Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилинишининг ҳолати тўғрисидаги ахборотнинг кўриб чиқилиши халқаро ташкилотлар тавсияларига берилаётган катта эътибордан далолат.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари ва шартномавий қўмиталари тавсияларида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятлар соҳасида парламентнинг нуфузини ошириш масаласи белгиланган.
Парламентлараро Иттифоқ томонидан ҳам жаҳон парламентлари ўз фаолиятида ушбу муҳим йўналишга эътибор қаратиши тўғрисида бир қатор тавсияномалар қабул қилинган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” сарлавҳаси остида Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларга риоя қилинишининг ҳолати тўғрисидаги ахборот тайёрланди. Унда сўнгги икки йил давомида мамлакатамизда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни бажаришга қаратилган қонунчилик, ҳуқуқ амалиёти ҳамда халқаро ҳамкорлик соҳаларидаги ишлар таҳлил қилинган.
Ахборот Ўзбекистон Республикаси Президенти, Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳқамасига тақдим қилинди.
Бу, ўз навбатида, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 78 ва 93-моддалари ҳамда «Халқаро шартномалар тўғрисида»ги қонуннинг 36-моддаси бажарилишига қаратилгандир.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, кейинги уч йилдан буён Олий Мажлис палаталари томонидан инсон ҳуқуқларига оид масалаларни кўриб чиқиш амалиёти шаклланмоқда. Бунга ёрқин мисол сифатида Инсон ҳуқуқлари бўйича Парламент маърузаси, шунингдек Олий Мажлис палаталари Кенгашлари томонидан тасдиқланган 5 та Миллий ҳаракат режасини (“Йўл хариталари”) кўрсатиш мумкин.
Бундай амалиёт жаҳон парламентаризмида ҳам изчил ривожланмоқда. Мисол учун, Германия, Дания, Швеция парламентлари томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича ахборотларни кўриб чиқиш юзасидан бой тажриба тўпланган.
Ахборотда 2018-2019 йилларда инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини имплементация қилиш, халқаро шартномалар нормалари бажарилиши борасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари билан бирга, ушбу соҳадаги тизимли муаммолар ҳамда уларни ҳал этишга доир таклифлар ҳам тақдим қилинган.
Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар, жумладан судлар мустақиллиги ва одил судловга бўлган ҳуқуқни ҳимоя қилиш соҳасида халқаро стандартларни имплементация қилиш масалалари таҳлил этилган.
Иқтисодий-ижтимоий соҳадаги ислоҳотлар, Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида амалга оширилаётган ишлар чуқур ўрганилган.
Халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистонга болалар меҳнати, мажбурий меҳнат ва одам савдоси масалалари бўйича берилаётган тавсияларнинг бажарилиши ҳолати ҳам таҳлилга тортилган.
Ахборотда аёллар, болалар ва имконияти чекланган шахслар ҳуқуқларига оид халқаро стандартларнинг бажарилиши ҳолатлари ўз аксини топган. Жумладан, 2020 йил 10 мартда қабул қилинган “Бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун ушбу тавсияларни бажаришга қаратилган.
Шу ўринда яна бир масала: 2019 йилда Олий Мажлис томонидан кўриб чиқилган инсон ҳуқуқлари масалалари бўйича 15 та қонун лойиҳаси юзасидан Миллий марказ ўз хулосаларини тақдим қилган. Лекин, айрим қонун лойиҳалари ташаббускорлари томонидан ушбу масалага етарлича эътибор каратилмаган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни самарали бажариш борасидаги муаммолар ҳақида фикр юритганда, айрим давлат органларидаги маълумотлар ва статистик ҳисоботлар тайёрлашга доир мавжуд амалиёт халқаро талабларга мос келмаслигига эътибор қаратишга тўғри келади.
Шунингдек, давлат органлари билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасида инсон ҳуқуқлари масалалари соҳасида етарли даражада ҳамкорлик ўрнатилмаган. Бу эса, самарали жамоатчилик назоратини йўлга қўйишга салбий таъсир кўрсатмоқда.
Қолаверса, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятлар масалалари бўйича давлат органлари ходимлари малакасини ошириш тизими йўлга қўйилмаган. Таълим муассасаларидаги ўқув дастурларидан “Инсон ҳуқуқлари” фани чиқариб юборилган.
Ахборотда инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик доирасида ўтган даврда бажарилган ишлар ва истиқболдаги вазифалар аниқ кўрсатилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё форуми, Ислом ҳамкорлик ташкилотининг ёшлар ҳуқуқлари бўйича олтинчи семинари, Ўзбекистоннинг БМТ махсус маъурзачилари билан ҳамкорлиги масалаларига эътибор қаратилган. Шу билан бирга, БМТнинг миллий маърузалар ҳамда фуқаролар мурожаатлари кўриб чиқилишига оид маълумотлари таҳлил қилинган.
Жумладан, БМТ шартномавий қўмиталарининг индивидуал шикоятлар бўйича қарорларини ижро этишнинг аниқ механизми ишлаб чиқилмаган, инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро шартномалар нормаларини суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан қўллаш амалиёти йўлга қўйилмаган. Бу каби ҳолатлар, ўз навбатида, бугунги кунда айни соҳалардаги янгиланишлар йўлига тўсқинлик қилмоқда.
Ахборотда халқаро мажбуриятларни самарали бажаришга эришиш мақсадида бир қатор таклифлар билдирилгани жуда муҳим. Ушбу таклифлар доирасида Марказ томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Айни вақтда инсон ҳуқуқлари бўйича таълим масаласига катта эътибор қаратилмоқда. Марказ томонидан инсон ҳуқуқлари соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил этилиб, ҳозирда давлат органлари ходимларини ўқитиш режалаштирилмоқда.
БМТ ва ЕХҲТ билан ҳамкорликда инсон ҳуқуқларига оид адабиётлар ўзбек тилида нашр этилмоқда. Жумладан, БМТ ва Парламентлараро Иттифоқ томонидан нашр қилинган “Инсон ҳуқуқлари: Парламент аъзолари учун қўлланма” ҳамда “Парламентлар ва Барқарор ривожланиш мақсадлари” тўпламларининг ўзбек тилидаги нашрлари Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзоларига тақдим қилинди.
Келгусида бундай амалиётни мунтазам амалга ошириш режалаштирилган. Умуман олганда, мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш борасида самарадорликка эришиш ўзаро яқин ҳамкорликдаги доимий ишчан муносабатни талаб қилади.
Мирзатилла Тиллабаев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари
- Қўшилди: 05.05.2020
- Кўришлар: 5096
- Чоп этиш