Ўтган 2023 йил давомида дунёнинг иқтисодиёти ривожланган давлатларидан Ўзбекистондан ишчи кучини жалб қилиш бўйича иш берувчи ва рекрутинг агентликлари билан 118 та шартнома имзоланишига эришилган. Мазкур иш берувчи ва рекрутинг агентликларининг 100 мингдан ортиқ бўш иш ўрни аниқланиб, 60 мингдан ортиқ бўш иш ўрнига талабнома олинган.
Чет элда ишлаш истаги бўлган ўзбекистонлик фуқароларнинг 62 фоизи ривожланган ва иш ҳақи юқори бўлган давлатларга жалб қилинган. Илк бор 2 минг нафарга яқин фуқаро Буюк Британияга, 500 нафарга яқин фуқаро Германияга юборилган. Жанубий Кореяга юборилган фуқаролар сони 1,5 бараварга кўпайтирилиб, 4 минг 900 нафарга етказилган.
Хорижда ишлаш истагидаги юртдошларимизни кетишдан олдин чет тили ва касбларга тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Япониянинг “Prometric” билимни баҳолаш ташкилоти, инглиз тили бўйича билимни баҳоловчи бир нечта тизим, Германиянинг “ÖsD” билимни баҳолаш маркази, корейс тили ва маданиятини ўргатишга ихтисослашган “Қирол Сежонг” ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилган.
АОКАда ўтказилган брифингда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ахборот хизмати раҳбари Ортиқхўжа Норовнинг маълум қилишича, бугунги кунда Германия, Чехия, Венгрия, Япония, Россия, Латвия, Литва, Болгария, Польша каби давлатларга тиббиёт, ҳайдовчилик, қурилиш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишнинг турли соҳаларида бўш иш ўринлари таклиф этилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА
- Қўшилди: 18.01.2024
- Кўришлар: 4938
- Чоп этиш