Ўтган йил Озарбайжонда бўлиб ўтган халқаро астронавтика йиғилишида “Ўзбеккосмос” агентлиги Халқаро астронавтика федерациясига тўла ҳуқуқли аъзо сифатида қўшилган эди.
Жорий йилда эса Италиянинг Милан шаҳри навбатдаги 75–Халқаро астронавтика конгрессига мезбонлик қилди. Мазкур глобал форумда 120 та давлатдан космик агентликлар ва халқаро ташкилотлар, илмий-таълим марказлари раҳбарлари, жаҳон космик ҳамжамияти вакилларидан иборат 11 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашди. Бу йилги тадбир “Барқарор ривожланиш учун масъулиятли макон” мавзуси остида ўтказилди.
Конгрессда “Ўзбеккосмос” агентлиги вакиллари ҳам иштирок этиб, тематик ялпи мажлислар, информатив маърузалар, интерфаол семинар ва махсус сессиялар каби муҳим тадбирларда фаол қатнашди.
Аҳамиятли жиҳати, Ўзбекистон делегацияси аъзолари Халқаро астронавтика федерацияси лидерлари саммитида махсус баёнот билан иштирок этди. Қолаверса, “Ўзбеккосмос” агентлиги экспертлари ер юзасидаги ўзгаришлар динамикасини аниқлаш ва кузатиш мақсадида ишлаб чиқилган “Ерни масофадан зондлашнинг инновацион усуллари” номли илмий маърузаларини тақдимот қилди.
Шунингдек, форум доирасида агентлик вакиллари Халқаро астронавтика федерацияси, Интерспутник халқаро ташкилоти ва шу каби қатор йирик хорижий агентликлар раҳбарлари билан 30 дан зиёд манфаатли учрашувлар ўтказди. Энг муҳими, роботлаштирилган космик аппаратлар ва бошқа технологиялар ёрдамида Ойни тадқиқ қилишга ихтисослашган Ispace (Япония) компанияси билан ўзаро англашув меморандуми имзоланди.
Ҳамкорликнинг янги босқичини очиб берган мазкур глобал форумда бир қанча космик агентликлар ва хусусий компаниялар космик лойиҳаларни амалга ошириш борасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш бўйича ўзаро фикр алмашди.
Шу билан бирга, “Ўзбеккосмос” агентлиги вакиллари Озарбайжон космик агентлиги билан ерни масофадан зондлаш миллий космик тизимини яратиш бўйича муҳим тавсиялар ва ўзаро манфаатли таклифларни ҳам ўрганди.
Н.Раҳмонова,
ЎзА
- Қўшилди: 24.10.2024
- Кўришлар: 503
- Чоп этиш