4 март куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан “Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясидаги нутқида юридик фан ва амалиёт учун белгиланган вазифалар” мавзуида давра суҳбати ўтазилди. Тадбир Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов ва Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти директори Мурод Турғунов тадбир иштирокчиларини қутлар экан, давлатимиз раҳбари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясида сўзлаган нутқининг моҳияти ва аҳамиятига эътибор қаратдилар.
Давра суҳбатида таъкидланганидек, Ўзбекистон илк бор БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши аъзоси сифатида 2021 йил 1 январдан ўз вазифаларини бажаришга киришди. Анъанага кўра, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг баҳорги сессияси доирасида 22-24 февраль кунлари Женева шаҳрида бўлиб ўтган Юқори даражадаги сегмент ишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Кенгашга аъзо давлат раҳбари сифатида биринчи марта иштирок этди ва сўзга чиқди.
БМТ Кенгаши сессиясида БМТнинг Бош котиби Антониу Гутерриш, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Мишел Бачелет, қарийб 150 мамлакатдан давлат ва ҳукумат раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар намояндалари, бир қатор халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Бугунги кунда Президентимиз нутқи нафақат кенг жамоатчилигимиз, балки халқаро ҳамжамият ва хорижий экспертлар томонидан ҳам қизғин муҳокама қилинмоқда.
Ўзбекистон Президенти ўз чиқишида мамлакатимизда демократик ўзгаришларни янада чуқурлаштириш ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши доирасидаги фаолиятимизнинг устувор йўналишлари ҳақида атрофлича тўхталди. Нутқда парламент, ҳуқумат, суд ҳокимияти, фуқаролик жамияти институтлари билан бир қаторда мамлакатимиз юридик соҳа вакиллари олдида турган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги муҳим вазифалар, жумладан таълим, одил судлов, қийноқлар билан боғлиқ масалалар яна бир бор аниқлаштирилди.
Юртимизда ҳар бир инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунга БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Бошқармаси экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида амалга оширилаётган қамровдор ишлар самаралари яққол мисол бўла олади.
Миллий стратегия мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмини такомиллаштириш ва инсон ҳуқуқлари маданиятини шакллантиришда катта аҳамият касб этмоқда. Ушбу ҳужжатда инсон ҳуқуқлари масаласига тизимли ёндашиш ва мавжуд бўшлиқларни, камчиликларни бартараф этиш очиқ-ойдин кўрсатилган.
Президентимиз таъкидлаганидек, «Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш аъзоси сифатида халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқларига оид умум эътироф этилган принцип ва нормаларини қатъий ҳимоя қилади ва фаол илгари суради”.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида халқаро, минтақавий ва миллий доираларда Ўзбекистоннинг истиқболдаги мажбуриятлари ва режалари ҳақида батафсил тўхталди. Ушбу мажбуриятларни 2030 йилгача бўлган даврда БМТ Глобал кун тартиби доирасида амалга оширишимиз ҳамда инсон ҳуқуқлари борасида ҳали улкан йўлнинг бошида турганимиз алоҳида таъкидланди.
Жорий йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қабул қилинганлигининг 10 йиллиги кенг нишонланади. Бугунги кунда БМТга аъзо 20 дан ортиқ давлатнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим бўйича миллий ҳаракатлар дастурлари қабул қилинган бўлиб, давлатлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълим масаласига эътиборини кучайтирмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг БМТ Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тарбия тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури парламент томонидан тасдиқланган. Ушбу Ҳаракатлар дастури бўйича “Йўл харитаси”да белгиланган тадбирлар изчил бажарилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида таълим муассасаларида «Инсон ҳуқуқлари», «Аёллар ҳуқуқлари» ва «Бола ҳуқуқлари» бўйича ўқув курсларини, шунингдек “Инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳуқуқ» мутахассислиги бўйича қўшма магистратура йўналишини (консорциум) жорий қилиш бўйича амалий ишлар қилинмоқда.
Бундан ташқари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳузурида «Инсон ҳуқуқлари» ихтисослиги бўйича фан доктори (DSc) ва фалсафа доктори (PhD) илмий даражаларини олиш учун илмий кенгаш иш бошлади. Марказда, шунингдек Инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уни ҳимоя қилиш соҳасида кадрлар малакасини ошириш бўйича ўқув курслари фаолияти йўлга қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Давлат ва ҳуқуқ институти ҳузурида Ўзбекистон Республикасида юридик фанларни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди. Мувофиқлаштирувчи кенгаш - доимий равишда фаолият юритадиган, муҳокама қилувчи, маслаҳат берувчи ва мувофиқлаштирувчи органдир.
Давлат ва ҳуқуқ институти ҳузуридаги Мувофиқлаштирувчи кенгаш илмий тадқиқотларни ўтказиш, илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлашни такомиллаштириш, илмий тадқиқотларнинг асосий йўналишларини шакллантириш ва амалга оширишнинг долзарб муаммолари бўйича тавсиялар бериш ҳамда тадқиқот мавзуларини ишлаб чиқиш билан шуғулланади.
Тадбир иштирокчилари томонидан БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига билдирилган бир қатор таклифлар, жумладан, судьялар кенгашлари фаолиятинининг универсал принципларини ишлаб чиқиш, қийноқларнинг олдини олиш бўйича миллий превентив механизмни такомиллаштириш, шунингдек Осиё қитъасининг инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий механизмини мунтазам фаолият кўрсатадиган платформа – Самарқанд форуми негизида яратиш юзасидан илмий асосланган таклифлар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.
Офлайн ва онлайн шаклда ўтказилган давра суҳбатида Тошкент шаҳрида жойлашган юридик соҳадаги илмий ва таълим муассасалари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардаги юридик факультетлар профессор-ўқитувчилари, экспертлар ва амалиётчилар иштирок этди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.03.2021
- Кўришлар: 3627
- Чоп этиш