ЮНЕСКОнинг тадқиқотига кўра: Инфлюенсерларнинг (блогер) 62 фоизи маълумотни улашишдан олдин текширмайди. Бу дезинформация тарқалишига ва жамоатчилик ишончининг пасайишига олиб келиши мумкин.
Хўш, дезинформация нима?
Дезинформация – (французча des – салбий ва information – ахборот) муайян гуруҳ ва доираларнинг ғаразли мақсадларига эришиш йўлида сохта маълумотлардан фойдаланиш асосида ижтимоий фикрни чалғитиш мақсадида матбуот, радио, телевидение ва интернетда қўлланадиган усул, восита.
Дезинформациянинг 3 хил:
а) сохта ахборот, овоза ва шов-шувлар тарқатиш;
б) конфиденциал маълумотлар «оқиб кетиши»ни ташкил қилиш;
в) муайян фактларни бўрттириб ёритиш, зиддиятли хабарларни тарқатиш каби турлари мавжуд.
Pew Research Center маълумотлари: 18-29 ёшдаги америкаликларнинг 40 фоизи янгиликларни инфлюенсерлардан олади. Бироқ уларнинг аксарияти ахборот соҳасида мутасадди ташкилотда фаолият олиб бормаган.
Шу ўринда ЮНЕСКО "Медиа саводхонлик ва фактларни текшириш муҳим, акс ҳолда ижтимоий тармоқлардаги ахборот ишончсиз бўлиши мумкин"лиги ҳақида огоҳлантирмоқда.
Дезинформациянинг тарихи, аввало, ОАВнинг пайдо бўлиши ва шаклланиши билан узвий боғлиқ, унинг мазмун-моҳияти асосан сиёсий, ғаразли мақсадларни кўзлаган интилишларда намоён бўлади. Биз бундай хатарларга доимо сергак, огоҳ ва ҳушёр бўлиб яшашимиз, уларга қарши ҳар томонлама чуқур ўйланган, пухта илмий асосда ташкил этилган, мунтазам ва узлуксиз равишда олиб бориладиган маънавий тарбия билан жавоб беришимиз зарур. Ана шундагина аҳолимиз, айниқса, ёшларимиз воқеликка очиқ кўз билан қараб, жаҳонда ва ён-атрофимизда мавжуд бўлган, тобора кучайиб бораётган маънавий таҳдид ва хатарларни, тарқатилаётган турли маълумот ва ахборотларни тўғри баҳолаб, улардан тегишли хулоса ва сабоқ чиқара олади.
М.Турдалиева, А.Аҳмедов (видео), ЎзА
- Қўшилди: 20.12.2024
- Кўришлар: 519
- Чоп этиш