Ҳибсда улар бошпана ва озиқ-овқатга эга бўлади. Шу сабабли жазони ўтаб чиққан аёллар қамоққа қайтиш учун яна жиноят қилмоқда.
Японияда кекса ва ёлғиз аёллар қашшоқликдан қутулиш учун қамоқхонага тушишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти маълумотларига кўра, Японияда 65 ёшдан ошган одамларнинг 20 фоизи қашшоқлик чегарасида яшайди. Ёлғиз аёллар учун кексаликни қамоқхонада ўтказиш кўчада оч қолишдан яхшироқ танловга айланган. Маҳбуслар озиқ-овқат, бошпана, шифокорларнинг бепул ёрдами билан таъминланади, бир-бирлари билан мунтазам мулоқотда бўлади, озодликда эса уларнинг дўстлари ҳам, қариндошлари ҳам йўқ. Жазони ўтаб чиққан аёллар озодликка чиққач, қамоққа қайтиш учун яна жиноят қилади.
Точиги аёллар колонияси ходимлари ушбу қамоқхона кўпроқ қариялар уйига ўхшашини таъкидлади. Улар кекса аёлларни овқатлантириш, тиббий хизмат кўрсатиш, чўмилишига ёрдам бериш ва ҳатто тагликларини алмаштиришга мажбур бўлмоқда.
“Бу ерда абадий яшаш учун ойига 130-190 доллар тўлашга тайёр бўлган одамлар ҳам бор”, — дейди Точиги қамоқхонаси ходими Такаеси Ширанага.
Маҳбуслар қамоқхонада уларга эркинликдаги ҳаётдан кўра анча яхшироқ қарашларини тан олади: ташқарида уларга ҳеч ким ёрдам бермайди, пул етишмаслиги туфайли очлик ва совуқда яшашга мажбур бўлади. Қамоқхона ходимлари ва маҳаллий ҳокимият вакиллари бу муаммони ёлғиз пенсионерларга молиявий ёрдам кўрсатиш ва уй-жой учун субсидиялар бериш орқали ҳал қилиш мумкин деб ҳисоблайди.
Kun.uz
- Қўшилди: 21.01.2025
- Кўришлар: 90
- Чоп этиш