ЯНГИ ТАРАҚҚИЁТ ҲАМДА МИЛЛИЙ ЮКСАЛИШ ДАВРИ

Кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида Янги Ўзбекистоннинг 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини белгилаш ҳамда уни жорий йилда амалга ошириш масалалари муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.

Йиғилишда қайд этилганидек, ҳозирги кунда мамлакатимиз ҳаётида ғоят муҳим давр бошланаётир. Бу янги тараққиёт ҳамда миллий юксалиш давридир. Мухбирларимиз Тараққиёт стратегияси доирасида белгилаб берилган устувор вазифалар, истиқболдаги режалар хусусида мутасаддиларнинг фикрлари билан қизикди.

ИНСОННИ ҚАДРЛАШ УНИНГ ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ДЕМАКДИР

Акмал САИДОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари:

— Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси, яъни яқин келажакдаги ривожланиш йўлимизни белгиловчи ушбу тарихий ҳужжатнинг мамлакатимиз бўйлаб кенг жамоатчилик муҳокамаси бўлиб ўтди.

Мазкур ҳужжатнинг ғояси Президентимизнинг ЎзЛиДеПнинг съездида баён этилган эди. Мана шу стратегия сайловолди учрашувларида фуқаролардан тушган таклифлар асосида умумлаштириб, бойитилиб давлатимиз раҳбарининг инаугурация маърузаларида янги босқичга кўтарилди. Бу босқичда Ўзбекистоннинг 7 устувор йўналиши доирасида яқин беш йилдаги ривожланиш йўли кўрсатиб ўтилди.

Ҳужжат кенг муҳокама асосида такомилига, маромига етказилдики, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси, деб номланди. Ушбу стратегия ҳозир мана Президентимизнинг тегишли фармонида белгиланган ҳамда Давлат дастурига муҳим асос ҳисобланади. Чунки мана шу стратегия бизга яқин кунлардаги тараққиётимизнинг пойдевори, Учинчи Ренессанснинг мустаҳкам ҳуқуқий пойдеворини яратади, десак, тўғри бўлади.

Битта жиҳатга эътибор беринг: давлатимиз раҳбарининг Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси нафақат мамлакатимизда катта қизиқиш ва диққат билан ўрганилди, балки халқаро ҳамжамият даражасида ҳам атрофлича муҳокама қилинди.

Шу бўйича бир-иккита баҳоларни айтмоқчиман. Масалан, Парламентлараро Иттифоқнинг бош котиби Мартин Чунгонг Ўзбекистон Президентининг миллий парламентлар ролини оширишга қаратилган барча ташаббусларини қўллаб-қувватлашини алоҳида таъкидлади.

Жаноб Мартин Чунгонг айтдики, Президент Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни таклиф этган эди. Яъни Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда парламентларнинг ролини ошириш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш, бундан ташқари, Ўзбекистон раҳбарининг бу йил Ўзбекистонда парламентлар аёл-спикерлари Глобал саммитини ташкил этиш таклифи ниҳоятда ўринлидир.

Чунки Президентнинг гендер сиёсатини амалга оширишдаги Ўзбекистон парламентида хотин-қизлар сони ошиб бораётгани, умуман, аёллар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилаётган тажриба жаҳонга ўрнак бўладиган тажриба ҳамда Президентнинг кейинги муҳим ташаббуси, яъни Ёшлар парламентларининг ролини ошириш ва маҳаллий Кенгашларда, парламентда хотин-қизларнинг сонини ошириб боришдаги изчил сиёсати ҳам жаҳон парламенти тажрибаси учун катта ўрнак бўлади, деб айтган эди.

Бу Парламентлараро Иттифоқнинг бош котиби Мартин Чунгонгнинг эътирофлари эди холос. Бундай эътирофлар, масалан, айтадики, Женева Дипломатик доираси президенти Роберт Блюм айтадики, Президент Шавкат Мирзиёевнинг хусусий мулкчилик ва тадбиркорларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш, хусусий секторни ривожлантириш бўйича ғоя ҳамда ташаббуслари бу, авваламбор, Ўзбекистон фуқароларининг фаровонлигини ошириш, иқтисодиётининг ривожланишига асос бўлган ташаббуслардир, деган баҳони беряпти.

Ёки “Diva International” деган халқаро журналнинг бош муҳаррири таъкидлайдики, Ўзбекистон Президенти ҳақиқий демократ сифатида, авваломбор, инсон қадрини юксалишини кўтаряпти, инсон қадри юксалиши дегани, бу — инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, деганидир. Мана бу нуқтаи назардан Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси халқаро аҳамиятга эга. 

 

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech