Президент Шавкат Мирзиёев 5 март куни Тошкент шаҳрида спорт таълими, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги янги замонавий объектлар, экологик вазиятни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.
Давлатимиз раҳбари дастлаб, Тошкент шаҳрида барпо этилган Баҳодир Жалолов ихтисослаштирилган бокс спорт мактабини бориб кўрди.
Олимпиада ва Осиё ўйинлари ғолиби, икки карра жаҳон ва уч карра Осиё чемпиони Баҳодир Жалолов Ўзбекистон спортининг байроқдори ҳисобланади. У кейинги йилларда профессионал боксда ҳам муваффақиятли қатнашиб келмоқда.
Юртимизда бундай чемпионлар фаолиятини тарғиб қилиш, уларнинг намунасида ёш спортчиларни тарбиялашга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 14 мартдаги қарорига мувофиқ, шундай яна бир маскан – Бокс бўйича Баҳодир Жалолов спорт маҳорати мактаби ташкил этилди.
Бу ерда халқаро даражадаги боксчиларни тайёрлаш, бунинг учун юқори малакали мураббий ва мутахассисларни жалб этиш, ўқув-машғулотларни халқаро стандартлар даражасида ташкил қилиш ҳамда илғор тажрибалар асосида унинг сифатини ошириб бориш йўлга қўйилмоқда.
Тўрт қаватли замонавий бинода бунинг учун барча шароит яратилган. Биринчи қаватда асосий спорт зали, сузиш ҳавзаси, тиббиёт хонаси ва ошхона бор. Иккинчи қаватда психология, хорижий тиллар, назарий машғулотлар, информатика ва ўқитувчилар хоналари, шунингдек, 45 ўринли меҳмонхона жойлашган. Учинчи ва тўртинчи қаватларда 235 ўринли ётоқхона, маънавият хонаси ташкил этилган. Шунингдек, бино ертўласида автотураргоҳ қурилган.
Бокс мактаби 175 ўринга мўлжалланган бўлиб, 5-11-синфларга ҳар йили 25 нафардан ўқувчи саралаб олинади. Илк иқтидорлар 2022 йилги ўқув йилида қабул қилинган ва бугунги кунда 50 нафар ўқувчи сабоқ олмоқда. Улар бутун мамлакатимиздан келган талабгорлар орасидан саралаб олинган.
Баҳодир Жалолов мактаби ўқувчилари 2023 йилда халқаро ва республика мусобақаларида 26 та олтин, 18 та кумуш, 15 та бронза медални қўлга киритган. Бу йил ҳам қатор турнирларда иштирок этиш режалаштирилган.
Мактаб бутун мамлакатимиз ёш боксчилари учун ўқув-машғулот базаси бўлади. Ёш истиқболли боксчиларни танлаш ва тарбиялаш бўйича бошқа спорт мактаблари ва марказлари билан ҳамкорлик қилиб боради.
Шу боис мактабда ёш спортчилар, соҳа мутасаддилари билан мулоқот бўлди. Мулоқотга видеоалоқа орқали ҳудудлар ҳам уланди.
– Биз бу йилни Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилдик. Ҳар доим ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, ёшларга керакли шароитларни яратаяпмиз. Уларнинг салоҳияти, интилиши кучли. Бокс бўйича дунёда етакчилар қаторидамиз. Бу салоҳиятни, иқтидорли ёшларимизни ривожлантириш мақсадида шу мактабни ташкил этдик. Энди Баҳодир Жалолов мактаби ўз йўналишида худди Президент мактабидек намунавий тизим бўлади. Бокс методологияси, диетологияси, тиббиёти, психологияси ҳудудлардаги спорт мактабларида ҳам ривожлантирилади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Вилоят ҳокимларига спорт федерациялари билан ҳамкорликни яхшилаш, ҳудудларда уларнинг ишига кўмаклашиш бўйича кўрсатмалар берилди. Ёшлар ўртасида спортни янада оммалаштириш, хусусан, уларни боксга жалб этиш, бунинг учун мактаб ва тўгаракларда шароитларни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Спорт гимнастикаси бўйича уч карра жаҳон чемпиони, жаҳон кубоги соҳиби Оксана Чусовитина – мамлакатимиз фахри. У саккизта Олимпиадада қатнашган ягона гимнастикачи сифатида Гиннеснинг рекордлар китобига киритилган.
Юртимизда шундай спортчининг бўлиши болалар учун намуна, далда. Президентимизнинг 2022 йил 14 мартдаги Оксана Чусовитина ихтисослаштирилган гимнастика спорт мактабини ташкил этиш тўғрисидаги қарори спортсевар ёшларга катта шароит яратди.
Давлатимиз раҳбари ушбу спорт мактабига ташриф буюриб, бу ердаги шароитларни ва машғулотларни кўздан кечирди.
Муассаса миллий терма жамоалар учун халқаро даражадаги спортчиларни тайёрлаш, юқори малакали мураббий ва мутахассисларни жалб этиб, ўқув-машғулот жараёнини халқаро стандартлар даражасида ташкил қилиш, мураббийлар ва гимнастикачилар маҳоратини мунтазам ошириб боришга йўналтирилган. Бунинг учун уч қаватли замонавий бинода барча шароит яратилган.
Биринчи қаватда асосий зал ва машғулотлар зали, тренажёр майдончаси, тиббиёт хонаси ва ошхона жойлашган. Тепа қаватлардан 165 ўринли ётоқхона, меҳмонхона, информатика ва маънавият хоналари ўрин олган. Мактаб Германиядан келтирилган спорт анжомлари ва жиҳозлари билан таъминланган.
Гимнастика мактаби 5-11-синфлардаги 105 нафар ўқувчига мўлжалланган. Бугунги кунда 91 нафар ўғил-қиз маҳоратини оширмоқда. Уларга иккита хорижий тил ҳам ўргатилади.
Чусовитина издошлари ўтган йили спорт гимнастикаси ва бадиий гимнастика бўйича халқаро мусобақаларда 4 та, республика турнирларида 6 та ва спорт мактаблари ўртасида 24 та медални қўлга киритган.
Муҳими шундаки, гимнастикачи ёшлар бир жойнинг ўзида яшаб, таълим олиб, машғулотлар ўтказади. Умуман олганда, бу спорт мактаби гимнастикачилар учун республикада ягона ўқув-машғулот базасига айланади.
Шу ерда спорт соҳаси мутасаддилари ҳамда видеоалоқа орқали ҳудудлар раҳбарлари иштирокида мулоқот бўлди.
– Нима учун биз бу йўналишга катта эътибор бериб, мактаблар яратаяпмиз? Гимнастика – ҳамма спорт турларининг асоси. Футболчи ҳам, боксчи ҳам, соғлом бўламан деган инсон ҳам гимнастика қилиши керак. Иқтисодиётни ривожлантириш, ёшларга таълим бериш билан бирга уларни спорт билан шуғуллантиролсак, юртимизда соғлом зурриёд, соғлом миллат бўлади, – деди Президент.
Ушбу мақсадда гимнастикани болалар боғчаларидан кенг жорий қилиш, қобилиятли спортчиларни саралашни шу босқичдан бошлаш, ҳар бир ҳудудда иккитадан гимнастика мактаби ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Жорий йил Францияда бўладиган Олимпия ўйинларида қатнашадиган спортчи ва уларнинг мураббийларига алоҳида шароит яратиш, муносиб тайёргарлик кўришини таъминлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев экологик вазиятни яхшилаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан танишди.
Сўнгги вақтларда экологик муаммолар, айниқса, ҳаво тозалиги кенг жамоатчиликни ташвишга солмоқда. Экологик хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган автотранспорт воситаларидан чиқаётган зарарли газлар ва йўллардаги тирбандликлар бунинг асосий сабабларидан биридир. Шу боис давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан экологик вазиятни яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирлар кўрилмоқда.
Жумладан, автотранспорт воситаларининг зарарли ташланмалари билан боғлиқ экологик муаммоларни бартараф этиш мақсадида Тошкент шаҳри Миробод тумани Файзобод маҳалласида жойлашган Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасининг рўйхатдан ўтказиш ва имтиҳон олиш бўлими мутлақо янги услубда ишловчи замонавий диагностика марказига айлантирилди.
Давлатимиз раҳбари марказ фаолияти билан танишди.
Марказ фаолиятини ташкил этишда Германия, Бельгия, Франция каби ривожланган мамлакатлар шаҳарларининг экологик муҳитини муҳофаза қилиш соҳасидаги илғор тажриба инобатга олинган.
Бу ерда транспорт воситаларига давлат рақам белгиси бириктириш ва қайд этиш гувоҳномасини топшириш жараёни турли бюрократик тўсиқлар ва оворагарчиликдан холи қилинган, инсон омили минимал даражага туширилган. Аввал автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш жараёни олти-етти босқичда амалга оширилган бўлса, ҳозирда босқичлар сони учтага қисқарди.
Асосийси, эндиликда марказда автомобилдан чиқаётган зарарли моддалар миқдори текширилади ва экологик текширув натижасидан келиб чиқиб RFID чип ўрнатилган «қизил», «сариқ» ёки «яшил» ёрлиқ (стикер) машинанинг олд ойнасига ёпиштирилади.
Келгусида жорий экологик вазиятдан келиб чиқиб, шаҳар ҳудуди бир нечта экологик зоналарга ажратилади ва транспорт воситаларининг ҳавога чиқараётган зарарли моддалари даражасига кўра, яъни стикер рангига қараб, айрим экологик зоналарга киришни босқичма-босқич чеклаш таклиф этилмоқда. Бунда экологик зоналарга рухсат этилмаган транспорт воситаларининг кириши автоматлаштирилган ҳолда назорат қилинади. Қоидабузарлик натижасида келиб тушаётган жарималар ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш бўйича чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади.
Тизим тўлақонли ишлаши учун мамлакат бўйлаб 100 га яқин ҳавони мониторинг қилиш автоматик станциялари ўрнатилиши, транспорт воситаларининг атмосферага чиқараётган зарари даражасини баҳолаш учун 84 та рўйхатга олиш-диагностика марказларини, шунингдек, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг 216 та ҳудудий туман бўлинмаларини замонавий диагностика ускуналари билан жиҳозлаш режалаштирилмоқда.
Ўз навбатида аҳоли учун электромобилларни харид қилишни рағбатлантириш, шу жумладан, бундай тоифадаги автомобиллар учун давлат рақамларини беришда ундириладиган тўлов миқдорларини камайтириш юзасидан аниқ амалий чоралар кўрилади.
Автотранспорт воситаларини рўйхатга олиш ва диагностика марказига ташриф чоғида Президент Шавкат Мирзиёевга Тошкент шаҳридаги гавжум чорраҳалар ва кўчаларни тартибга солиш, бу орқали тирбандликларни бартараф этишга оид лойиҳа тақдимот қилинди.
Лойиҳа ўз олдига учта асосий вазифа қўйган – пиёдалар хавфсизлиги ва қулайлиги, жамоат транспортига устуворлик, ўтказиш қобилиятини ошириш ва йўл-транспорт ҳодисалари сонини камайтириш.
Мазкур лойиҳа синов тариқасида Тошкент шаҳридаги йирик чорраҳада – Бобур ва Фурқат кўчалари кесишмасида амалга оширилди.
Пиёдалар учун чорраҳаларда “хавфсизлик оролчалари” бунёд этилди, пиёдалар ўтиш жойида светофорни бошқариш ускуналари ўрнатилди. Жамоат транспорти бекатлари йўловчилар учун тушиб чиқишга қулай тарзда қайта лойиҳалаштирилди.
Шунингдек, чорраҳаларга давомийлиги оқимга қараб мослашадиган интеллектуал светофорлар тизими ташкил этилди.
Бу каби лойиҳалар натижасида чорраҳаларнинг ўтказиш қобилияти сезиларли даражада ошиб, тирбандликлар камаяди, жамоат транспорти янада самарали бўлади.
Президентимиз бу ишларни кенгайтириш, “шаҳар – пиёдалар учун” тамойилини тўлиқ рўёбга чиқариш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Tashkent City Mall савдо-кўнгилочар марказига ҳам борди.
Мажмуа кўп функцияли бўлиб, замонавий тижорат ва хизмат турларини қамраб олган. 5 қаватда савдо дўконлари, ресторан ва кафелар, кўнгилочар ўйинлар ва спорт майдонлари жойлашган. Ер остида 2 қаватли автотураргоҳ бор.
Марказда дунёнинг энг олди брендлари шохобчаларини очган. Улар орасида биринчи марта Ўзбекистон бозорига кириб келаётганлари ҳам талайгина.
Улкан майдонда болалар ва катталар учун ёпиқ ўйингоҳлар мавжуд. Шунингдек, 14 та кинотеатр ташкил этилган. Бир сўз билан айтганда, бу ерда одамлар харид қилиши, дам олиши, спорт билан шуғулланиб, вақтини чоғ ўтказиши учун барча шароит яратилган.
Мажмуа бир кунда 60 минг кишига хизмат кўрсатиш қувватига эга. Унда 3 мингдан зиёд киши иш билан таъминланади.
Президент бу ерга келган одамлар билан суҳбатлашди.
Давлатимиз раҳбари мазкур мажмуанинг бир қисми бўлган беш юлдузли меҳмонхонада яратилаётган шароитлар билан ҳам танишди.
31 қаватли бу меҳмонхона бир вақтнинг ўзида 500 кишига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. Унда юқори мартабали меҳмонлар учун шароитлар, 273 та стандарт хона ташкил этилади.
Шунингдек, катта ва кичик конференция заллари, очиқ ва ёпиқ сузиш ҳавзалари, ресторан ва кафетерия хизмат кўрсатади. Бинода замон талабига мос “Ақлли уй” тизими ҳамда тезюрар лифтлар ўрнатилган.
Меҳмонхона май ойида ишга туширилиши режалаштирилган. Бу ерда яна 500 киши доимий иш ўрнига эга бўлади.
Халқимизга замонавий хизматлар тақдим этадиган бундай марказларни мамлакатимизнинг бошқа шаҳарларида ҳам барпо этиш муҳимлиги айтилди.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбирлари
- Қўшилди: 06.03.2024
- Кўришлар: 1937
- Чоп этиш