Шу йил 7-8 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги Йиллик 6-семинари бўлиб ўтади.
Ушбу нуфузли халқаро анжуман ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси ташаббуси билан ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш бўйича халқаро ташаббусни илгари сурди. Ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатда асосий эътибор глобаллашув ва ахборот-коммуникация технологиялари жадал ривожланиб бораётган бугунги шароитда ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилиши мақсадга мувофиқдир.
Йиллик 6-семинарда тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ҳамда ҳимоя қилишнинг аҳамияти муҳокама қилинади. Анжуман иши доирасида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенцияси лойиҳасини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Семинарда ИҲТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссияси аъзолари, халқаро экспертлар, ИҲТга аъзо ва кузатувчи мақомидаги 40 дан зиёд давлат, шунингдек, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий муассасалар вакиллари иштирок этади.
Анжуман ниҳоясида якуний ҳужжат қабул қилиниши кутилмоқда. Унда ёшлар ҳуқуқларини тўлиқ рўёбга чиқариш орқали уларнинг ўз мамлакатлари тараққиёти жараёнларида бевосита иштирокини кучайтиришга қаратилган ёшлар сиёсатини ишлаб чиқиш бўйича тавсиялар баён этилади.
ИҲТ Инсон ҳуқуқлари бўйича мустақил доимий комиссиясининг “Тинчликсевар, демократик жамиятлар барпо этиш ва барқарор ривожланиш йўлида ёшлар ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилишнинг аҳамияти” мавзусидаги Йиллик 6-семинарида қабул қилинадиган якуний ҳужжат, шунингдек, ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги сессиясига тақдим этилиши мўлжалланган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.10.2019
- Кўришлар: 12098
- Чоп этиш