Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Терхи Хакала билан учрашди.
Учрашув давомида сўнгги йилларда барқарор ривожланаётган ҳамда ҳамкорликнинг янги босқичига кўтарилган Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Парламентлараро ҳамкорлик, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хавфсизликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, гендер тенгликни илгари суриш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда томонлар хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини, шу жумладан, Марказий Осиё етакчи аёллари мулоқоти минтақавий платформаси доирасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди. Тажриба алмашиш ва минтақада гендер тенгликни тарғиб қилиш учун халқаро платформа вазифасини бажараётган Осиё хотин-қизлари форумининг аҳамияти таъкидланди.
Ўзбекистон Европа Иттифоқининг GSP+ дастурига киритилиши амалий ҳамкорликнинг муҳим натижаларидан бири бўлгани ва бу мамлакатимизга жаҳоннинг энг йирик бозорларига чиқиш имкониятини тақдим этгани қайд этилди.
Ўзбекистоннинг GSP+ дастурига киритилгани доирасида инсон ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, атроф-муҳит, иқлимни муҳофаза қилиш ва самарали бошқарувни таъминлаш билан боғлиқ 27 та муҳим халқаро конвенцияни самарали амалга ошириш бўйича мажбуриятлар муҳокама қилинаётгани алоҳида таъкидланди. Ушбу мажбуриятларнинг бажарилиши Европа Иттифоқи билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Ўзбекистоннинг халқаро бозорларга интеграциялашуви учун янги имкониятлар яратади.
Томонлар Марказий Осиё давлатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш, барқарорлик ҳамда доимий ривожланишни таъминлаш учун минтақавий ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга қаратилган режаларни амалга ошириш бўйича фаол мулоқот олиб бориш ҳамда биргаликда ишларни давом эттириш ҳақида келишувга эришилди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 05.12.2024
- Кўришлар: 599
- Чоп этиш