Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси биноси олдида буюк олим ва мутафаккир Абу Райҳон Беруний бюстининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда меҳмонлар Абу Райҳон Берунийнинг ҳаёти ва фаолияти, бебаҳо илмий мероси, дунё тамаддунидаги ўрни билан танишди. Ёдгорликнинг очилиши нафақат ўзбек олимини улуғлаш, балки Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида мустаҳкамланиб бораётган ҳамкорлик рамзи эканлиги ҳам қайд этилди.
Тадбирда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти Илмий кенгаши аъзоси Фредерик Старр буюк мутафаккирнинг дунё тамаддунига қўшган ҳиссаси тўғрисида маъруза қилди.
У Христофор Колумб Американи кашф этишдан 500 йил аввал айнан Абу Райҳон Беруний океан ортида қитъа борлиги ҳақидаги фаразни илгари сургани ҳақида сўзлаб берди.
Тадбир иштирокчилари ушбу бюст нафақат Ўзбекистоннинг буюк ўтмиши, балки ёрқин келажаги рамзи бўлиб хизмат қилиши мумкинлигини қайд этди:
- “Вашингтондаги бошқа мамлакатларнинг элчихоналаридан фарқли ўлароқ, Ўзбекистон элчихонаси олдида сиёсатчи ёки ҳарбий қўмондоннинг эмас, олимнинг бюсти ўрнатилган. Бу ўзига хос рамзий маънога эга бўлиб, мамлакатнинг кўп асрлик маданияти, оқилона сиёсати ва албатта ўзбек халқининг дунё илм-фанига қўшган улкан ҳиссасини акс эттиради”.
Азиза Алимова тайёрлади, ЎзА
- Қўшилди: 24.01.2024
- Кўришлар: 2159
- Чоп этиш