вазирлар ўринбосарлари раислигидаги Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва Ишбилармонлар кенгашининг таъсис сессияси бўлиб ўтади.
Маданият, санъат, таълим, туризм, ёшлар ва спорт соҳаларида фаол алмашинувларни йўлга қўйишга келишиб олинди.
Бу борада алоҳида ҳамкорлик дастури тайёрланиб, келгуси йилда Тошкент ва Улан-Баторда ўзаро Маданият кунлари ўтказилади.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг етакчи олий таълим муассасаларида мўғулистонлик талабаларни ўқитишни қайта йўлга қўйишни таклиф қилганини маълум қилди.
Шунингдек, мамлакатлар яккакураш спортининг анъанавий турларини оммалаштириш, амалдаги визасиз тартиб шароитида сайёҳлар оқимини ошириш ҳамда иқлим ўзгаришига қарши курашиш масалалари бўйича ҳамкорлик қиладилар.
Келишувларни амалга ошириш мақсадида икки давлат ҳукуматларига комплекс “йўл харитаси”ни тайёрлаш ва унинг ўз вақтида бажарилишини назорат қилиш топширилди.
– Мўғулистон Президентининг Ўзбекистонга биринчи давлат ташрифи ҳақли равишда тарихий бўлди ва кўп қиррали ҳамкорликнинг янги босқичини бошлаб берди. Биргаликдаги катта ишларимизнинг биринчи амалий натижаларини тез фурсатда кўрамиз, деб ишонаман, – деди Ўзбекистон Президенти сўзининг якунида.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашув ўтказдилар.
Тадбирда Мўғулистоннинг MCS Investment, Mongol Basalt, Tavan Bogd Group, Asia Pharma, Khanbogd Cashmere, Erdenezoo Trans, ICT Group, ORDGEO, LBH Technology, NCD Group, Mega Wood, Modern Nomads каби етакчи компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
Ўзбекистон томонидан Basalt Uzbekistan, BMB Holding, New Way Industries, Panaev Farms, Ezel Central Asia, Azia Metall Prof, “Жиззах Жун”, Procab ва бошқа хусусий компаниялар қатнашди.
Таъкидлаш лозимки, ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган бундай форматдаги учрашув Мўғулистон билан илк бор ўтказилди.
Ўзбекистон Президенти мўғулистонлик етакчи ишбилармонларни ва уларнинг ўзбекистонлик шерикларини самимий қутлар экан, Мўғулистон Президентининг Ўзбекистонга илк давлат ташрифи икки томонлама ҳамкорлик тарихида муҳим аҳамият касб этишини яна бир бор алоҳида таъкидлади.
– Бу сизнинг Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйиш ва мустаҳкамлашга қаратилган қатъий интилишингизни ва алоҳида эътиборингизни яна бир бор тасдиқлайди, – деди мамлакатимиз раҳбари.
Бўлиб ўтган мазмунли ва конструктив музокаралар давомида икки томонлама ҳамкорликнинг барча жиҳатлари атрофлича кўриб чиқилгани, мавжуд захиралар таҳлил қилингани ва янги ўсиш нуқталари аниқлангани қайд этилди.
– Биз мавжуд салоҳият ва имкониятлардан деярли фойдаланмаётганимизни таъкидладик. Шу муносабат билан яқин йилларда ўзаро савдони, энг аввало, харидоргир маҳсулотлар номенклатураси ва ҳажмини кенгайтириш орқали каррасига ошириш вазифасини қўйдик, – деди Ўзбекистон Президенти.
Булар – Мўғулистонга озиқ-овқат, ўғитлар, дори-дармонлар, маиший техника, пластмасса ва резина, қурилиш материаллари, тайёр тўқимачилик ва пойабзал маҳсулотларини экспорт қилиш, шунингдек, юртимизга гўшт ва гўшт маҳсулотлари, тери, жун ва бошқа тайёр маҳсулотларни импорт қилиш.
Мамлакатимиз раҳбари мўғул компаниялари билан саноат кооперациясини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратди.
Икки давлат иқтисодиётининг бир-бирини самарали тўлдиришга қодир соҳаларида ўрта муддатли кооперация дастурини қабул қилиш бўйича келишувга эришилгани қайд этилди.
Бу, биринчи навбатда, геологик қидирув, бой хомашё ресурсларини ўзлаштириш ва қайта ишлаш соҳаларида ҳамкорлик ўрнатишни ўз ичига олади.
Мазкур стратегик соҳада биринчи йирик лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ таклифлар тайёрланади.
Томонлар хусусий бизнес ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлашга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Етакчилар қўшма Ишбилармонлар кенгашининг ташкил этилишини олқишладилар. Янги ташаббусларни ишлаб чиқиш учун яқинда унинг биринчи йиғилишини ўтказиш режалаштирилган.
Ташриф давомида ҳаво ва халқаро автомобиль алоқаси бўйича битимлар имзоланди, бу икки давлат ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш ва ишбилармонлик алмашинувларини фаоллаштириш учун мустаҳкам асос яратади.
Транспорт вазирларига юк ташиш харажатларини камайтириш бўйича таклифлар тайёрлаш топширилди.
Давлатимиз раҳбари Ўзбекистонда иқтисодиётни инновацион ривожлантириш, қонун устуворлиги ва хусусий мулк дахлсизлигини таъминлаш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва ЖСТга қўшилиш жараёнини фаоллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини алоҳида таъкидлади.
Президент Шавкат Мирзиёев мўғулистонлик ишбилармонларга юртимизда улар учун қулай шарт-шароитлар яратишга тайёр эканини айтди.
Ўз навбатида, Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух эришилган келишувлар ҳамда Ўзбекистонда инвесторлар ва тадбиркорлар учун яратилган шароитларни юқори баҳолаб, бизнес вакилларини фаол ҳамкорликка ва янги лойиҳалар бўйича аниқ келишувларга эришишга чақирди.
Фикр алмашиш чоғида Мўғулистон тадбиркорлари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий аҳамиятини ва мамлакатда яратилаётган қулай инвестициявий ва бизнес муҳитини юқори баҳоладилар.
Иқтисодиётнинг устувор тармоқларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ таклифлар берилди.
Олий даражадаги Ўзбекистон – Мўғулистон музокаралари якунлангач, Кўксарой қароргоҳида дарахт экиш маросими бўлиб ўтди.
Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Ухнаагийн Хурэлсух халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик, икки томонлама муносабатлар тарихида янги саҳифа очишга бўлган ўзаро интилиш рамзи сифатида Фахрий меҳмонлар хиёбонида дарахт экдилар.
Сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух биргаликда Тошкент шаҳридаги Технопаркка ташриф буюрдилар.
Ушбу замонавий инновацион мажмуа давлатимиз раҳбари ташаббуси билан саноат кооперациясини ривожлантириш ва юқори технологик маҳсулотлар ишлаб чиқариш мақсадида барпо этилган.
Бугунги кунда бу ерда 365 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри инвестициялар эвазига 16 та ишлаб чиқариш майдони жойлашган.
Мўғулистон Президентига Технопарк корхоналарида ишлаб чиқарилаётган кенг турдаги юқори технологик маҳсулотлар, шу жумладан, маиший техника, электрон ҳисоблагичлар, лифтлар, сув насослари, саноат кондиционерлари, совутиш ускуналари ва бошқалар намойиш этилди.
Таъкидлаш жоизки, етакчи хорижий брендлар остида ва улар назоратида ишлаб чиқарилаётган бу товарлар ички ва ташқи бозорларда катта талабга эга.
Президентлар икки мамлакат етакчи корхоналари ўртасида кооперацияни кенгайтириш ва илғор технологияларни жорий этиш бўйича ўзаро тажриба алмашиш муҳимлигини таъкидладилар.
Шу куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида давлат ташрифи билан мамлакатимизда бўлиб турган Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсух билан учрашув бўлиб ўтди.
Президент Ухнаагийн Хурэлсух Мўғулистоннинг Тошкент шаҳридаги илк элчихонасининг расмий очилиш маросимида ҳам иштирок этди.
Мўғулистон Президенти Ухнаагийн Хурэлсухнинг мамлакатимизга давлат ташрифи давом этмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 25.06.2024
- Кўришлар: 1547
- Чоп этиш