"Бугун биз сизлар билан биргаликда янги Ўзбекистонни барпо этмоқдамиз. Янги ҳаёт, беқиёс ўзгаришлар ҳаммамиздан фидойилик ва бунёдкорликни, янада катта сафарбарликни талаб этмоқда. Бу жараёнда тинчлик ва осойишталикни асраш, жаҳон ҳамжамияти, аввало, қўшни давлатлар билан дўстлик ва ҳамкорликни кучайтиришни биз энг муҳим вазифамиз деб биламиз".
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев буюк Ғалабанинг 75 йиллиги ҳамда Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида шу фикрларни алоҳида таъкидлади. Бу давлатимиз раҳбарининг ҳар биримизга, бутун халқимизга қаратилган чақириғидир.
Бу ҳақда фикр юритганда, авваламбор, 9 май куни мамлакатимизда кенг нишонланган Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги таассуротларига тўхталиш лозим. Чунки бу галги байрамнинг олдинги йиллардагидан фарқли ва ўзига хос бир қатор хусусиятлари алоҳида аҳамиятга эга.
Авваламбор, байрам тадбирлари биринчи маротаба азим пойтахтимизнинг Хотира майдонида эмас, балки Буюк Ғалабанинг 75 йиллиги шарафига бунёд этилган янги муаззам маскан – Ғалаба боғида бўлиб ўтди. Миллат Сардори таъбири билан айтганда, "бу бетакрор мажмуа қаҳрамон халқимизга муносиб бўлиб, ҳам меъморий жиҳатдан, ҳам тарихий-маънавий жиҳатдан ғоят ноёб ва маҳобатли обида бўлиб қад ростлади".
Мамлакатимиз раҳбари бундан роппа-роса бир йил муқаддам Тошкент шаҳрида муҳташам Ғалаба боғини барпо этиш ташаббусини илгари сурганди. Қисқа муддатда 12 гектарлик улкан майдонда жуда катта ҳажмдаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга оширилди.
Халқимизнинг бунёдкорлик салоҳияти билан ушбу бетакрор мажмуани қуришдек эзгу ташаббус замирида Ўзбекистон халқининг жанг майдонларида ва фронт ортида кўрсатган беқиёс жасорати ва матонатини тарих саҳифаларига муҳрлаш, ёш авлодимизни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш мақсади мужассам. Бундай улуғвор мақсадни рўёбга чиқариш учун Президентимиз Ғалаба боғининг ташаббускори, муаллифи ва бош бунёдкори бўлиб майдонга чиқди.
Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги тантаналари мисолида машъум уруш замонидан қанчалик узоқлашсак, унинг моҳиятини англаш жараёнлари шунчалик чуқурлашиб боришига амин бўлдик. Янги Ўзбекистонда тарихий адолатни том маънода қарор топтиришда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жасорати ва матонати алоҳида эътирофга сазовор.
Бинобарин, инсоният тарихидаги энг даҳшатли қирғин – Иккинчи жаҳон уруши дунё тарихининг узвий қисми ҳисобланади. Шундай экан, тарихга айланган ўша кунларни унутишга асло ҳаққимиз йўқ. Халқаро ҳамжамиятнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида Ўзбекистон давлати, ўзбек халқи фашизмга қарши курашган жасур фарзандларининг буюк қаҳрамонликларини ҳамиша ёдда сақлайди.
Байрам арафасида нафақат улуғвор бунёдкорлик ишлари амалга оширилди, балки Ўзбекистон халқининг Ғалабага қўшган ҳиссасини янада чуқурроқ ўрганиш борасида ҳам муҳим натижалар қўлга киритилди. Президентимизнинг кўрсатмалари асосида бу борада оз фурсатда катта илмий тадқиқотлар қилинди.
Илгари ёпиқ бўлган тарихий ҳужжатларгача батафсил ўрганиб чиқилди. Чет эллардаги архив ташкилотлари, музейлар, олимлар билан ҳамкорлик натижасида қаҳрамон аждодларимиз ҳақида янги маълумотлар қўлга киритилди.
Биргина мисол: шу вақтга қадар Иккинчи жаҳон урушида Ўзбекистондан 1 миллион 500 мингга яқин киши иштирок этган, деб ҳисобланар эди. Янги топилган маълумотларга кўра, 1 миллион 951 мингга яқин киши урушга сафарбар этилгани аниқланди. Шунингдек, 200 мингдан зиёд аскар ва офицерларимиз жанговар давлат мукофотлари билан тақдирлангани ҳужжатлар орқали ўз тасдиғини топди.
Юртдошларимизнинг фронт ортида кўрсатган беқиёс жасорати ва матонати чуқур ўрганилди. Бинобарин, ўшанда юртимизда қолган аёллар, кексалар, ёш болалар ҳам чинакам қаҳрамонлик кўрсатганлар. Етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган барча одам ҳаловатдан воз кечиб, тинимсиз меҳнат қилган. Республикамиздан жанг майдонларига самолёт ва танклар, қурол-яроғ, улкан миқдорда озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа маҳсулотлар етказиб турилган.
Янги аниқланган маълумотларга кўра, ўша оловли йилларда минглаб уруш қатнашчилари Ўзбекистонда ташкил этилган ҳарбий госпиталларда даволанган. Уруш ўчоғига айланган ўлкалардан юртимизга 1 миллион 500 минг киши, жумладан, 250 мингдан зиёд бола эвакуация қилинган. Халқимиз уларга ўз уйидан жой бериб, сўнгги бурда нонини ҳам баҳам кўрган.
Коронавирус пандемияси билан боғлиқ эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда, Ғалаба боғидаги амфитеатрда 9 май – Хотира ва қадрлаш кунига бағишланган байрам тадбири видеоконференцалоқа шаклида ўтказилди. Расмий маросимда онлайн тарзда иштирок этиш учун Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар марказларида уруш ва меҳнат фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар жам бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Иккинчи жаҳон урушида қозонилган Ғалабанинг 75 йиллиги билан барча фахрийларни, бутун халқимизни табриклади. Тадбир Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказлари, ҳарбий округлардаги байрам иштирокчиларига намойиш қилинди. Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси, Андижон, Бухоро, Сирдарё ва бошқа вилоятлар ҳокимлари билан видеоалоқа тизими орқали мулоқот қилди.
Давлатимиз раҳбари байрам тадбирига келган уруш ва меҳнат фахрийларининг ҳар бири билан саломлашиб, ҳол-аҳвол сўради. Уларга сиҳат-саломатлик, узоқ умр тилади. Нуронийлар юртимизга тинчлик-осойишталик, элимизга фаровонлик тилаб дуолар қилди.
Карантин туфайли уруш ва меҳнат фахрийларининг аксарияти бу йилги байрамни ўз уйларида нишонлади. Улар телевидение орқали тантаналарни тўғридан-тўғри кузатиб борди. Бошқача айтганда, коронавирус балоси халқимизнинг аҳиллиги, бирлиги ва ҳамжиҳатлигига шу борада ҳам панд бера олмади. Байрам тантаналари онлайн мақомида янада кенг кўлам ва улкан миқёс касб этди.
Шундай кезларда бутун дунё учун оғир келган 2020 йилда халқимиз ҳам фавқулодда оғир, ташвишли ва синовли кунлар гирдобида қолгани беихтиёр хаёлдан ўтаверади.
Зотан, бутун дунё халқлари бошига ёғилган коронавирусдек кўринмас бало таъсиридан Ўзбекистон ҳам четда қолмади. Бугунги кунда инсоният дуч келган пандемия, Президент Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, "ўзининг кўлами ва миқёсига кўра, мислсиз глобал инқирозга, бутун башарият тақдири ва жаҳон иқтисодиёти учун ғоят жиддий синовга айланди”.
Давлатимиз раҳбарининг саъй-ҳаракати билан бу борада шошилинч ва муҳим чора-тадбирлар кўрилди. Карантин тартиби жорий этилиб, фуқароларимиз саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида хориждаги юртдошларимиз бирин-кетин Ватанга қайтарила бошланди. Коронавирус хасталигига чалинган ҳамда касалликда гумон қилинган фуқароларимизни даволаш, карантинда сақлашдек умумхалқ ҳаракати кенг қулоч ёйди.
Бу ҳақда сўз борганда, жорий йилнинг 7 май куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистон Президенти томонидан мамлакатимизда коронавирус билан боғлиқ вазият яхшиланиб, ижобий томонга ўзгариб бориши билан, ҳудудларни тоифага ажратишни туман ва шаҳарлар даражасида белгилаш таъкидланганига эътибор қаратиш лозим бўлади.
Шу муносабат билан Республика махсус комиссиясининг 2020 йил 8 майдаги йиғилиши баёнига мувофиқ, Республикада коронавирус инфекцияси тарқалиш ҳолатининг ҳудудлар кесимидаги таҳлили, касаллик аниқланган беморларнинг даволаниш, яъни соғайиш динамикаси ҳолатидан келиб чиққан ҳолда, республика ҳудудлари жорий йилнинг 11 майидан эътиборан туман ва шаҳарлар даражасида тоифаларга ажратилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, бошқа халқаро ташкилотлар раҳбарлари, чет давлатларнинг нуфузли ва халқаро миқёсда тан олинган шифокорлари, олимлари, экспертлари ва мутахассислари Ўзбекистонда коронавирусга қарши амалга оширилаётган тизимли ва комплекс чора-тадбирларни юксак баҳоламоқда.
Ушбу чора-тадбирлар ўтган давр мобайнида Президентнинг 10 дан зиёд фармон ва қарорларида, Ўзбекистон халқига учта мурожаатида, шунингдек, пандемияга қарши курашиш, аҳолининг ижтимоий ҳамда тиббий ҳимоясини мустаҳкамлаш ва бошқа масалаларга бағишланган 20 дан ортиқ учрашув, видеоселектор йиғилишларида белгилаб берилди. Улар бўйича 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Энг асосийси, ушбу чора-тадбирларнинг барчаси ушбу оғир ҳамда масъулиятли даврда ҳеч ким, ҳеч бир оила давлат ва жамиятнинг эътибори, ғамхўрлигидан четда қолмаслиги, оддий одамлар фаровонлиги таъминланиши керак, деган ғояга асосланади.
Биринчидан, бутун мамлакат бўйлаб қатъий карантин тизими жорий этилди. Қисқа муддат ичида Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Қонунчиликдаги бу ўзгаришлар санитария қонунчилигини ёки эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтиришга, шунингдек, карантин ва одамлар учун хавфли бўлган бошқа инфекцияларнинг тарқалиши тўғрисида нотўғри маълумот тарқатишга қарши қаратилган.
Иккинчидан, коронавирусга қарши самарали курашиш учун республиканинг барча ҳудудларида ихтисослаштирилган тиббиёт муассасалари ва карантин зоналари ташкил этилди.
Учинчидан, таълим тизимининг узлуксизлигини таъминлаш учун барча ўрта, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари ўз фаолиятини масофадан туриб Интернет орқали амалга оширмоқда.
Тўртинчидан, аҳоли узлуксиз равишда озиқ-овқат, дори-дармон ва зарур тиббий буюмлар, бошқа ҳаётий зарур товарлар билан таъминланмоқда. Ногиронларга, кам таъминланган ва аҳолининг ҳимояга муҳтож қатламларига бепул манзилли ёрдам кўрсатадиган тизим шакллантирилди. Шу билан бирга, ушбу жараёнда нодавлат ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари, кенг жамоатчилик фаол иштирок этмоқда.
Бешинчидан, иқтисодиётнинг барча соҳалари ва тармоқларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш учун аниқ механизмлар (хусусан, Инқирозга қарши жамғарма) шакллантирилди. Тадбиркорларга банк кредитлари бўйича фоизларни "музлатиш" имконияти ва солиқ таътиллари берилди. Импорт қилинадиган товарларга солиқ ставкалари ва божхона тўловлари сезиларли даражада пасайтирилди.
Умуман олганда, халқаро тузилмалар раҳбарлари, хорижий экспертлар, мутахассислар Ўзбекистонда инсон, унинг ҳаёти, ҳуқуқ ва эркинликлари энг олий қадрият эканини таъкидламоқда. Мамлакатимизда амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши самарали курашиш, республика фуқароларининг муносиб ҳаётини таъминлаш, инфекция тарқалишини назорат қилиш, энг муҳими, минглаб фуқаролар ҳаётини сақлаб қолиш, инқироздан кейинги тикланиш ва мамлакат иқтисодиёти ва ижтимоий соҳанинг барқарор ривожланишига ёрдам беради.
Шубҳасиз, Ўзбекистон тажрибаси пандемияга қарши курашда муҳим аҳамият касб этиб, бошқа давлатлар учун ёрқин намуна вазифасини ўтайди.
Мамлакатимизда коронавирус инфекциясининг тарқалишига қарши самарали курашишнинг сири нимада?
Фикримизча, бунинг замирида:
биринчидан, Президентимизнинг иқтисодиёт, бизнес, соғлиқни сақлаш, хавфсизлик ҳамда ҳаёт учун зарур бошқа муҳим соҳаларда ўз вақтида қабул қилган барча чора-тадбирлари;
иккинчидан, Ҳукуматнинг тезкор ва таъсирчан муносабати;
учинчидан, миллий ҳамжиҳатлигимиз, халқимизнинг аҳиллиги, покизакорлиги ва интизомпарварлиги мужассамдир.
Буни қарангки, ташвиш ҳам, қувонч ҳам қўша-қўша деганлари тўғри экан. Жорий йилниинг 27 апрелида юртимизга Туркманистон ҳудудидан кириб келган кучли шамол Бухоро, Навоий, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларига жиддий талафот етказди. Шамол оқибатида, айниқса, Бухорода бир неча фуқаро жароҳатланди, бир киши ҳалок бўлди, кўплаб уй-жойлар, автотранспорт воситалари, инфратузилма объектлари ва экин майдонларига зарар етди.
Президентимиз ўша куниёқ фожиа юз берган ҳудуддаги ҳолат билан яқиндан танишиб, зарур чора-тадбирлар кўриш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди. Табиий офатдан жабр кўрган фуқаролар билан юзма-юз кўришиб, ҳол-аҳвол сўраб, одамларнинг руҳиятини кўтарди.
Шу йил 1 май куни эса Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омборидан сув чиқиши натижасида Сардоба туманидаги қатор қишлоқлар сув тошқинида қолди. Президентимиз дарҳол фавқулодда вазият юз берган Сирдарё вилоятига етиб борди. Сув тошқини натижасида зарар кўрган маҳаллаларни кўздан кечирди, одамлар билан дилдан суҳбатлашди. Бир неча кун ўша ҳудудда қолиб, талафотларни бартараф этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берди.
Ана шу учта ҳодиса – коронавирус, кучли шамол ва сув тошқини барча юртдошларимизни жиддий ташвишга солди, албатта. Айни чоғда, ҳаммамиздан ҳам кўпроқ Президентимиз қайғургани ҳам бор гап.
Пандемия, табиий офат ва фавқулодда ҳодисанинг салбий оқибатларини бартараф этишда Миллат Сардори 34 миллион нуфуслик улуғ халқимиз ва бебаҳо Ватаннинг эртанги тақдири учун масъулликни чуқур ҳис этган ҳолда ёндашди. Таъбир жоиз бўлса, бу синовларни енгиб ўтишда бутун ақлу заковати, азму шижоати, имону иродаси, илму тафаккури, бор имкону салоҳиятини ишга солди.
Эл-юрт бошига синовли кунлар тушган дамларда давлатимиз раҳбари ёшу кекса барчамизга жасорат, матонат ва фидойилик бобида ўрнак бўлди. Шу маънода, ҳар биримиз тинч ҳаётимизда дуч келаётган синовларни енгиб ўтишда ҳамиша сабрли ва чидамли, жасоратли ва матонатли, билимли ва савияли, ғурурли ва ор-номусли, ватанпарвар ва халқсевар бўлишимиз лозим.
Бу борада уруш даврида инсон зоти чидолмайдиган азоб-уқубатлар, ғам-кулфатлар, чексиз йўқотишларга бардош берган ва қўли доим баланд келган аждодларимизнинг мустаҳкам иродаси бизларга – ибрат, пок руҳлари эса мадад бўлсин. Зеро, бугун янги Ўзбекистон бағрида Ғалаба боғи, «Матонат мадҳияси» ва «Мангу жасорат» монументлари, «Шон-шараф» музейи ва «Кўз ёши» мажмуаси каби муҳташам бунёдкорлик иншоотлари – жасорат ва матонат, адолат ва огоҳлик, меҳрибонлик ва садоқат тантанасининг муаззам тимсоллари қад ростлагани бежиз эмас.
Aкмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
("Куч - адолатда" газетасининг
2020 йил 15 май сонида эълон қилинган)
- Қўшилди: 15.05.2020
- Кўришлар: 4251
- Чоп этиш