БМТнинг Нью-Йорк шаҳридаги бош қароргоҳида БМТ Аёллар ҳолати бўйича комиссиясининг 68-сессияси бўлиб ўтмоқда.
Сессия ишида Олий Мажлис Сенати Раиси, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Нуфузли анжуманда дунё давлатларининг соҳага масъул парламент ва ҳукумат идоралари, вазирлик ва ташкилотлари, нодавлат тузилмалари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этмоқда.
Сессияда камбағалликни бартараф этиш, институтлар салоҳияти ва молиялаштиришни кучайтириш орқали гендер тенглигига эришиш ва барча хотин-қизлар имкониятларини кенгайтириш, бу борада Пекин декларацияси ва Ҳаракатлар платформаси тамойилларининг ҳаётга татбиқ этилиши масалалари муҳокама қилинмоқда.
БМТ Аёллар ташкилоти маълумотларига кўра, бугунги кунда дунё бўйлаб аёлларнинг 10,3 фоизи ўта қашшоқликда яшайди. 2030 йилга бориб Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун камбағалликка барҳам беришдаги муваффақият 26 баравар тезроқ бўлиши керак.
Шу боис, анжуманда аёлларнинг қашшоқлигини тугатиш ва гендер тенглигини оширишга ёрдам берадиган ҳаракатларни ишлаб чиқиш ва инвестицияларни жалб қилиш масалаларига эътибор қаратмоқда.
Мазкур тадбирга тайёргарлик кўриш жараёнида БМТ Аёллар ташкилоти кейинги 5 йилда Ўзбекистоннинг гендер тенгликка эришиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини кенгайтириш борасидаги кўплаб ижобий натижаларини эътиборга олиб, Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенглик ва оила масалалари бўйича республика комиссияси билан келишган ҳолда Марказий Осиё ва Озарбайжон давлатларининг сессия бўйича маслаҳатлашувларини Тошкент шаҳрида ўтказган эди. Тадбир якунлари бўйича аёллар ва қизларни қўллаб-қувватлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида ягона позиция ишлаб чиқилди.
68-сессияда Марказий Осиё минтақаси ва Озарбайжон номидан Олий Мажлис Сенати Раиси сўзга чиқиб, бугунги кунда мамлакатларимиз савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаол ривожлантираётгани, қўшма сармоявий лойиҳалар амалга оширилаётгани, гендер тенгликни таъминлаш соҳасида ўзаро ҳамкорлик учун қулай шарт-шароитлар яратилганини таъкидлаб, ҳамкорлик бўйича умумий ёндашувларни маълум қилди ва қатор ташаббусларни илгари сурди.
Хусусан, камбағалликни қисқартириш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш учун БМТнинг “Иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя глобал акселератори” доирасида глобал даражада аёллар ва қизларни ҳимоя қилиш бўйича самарали чоралар кўриш, ўқув дастурлари ва ўқитиш услубларига, шунингдек, STEM-таълимига, айниқса, қишлоқ жойларда гендер ёндашувини жорий этиш таклиф этилди.
Шунингдек, ҳудудларда БМТ Тараққиёт дастури лойиҳалари доирасида аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, айниқса, қишлоқ аёллари учун рақамли саводхонлик ва IT кўникмаларини ошириш дастурларини амалга оширишга кўмаклашувчи рақамли тафовутни бартараф этиш бўйича норматив-ҳуқуқий базани тартибга солиш лозимлиги айтиб ўтилди.
***
Сессия доирасида Сенат Раиси Танзила Норбоева Швейцария Конфедерацияси Президенти Виола Амерд билан учрашув ўтказди.
Ўзбекистон ва Швейцария ҳамкорлигини изчил кенгайтириш, шу жумладан, сиёсий мулоқотни ривожлантириш, савдо-иқтисодий, сармоявий ва технологик соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Швейцария билан автомобилсозлик, тўқимачилик, фармацевтика, озиқ-овқат саноати, чорвачилик, инфратузилма соҳаларида 19 қўшма лойиҳа амалга оширилаётгани қайд этилди. Мазкур кўрсаткични бир неча баробар ошириш учун иккала давлатда ҳам катта салоҳият ва кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Парламентлараро алоқалар бўйича ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди. Хусусан, ихтисослаштирилган қўмиталар даражасида алоқаларни фаоллаштириш, икки давлат парламентларида дўстлик гуруҳларини ташкил этиш юзасидан фикр алмашилди.
Қатор соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан амалий таклифлар илгари сурилди. Хусусан, гендер тенглик соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, мазкур йўналишда ўзаро тажриба алмашиш муҳимлиги қайд этилди.
Орол денгизи минтақасидаги вазиятни яхшилаш юзасидан ижтимоий аҳамиятга молик дастурларни амалга оширишда молиявий ва техник ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ҳам томонларнинг диққат марказида бўлди.
***
Сенат Раиси Т.Норбоева Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгашининг Хотин-қизлар ва болалар ишлари бўйича миллий қўмитаси раиси ўринбосари, Бутунхитой аёллар федерацияси раиси ўринбосари Хуан Сяовей билан ҳам учрашув ўтказди.
Унда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик, парламентлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, камбағалликни қисқартириш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Президент Шавкат Мирзиёев ва Раис Си Цзиньпин ўртасидаги очиқ ва ишончли муносабатлар кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш учун мустаҳкам замин яратгани алоҳида таъкидланди.
Томонлар гендер тенглик соҳасида қўшма лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашди. Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаш таклифи илгари сурилди. Шунингдек, ижтимоий ҳимоя ва суғурта, аҳолига манзилли ёрдам кўрсатиш соҳасида ўзаро тажриба алмашиш, ушбу йўналишдаги қонунчилик фаолиятини ўрганиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 13.03.2024
- Кўришлар: 1816
- Чоп этиш