Европа комиссияси томонидан янги тергов ўтказилишига TikTok Lite иловасидаги мукофотлар дастури сабаб бўлди. Европа комиссари Бретоннинг сўзларига кўра, бу хусусият, айниқса, болаларда ўрганиб қолишга олиб келиши мумкин.
Еврокомиссия Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонунни (Digital Services Act, DSA) бузиши мумкинлиги сабабли TikTok онлайн-платформасига нисбатан иккинчи текширувни бошлади. 22 апрел, душанба куни ЕК сайтида эълон қилинган хабарга кўра, у «компания Франция ва Испанияда TikTok Lite'ни ишга туширишда DSA қоидаларини бузганлигини баҳолаш» учун мўлжалланган.
Текширув TikTok Lite иловасидаги фойдаланувчиларга видеоларни томоша қилиш, лайклар, обуна бўлиш ва дўстларни таклиф қилиш каби баъзи «топшириқлар»ни бажариш учун балл тўплаш имконини берувчи функцияга алоқадор. Еврокомиссия маълумотларига кўра, ушбу мукофот тизими «биринчи навбатда у олиб келадиган хавфларни, хусусан, платформаларга ўрганиб қолиш билан боғлиқ хатарларни синчковлик билан баҳоламасдан ва уни юмшатиш бўйича самарали чоралар кўрмасдан» ишга туширилган.
17 апрел куни ЕК TikTok'дан TikTok Lite учун хавфларни баҳолаш ҳисоботини талаб қилди. Хабарда қайд этилишича, компанияда регуляторга ҳужжатларни тақдим этиш учун 24 соат вақт бор эди, бироқ уни буни амалга оширмади. TikTok энди 24 соат ичида хавфни баҳолаш ҳисоботини тақдим этиши ва 3 майгача бошқа сўралган маълумотларни топшириши мумкин. Акс ҳолда, ЕК жарима солиши ёки Европа Иттифоқида TikTok Lite мукофотлари дастурини тўхтатиб қўйиши мумкин.
Еврокомиссар: TikTok Lite функцияси зарарли ва қарамликка сабаб бўлади
«Биз TikTok Lite функцияси зарарли ва қарамлик келтириб чиқариши бўйича гумондамиз», — деб ёзди Европанинг ички бозор бўйича комиссари Терри Бретон X ижтимоий тармоғида. У, агар TikTok «ишончли далиллар» келтирмаса, ЕК иловада мукофотлаш дастурини тўхтатиб қўйиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Текширув давомида Европа комиссияси TikTok фойдаланувчиларнинг соғлиғига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган функцияларни ишга туширишдан олдин хавфларни баҳолаш бўйича DSA мажбуриятларига амал қилганми ёки йўқми, платформа ушбу хавфларни юмшатиш учун бирон бир чора кўрадими ёки йўқми, шу масалани текширади, дейилади регулятор баёнотида.
TikTok Европа комиссиясининг суриштирувдан ҳафсаласи пир бўлганини билдирди. «Биз бу қарордан ҳафсаламиз пир бўлди - TikTok Lite мукофот тизими 18 ёшгача бўлганлар учун мавжуд эмас ва видеоларни кўриш учун кунлик чеклов мавжуд. Биз Европа комиссияси билан муҳокамаларни давом эттирамиз», - деди компания вакили.
Kun.uz
- Қўшилди: 23.04.2024
- Кўришлар: 1898
- Чоп этиш