Қандай ахборотларни тарқатиш тақиқланган? Махфий ахборот нима дегани? Нималар давлат сири ҳисобланади? ХДФУ грифидаги ҳужжат ҳам махфийми? Бугунги лавҳамизда тарқатилиши мумкин бўлмаган ахборотлар, бунда фуқароларнинг хавфсизлиги, жавобгарлик масалаларига батафсил тўхталамиз.
1. Қандай ахборотларни тарқатиш тақиқланган?
Қонунчиликка кўра, қуйидаги мазмундаги ахборотларни тарқатиш тақиқланган:
– Ўзбекистон Республикасининг мавжуд конституциявий тузумини, ҳудудий яхлитлигини зўрлик билан ўзгартиришга даъват қилувчи;
– уруш ва зўравонликни, шафқатсизликни, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб этувчи;
– давлат сирини ёки фуқароларнинг шахсий ва оилавий сирлари билан боғлиқ маълумотлар (масалан, фарзандликка олиш сири);
– фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирловчи, уларнинг розилигисиз шахсий ҳаётга доир маълумотларни тарқатиш;
– порнографик материаллар;
– тақиқланган диний материаллар;
– прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз дастлабки тергов материалларини эълон қилиш. Ёки муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг ҳал қилув қарори ёхуд ҳукми қонуний кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёки судга ўзгача йўл билан таъсир кўрсатиш.
2. Махфий ахборот нима дегани?
“Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонунга асосан махфий ахборот деганда, фойдаланилиши қонунчиликка мувофиқ чеклаб қўйиладиган ҳужжатлаштирилган ахборот тушунилади. Масалан, давлат сирлари, фуқароларнинг шахсига доир маълумотлар махфий ахборотлар сирасига киради.
Шу билан бир қаторда, муайян ахборотни давлат сири сифатида махфий эканлигини эътироф этиш Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатга асосан амалга оширилади.
Қонунда айрим истиснолар ҳам келтирилганки, уларни ҳеч бир чекловсиз ҳар ким фойдаланиши мумкин. Демак, қуйидагилар махфий ахборотни ташкил этмайди:
• фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, уларни рўёбга чиқариш тартиби тўғрисидаги, шунингдек давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ҳақидаги қонунчилик ҳужжатлари;
• экологик, метеорологик, демографик, санитария-эпидемиологик, фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги маълумотлар ҳамда аҳолининг, аҳоли пунктларининг, ишлаб чиқариш объектлари ва коммуникацияларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун зарур бўлган бошқа ахборотлар;
• ахборот-кутубхона муассасаларининг, архивларнинг, идоравий архивларнинг ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган юридик шахсларга тегишли ахборот тизимларининг очиқ фондларидаги мавжуд маълумотлар.
3. Нималар давлат сири ҳисобланади?
Бу ҳақда “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги қонунда батафсил келтирилган. Шундан келиб чиқсак, алоҳида аҳамиятли, мутлақо махфий ва махфий ҳарбий, сиёсий, иқтисодий, илмий-техникавий ва ўзга хил маълумотлар Ўзбекистон Республикасининг давлат сирлари ҳисобланади. Давлат сирларининг ошкор этилиши мамлакат хавфсизлигига путур етказиши мумкинлиги боис давлат томонидан қўриқланади. Улар махсус рўйхат билан чеклаб қўйилган.
Давлат сирлари уч гуруҳга бўлинади: давлат сири, ҳарбий сир ва тижорат сири.
- Ошкор этилиши давлатнинг хавфсизлигига ва унинг иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий манфаатлари учун оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин бўлган маълумотлар давлат сирини ташкил этади.
- Ҳарбий сир – ҳарбий хусусиятга эга маълумотлар бўлиб, унинг ошкор этилиши мамлакатнинг хавфсизлиги ва мудофаа қобилиятига оғир оқибатлар келтириб чиқариши мумкин.
- Ошкор этилиши давлат манфаатларига зарар келтириши мумкин бўлган фан, техника, ишлаб чиқариш ва бошқарув соҳасига доир маълумотлар хизмат сирини ташкил этади.
4. ХДФУ грифидаги ҳужжат ҳам махфийми?
Ташкилотларда ХДФУ, яъни хизмат доирасида фойдаланиш учун грифи остида ҳужжатлар алмашиниши, узатилиши мумкин. Бундай ҳужжатлар давлат сири билан билан боғлиқ махфий маълумотлар сирасига кирмайди. Шунинг учун ХДФУ грифи остидаги ҳужжатни ошкор қилган ташкилот ходимига нисбатан интизомий жавобгарлик чоралари кўрилиши мумкин, холос.
5. “e-qaror” электрон тизимида қандай ҳужжатлар жойлаштирилмаслиги мумкин?
Сизга маълумки, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг (ҳоким, маҳаллий ХДКлар) қарорлари ва фармойишлари “e-qaror” электрон тизими орқали эълон қилинади. Айрим маълумотларни қамраб олган ҳужжатлар борки, улар бу тизимга жойлаштирилиши мумкин эмас.
Низомга мувофиқ, давлат сири ҳисобланган маълумотлар ва махфий маълумотларни ўз ичига олган маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатлари лойиҳаларини “e-qaror” электрон тизими орқали қабул қилишга (чиқариш) йўл қўйилмайди.
6. Махфий ахборотлар ошкор қилинса, қандай жавобгарлик бор?
Давлат сирларини ошкор қилиш ёки ўзгага бериш, яъни бу маълумотлар ишониб топширилган ёки хизмати ёхуд касб фаолияти юзасидан улардан хабардор бўлган шахс томонидан ошкор қилиниши жиноий жавобгарликка олиб келади.
Эътибор беринг, бунда жиноятни содир этувчи айнан давлат сирини сақлашга масъул бўлган шахс бўлиши назарда тутилган. “Давлат сирларини сақлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасида эса давлат сирларини сақлаш бўйича масъулият кимларда эканлиги баён этилган. Унга мувофиқ, давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва бирлашмаларнинг раҳбарлари зиммасига бундай мажбурият юклатилган. Яъни юқоридаги шахслар томонидангина давлат сири билан боғлиқ махфий маълумотлар ошкор қилинган тақдирда жиноят келиб чиқади.
Бундай қилмишда давлатга хоинлик аломатлари кўзга ташланмаса, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд худди шу муддатгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда ижтимоий тармоқларда турли "ахборотлар" билан бўлишаётганда, айниқса ҳужжатлар билан ишлайдиган ходим бўлсангиз эҳтиёт бўлганингиз маъқул. Медиа саводхонлик бўйича туркум лавҳаларимизни кузатишда давом этинг.
М.Турдалиева, У.Тўхтаев (видео), ЎзА
- Қўшилди: 11.03.2024
- Кўришлар: 2988
- Чоп этиш