Янгиланган Конституция орқали Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг конституциявий асослари янада мустаҳкамланди.
Ушбу асосларни ҳаётга татбиқ этиш йўлида амалга оширилаётган ишлар ҳақида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети “Халқаро ҳуқуқ ва давлат ҳуқуқи фанлари” кафедраси доценти, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD) Зарина Исроилова ўз фикрлари билан ўртоқлашди:
– Янги таҳрирдаги Конституция қабул қилиниши амалга оширилаётган ислоҳотлар халқимиз томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланаётганидан далолат берди.
Шу билан бирга, ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш мақсадида “Ўзбекистон – 2030” стратегияси қабул қилинди.
Президентимизнинг 2023 йил 11 сентябрдаги фармони билан тасдиқланган Cтратегияда барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш белгиланган. Аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш, аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш, халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш, мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш каби масалалар қамраб олинди.
Энг муҳими, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясини амалга ошириш ва унинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш барча давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида энг устувор вазифа этиб белгиланди. Бу бўйича уларнинг биринчи раҳбарларига шахсий масъулият юкланди.
Стратегияда Янги Ўзбекистонни барпо этишда Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партиялар ролини янада оширишга эътибор қаратилди. Боиси, парламент халқ вакиллигининг олий органи бўлиб, унинг роли оширилиши аҳоли манфаатларини таъминлашда муҳим ўрин тутади. Партияларнинг асосий вазифаси ҳам одамлар талабларини илгари суриш, уларни амалга ошириш йўлида ҳаракат қилишдир.
Стратегия доирасида парламент ва унинг органлари иш жараёнларини рақамли трансформация қилиш, шу жумладан, улар томонидан қарорлар қабул қилиш ва эълон қилиш жараёнлари юз фоиз рақамлаштирилади.
Сайловчилар билан электрон мулоқот қилиш, депутат сўровини электрон тарзда юбориш ва назорат қилиш имконияти таъминланади.
Қонунчиликка оид таклифларни киритиш ва кўриб чиқиш тартиби жорий қилинади.
Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш мақсадида вакиллик органларига сайловнинг аралаш (мажоритар-пропорционал) тизими жорий қилинади.
Бу борадаги вазифалар ижроси доирасида 2023 йил 18 декабрда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги конституциявий қонун қабул қилинди.
Конституциявий қонун билан Сайлов кодексига ҳамда бир қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Сайлов кодексига Қонунчилик палатаси сайлови аралаш (мажоритар, пропорционал) сайлов тизими асосида ўтказилишига оид қўшимча киритилди.
Бунда сайлов округлари бир мандатли ва ягона сайлов округларига ажратилади. Қонунчилик палатасининг 75 нафар депутати мажоритар сайлов тизими асосида бир мандатли сайлов округларидан, қолган 75 нафари пропорционал сайлов тизими (номзодлар рўйхати) асосида сиёсий партияларга берилган овозлар бўйича ягона сайлов округидан сайланади.
Ягона сайлов округида депутатликка номзодлар сиёсий партиялар томонидан номзодлар рўйхати асосида тақдим этилади.
Сайлов комиссиялари тизими такомиллаштирилиб, Марказий сайлов комиссияси, ҳудудий сайлов комиссиялари, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларига сайлов ўтказиш бўйича округ сайлов комиссиялари ва участка сайлов комиссиялари тизими ташкил этилиши белгиланди.
Марказий сайлов комиссияси аъзолар сони тўққиз нафар этиб белгиланди. Унинг камида бир нафар аъзоси Қорақалпоғистон вакили бўлади. Шунингдек, Марказий сайлов комиссиясининг раиси беш йиллик муддатга сайланиши ва айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Марказий сайлов комиссиясининг раиси этиб сайланиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилди.
“Ўзбекистон Республикасининг референдуми тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Жумладан, референдум ташкил этиш ва ўтказишда референдум округларини тузиш тартиби бекор қилинди.
Мазкур вазифа Қорақалпоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳудудий сайлов комиссиялари, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари, участка сайлов комиссиялари томонидан амалга оширилиши белгиланди.
Марказий сайлов комиссиясининг овоз бериш якунларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарори устидан Олий судга шикоят қилиш муддати референдум якунлари эълон қилинган кундан эътиборан ўн кундан беш кунга қисқартирилди.
Референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда оммавий ахборот воситалари вакилларининг иштирок этиш тартиби белгиланди.
Мамлакатимизда бўладиган навбатдаги сайлов ва референдум билан боғлиқ сиёсий жараёнлар юқоридаги каби янги қонунчилик асосида бўлиб ўтади.
ЎзА мухбири
Н.Абдураимова
ёзиб олди.
- Қўшилди: 23.01.2024
- Кўришлар: 2789
- Чоп этиш