Халқаро ҳуқуқ ва Ҳаракатлар стратегияси: сўз эркинлиги ҳимоясида

(Иккинчи мақола)

 

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28 йиллигига

Сўз эркинлиги – авваламбор, ҳар бир фуқаронинг шахсий ҳуқуқи, ахборот эркинлиги – бу ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқидир.

Академик Акмал Саидов қайд этганидек, "Ҳозирги кунда инсон ҳуқуқлари глобал ҳуқуққа айланди. Биз матбуот эркинлигини 3 даражада кўришимиз керак: давлат даражасида (миллий); ҳар бир минтақа даражасида; глобал даражада (универсал)".

Мамлакатимиз мустақилликка эришганидан сўнг қўшилган дастлабки халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири бўлган Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида мустаҳкамланган асосий тамойиллар Ўзбекистон Конституциясида ўзининг тўла ифодасини топган.

Декларациянинг 19-моддасида қайд этилган фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳамда ҳар кимнинг ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эгалиги шулар жумласига киради.

Конституциямиздаги “Омавий ахборот воситалари” номли боб битта моддадан иборат. Ушбу 67-моддада қуйидаги нормалар ўз аксини топган: “Оммавий ахборот воситалари эркиндир ва қонунга мувофиқ ишлайди. Улар ахборотнинг тўғрилиги учун белгиланган тартибда жавобгардирлар. Цензурага йўл қўйилмайди”.

Ўзбекистонда журналистлик фаолиятининг ҳуқуқий асослари ва кафолатлари аввало худди шу конституциявий нормалар билан мустаҳкамланган. Шу асосда ўтган даврда Конституциямиздаги тегишли моддалар ҳамда соҳага тааллуқли бир қатор қонун ҳужжатлари мажмуидан иборат оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий асос вужудга келди.

Кейинги даврда бу борада ўндан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Айниқса, 2018 йил 18 апрелда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, жумладан, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида», «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида» ҳамда «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилгани катта аҳамиятга эга бўлди.

Бу янгиланишлар биринчи навбатда халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар, хориж тажрибаси ҳамда миллий амалиётдан келиб чиққан ҳолда оммавий ахборот воситалари фаолиятининг эркинлигини янада кенг кафолатлайди.

Президентимизнинг ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва 2017 йил 7 февралда тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни шиддатли ва изчил амалга оширишнинг тўртинчи йили ҳам якунига етмоқда.

Мамлакатимиз янги тараққиёт босқичига кўтарилаётган, очиқлик ва ошкоралик, сўз ва фикр эркинлиги ҳаётимиз мезонига айланиб бораётган ҳозирги даврда оммавий ахборот воситалари зиммасидаги масъулият янада кучаймоқда.

Энг муҳими, ўтган қисқа давр ахборот соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва ривожлантириш борасида улкан янгиланишлар даври бўлди.

Давлат раҳбари илгари сурган «Инсон манфаати ҳамма нарсадан устун» ғоясининг мазмун-моҳияти ва Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалар талабидан келиб чиқиб, амалдаги қонун ҳужжатлари янада такомиллаштирилгани ҳам бу фикримизни яққол тасдиқлайди.

Ғулом Мирзо

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech