резидент Шавкат Мирзиёев раислигида 26 январь куни 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасидаги энг муҳим вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла” йилида амалга оширишга оид Давлат дастури тасдиқланди.
Шу муносабат билан мазкур дастуруламал ҳужжатнинг маъно-моҳияти ва аҳамияти ҳақида фикр юритиш ниҳоятда долзарбдир. Тараққиёт стратегияси лойиҳасининг кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилганига доир тафсилотларга ҳам мухтасар тўхталиш ўринли, деб ҳисоблаймиз.
Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон стратегияси” китоби ва сайловолди учрашувлари
Мамлакатимизда 2021 йили бўлиб ўтган Президент сайлови давомида давлатимиз раҳбарининг “Янги Ўзбекистон стратегияси” номли янги китоби биринчи навбатда Тадбиркорлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси электорати ўртасида кенг муҳокама қилинди. Ўз навбатида, сайловолди учрашувларида Тараққиёт стратегияси ўзига хос умумхалқ муҳокамасидан ўтказилди.
Шу маънода, ўтган йил 9 сентябридан – 5 ноябрига қадар давом этган ушбу жараённи “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” лойиҳаси муҳокамасининг биринчи босқичи сифатида қайд этиш мумкин.
Президентимиз таъбири билан айтганда, “Эл-юртимиз биз бошлаган халқчил ислоҳотларга бугун хайрихоҳлик ва қатъий ишонч билан қараб, уларнинг ҳосили ва самарасини тезроқ кўришни истамоқда. Ана шу ҳақли талабни инобатга олган ҳолда, биз Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини ишлаб чиқиб, сайлов жараёнида уни ўзига хос умумхалқ муҳокамасидан ўтказдик”.
“Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”, деган ном бежиз танланмаган. Бу ном аввало мазкур Тараққиёт стратегияси – 2017 йил февралида тасдиқланган ва кейинги беш йил ичида ҳаётга изчил татбиқ этилган Ҳаракатлар стратегиясининг янги босқичдаги мантиқий давоми эканини англатади.
“Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”да “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили илгари сурилган. Бинобарин, Ҳаракатлар стратегиясидаги ҳар бир йўналишни тараққиётнинг янги босқичида мантиқий, кенг кўламли ва изчил асосда ривожлантириш ҳамда янги устувор йўналишларда муҳим натижаларга эришиш кўзда тутилмоқда.
Етти устувор йўналиш – инсон қадрини таъминлаш тимсоли
Ўз навбатида, янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқи “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” лойиҳаси муҳокамасининг иккинчи босқичини бошлаб берди. Бу босқич 2021 йилнинг 6 ноябридан – 29 декабригача давом этди.
“Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китобида баён этилган янги ғоя ва ташаббуслар сайловчилар, бутун халқимиз билдирган таклиф, фикр ҳамда мулоҳазалар билан умумлаштирилиши ва такомиллаштирилиши ҳисобига янада сайқал топди. Натижада учта ҳужжат:
биринчидан, Президентимизнинг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармони;
иккинчидан, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича Давлат дастури;
учинчидан, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини амалга ошириш бўйича Республика комиссияси таркиби лойиҳалари ишлаб чиқилди.
Хусусан, агар Ҳаракатлар стратегиясида 5 та устувор йўналиш белгилаб олинган бўлса, тараққиёт ўзгаришларининг янги тарихий босқичда давом эттирилиши кўзда тутилган ҳолда, “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”га 2 та янги устувор йўналиш қўшилди. Шундай қилиб, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида еттита устувор йўналиш назарда тутилган.
Бу – бежиз эмас. Зеро, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “аждодларимиз етти рақамини бахт-саодат ва омад келтирадиган, эзгу ниятни рўёбга чиқарадиган хосиятли тимсол, деб билганлар”.
Тараққиёт стратегиясида Ҳаракатлар стратегияси доирасида эришилган ютуқлар, хусусан, асосий натижаларга оид далил ва рақамлар ҳам келтирилган. Мисол учун, Ҳаракатлар стратегиясини ижро этиш учун 300 дан ортиқ қонун ва кодекс, Президентимизнинг 4 мингдан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинган. Шу тариқа Ҳаракатлар стратегияси якунига келиб, Янги Ўзбекистон пойдеворининг ҳуқуқий асослари яратилди.
Келгусида Тараққиёт стратегияси доирасида бир қатор концепция ва дастурлар, 13 та кодекс, 12 та қонун, яъни ҳар бир устувор йўналишда зарур қонун ҳужжатлари қабул қилиниши кўзда тутилган.
Бинобарин, янги ҳужжат – “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” энди Янги Ўзбекистоннинг пойдеворини тиклаш ва биносини қуришга қаратилган. Бу буюк бунёдкорлик жараёни 2026 йилгача бўлган даврни қамраб олади ва йилма-йил амалга ошириб борилади.
Халқ фикридан сайқал топган Тараққиёт стратегияси
Ҳар учала ҳужжат лойиҳаси ўтган йил 30 декабрь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Шу тариқа “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” лойиҳаси муҳокамасининг учинчи босқичи 2021 йил 30 декабридан – жамоатчилик муҳокамалари якунига етган сана, яъни 2022 йил 15 январигача бўлган даврни қамрайди.
Ушбу муҳим ҳужжат лойиҳалари 2022-2026.strategy.uz, jamoatchilik.uz ва regulation.gov.uz электрон платформалари орқали кенг жамоатчилик ўртасида муҳокама учун жойлаштирилгани юртдошларимизга ўз таклифларини билдиришлари учун қулай имконият туғдирди. Натижада қизғин ва жиддий муҳокамалар асносида фақатгина электрон платформалар орқали жами 17 минг 535 та таклиф келиб тушди.
Жамоатчилик муҳокамалари миллий ва халқаро миқёсда кенг ташкил этилгани диққатга лойиқдир. Миллий муҳокамаларнинг ўзи ҳам бир нечта йўналишда ўтказилди.
Авваламбор, Тараққиёт стратегияси парламент йўналишида – Олий Мажлис палаталари мажлисларида, қўмита ва комисссиялар, сиёсий партиялар фракциялари, Ёшлар парламентларида муҳокама қилинди.
Шунингдек, давлат органлари масъул ходимлари, соҳа мутахассислари, олимлар, профессор-ўқитувчилар, турли соҳа вакиллари иштирокида “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” лойиҳаси муҳокамасига бағишланган конференция, учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилди.
Бу борада нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, фуқаролик жамияти фаоллари алоҳида намуна кўрсатди. Муҳокама жараёнларига хориждаги ватандошларимиз ҳам кенг жалб этилди.
Бундан ташқари, Тараққиёт стратегиясига халқаро даражада ва хорижий экспертлар томонидан фаол ҳамда юксак баҳолар берилдики, бу ҳақда алоҳида тўхталамиз.
Қолаверса, интернет, телевидение, радио ва матбуот нашрларининг имкониятидан унумли фойдаланган ҳолда, мунтазам равишда жамоатчилик муҳокамалари ўтказиб борилди.
Шу қамровдор жараёнларда билдирилган барча таклиф ва фикр-мулоҳазалар тегишли соҳа мутахассислари томонидан диққат билан ўрганиб чиқилди. Натижада минглаб таклифлар Тараққиёт стратегиясини тегишли равишда бойитишга тўғридан-тўғри хизмат қилди.
Бунга биргина яққол мисол: “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинганида 94 та мақсаддан иборат бўлган. Жамоатчилик муҳокамалари якунидан сўнг Тараққиёт стратегиясидаги ушбу мақсадлар сони 100 та этиб белгиланган.
Президент Шавкат Мирзиёев қайд этганидек, «Давлат — инсон учун» деган эзгу ғояни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини бевосита халқимиз билан маслаҳатлашиб, одамларимизнинг фикр ва таклифлари асосида ишлаб чиқдик».
Тарихий дастуруламал ҳужжатнинг уч аҳамияти
“Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”нинг маъно-моҳияти ҳақида сўз борганда, унинг қуйидаги учта даражада намоён бўладиган тарихий аҳамиятини алоҳида таъкидлаш лозим.
Биринчиси – “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”нинг миллий даражадаги аҳамияти. Тараққиёт стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар ва энг муҳим вазифаларнинг атрофлича таҳлили шундан далолат берадики, Янги Ўзбекистонда мутлақо янги миллий ҳуқуқий тизим шаклланмоқда. Яъни, “Инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари, айниқса, қадри – олий қадрият” деган тамойил эътироф этилмоқда.
“Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”да йиллар давомида амал қилиб келган “давлат – жамият – инсон” тамойили “инсон – жамият – давлат” тамойилига ўзгартирилмоқда. Янада содда қилиб айтганда, Ўзбекистонда ҳар бир фуқаронинг қадрини юксалтириш ва фаровонлигини ошириш зарурлигига урғу берилмоқда.
Энг асосийси, “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”даги 7 устувор йўналишнинг бош ғояси – инсон қадрини таъминлашдир. Чунки, Президентимизнинг сайловолди дастуридаги асосий ғоя ҳам “Инсон қадри учун” тамойили эди.
Инсон қадрини жойига қўйишни қонуний ва ташкилий-ҳуқуқий йўллар билан ҳаётимизнинг барча соҳаларида миллий, минтақавий ва халқаро ҳамкорлик даражаларида қандай қилиб амалга ошириш керак? Тараққиёт стратегиясида бу долзарб саволга жуда кўплаб аниқ мақсадларга қаратилган амалий жавоблар бор.
Иккинчиси – “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”нинг минтақавий даражадаги аҳамияти. Тараққиёт стратегиясида кўзда тутилган мақсадларда Марказий Осиё халқлари ўртасида яқин қардошликни қадрлаш, қўшни мамлакатлар билан манфаатли ҳамкорликни кучайтириш, минтақавий хавфсизлик ва барқарор тараққиётга эришиш бўйича муҳим вазифаларга алоҳида эътибор қаратилган.
Учинчиси – “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”нинг халқаро (глобал) даражадаги аҳамияти. Тараққиёт стратегиясида БМТ органлари ва институтлари, глобал ва минтақавий иқтисодий, молиявий
ва гуманитар ташкилотлардаги фаолиятни кучайтириш, хусусан, иқлим, экология, терроризм, коррупция, миграция, камбағаллик каби глобал муаммоларни ҳал этиш борасида халқаро ҳамкорликни янги босқичга кўтариш ҳақида сўз борган.
Яъни, Ўзбекистонни БМТ тузилмалари орқали дунё ҳамжамиятига кенг танитиш билан боғлиқ ибратли амалиётни изчил давом эттириш лозим. Бунда Ўзбекистон раҳбариятининг БМТ доирасидаги ташаббусларини амалга оширишни таъминлаш, БМТ ва унинг муассасалари билан иқтисодий-молиявий ва консультатив ҳамкорликни ривожлантириш айниқса улкан аҳамият касб этади.
Тараққиёт стратегиясида, шунингдек, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари билан маданий-гуманитар ҳамкорликни жадаллаштириш, БМТнинг “Инсон ҳуқуқлари йўлида ҳаракатга даъват” ташаббусини илгари суриш учун барча шериклар билан яқин ҳамкорликни давом эттириш истиқболлари кўрсатиб берилган.
Шу нуқтаи назардан, “Янги Ўзбекистон тарраққиёт стратегияси”нинг нафақат номланиши, айни чоғда унда белгиланган устувор йўналишлар ва муҳим вазифалар ҳам миллий ёки минтақавий миқёсдагина эмас, балки глобал даражада улкан аҳамиятга молик халқаро ҳужжатлар билан уйғун ва ҳамоҳангдир.
Дастлаб Ҳаракатлар стратегиясида, эндиликда эса Тараққиёт стратегиясида ҳам Ўзбекистон бажаришни ўз зиммасига олган БМТ Барқарор тараққиёт мақсадларини мамлакатимиз ҳаётига татбиқ этишнинг аниқ миллий дастури белгилаб берилди.
Бошқача айтганда, Ўзбекистон ташқи халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида ўзининг БМТ Барқарор тараққиёт мақсадлари билан ҳамоҳанг ҳолда ривожланиши, бу борадаги ўзига хос ўрни ва аҳамияти, янада муҳими, ибратли тажрибасини бутун дунёга кўрсата олди. Ўз навбатида, Янги Ўзбекистон тарраққиёт стратегияси ушбу муҳим тараққийпарвар жараён узлуксиз давом этаётганидан далолат беради.
Бугунги кунда халқаро ҳамжамият томонидан Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги конвенция лойиҳаси ишлаб чиқиляпти. Қолаверса, 35 йилдан буён Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги декларация амал қилмоқда. Шу маънода, Ўзбекистон Президенти тақдим этган Тараққиёт стратегияси халқаро ҳамжамиятнинг ривожланиш тенденцияларига, бутун дунёнинг тараққиёт трендларига тўла мос келади.
Янги Ўзбекистон Тараққиёт стратегияси: халқаро ва хорижий экспертлар баҳоси
“Янги Ўзбекистон тарраққиёт стратегияси” ҳамкор хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар, бутун жаҳон ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотмоқда. Бир қатор нуфузли хорижий ва халқаро экспертлар томонидан Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг қамровли ва шиддатли ислоҳотлар самаралари эътироф этилган ҳолда, ушбу янги тарихий ҳужжатнинг лойиҳасигаёқ юксак баҳолар берилдики, улардан айримларига тўхталамиз.
Мамлакатимизга 2021 йил 28 ноябрь – 7 декабрь кунлари ташриф буюрган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Терроризмга қарши курашда инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш масалалари бўйича махсус маърузачиси Фионнуала Ни Аолайн Ўзбекистоннинг қонун ижодкорлиги ва халқаро ҳужжатлар қабул қилишда ташаббускорлик кўрсатиш соҳаларида етакчи эканини эътироф этган ҳолда, хусусан, “Меҳр” операцияси доирасида фуқароларни мамлакатга қайтариш, реабилитация ва реинтеграция қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни юксак баҳолади.
Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Мартин Чунгонг Президент Шавкат Мирзиёевнинг миллий парламентларнинг ролини оширишга қаратилган халқаро ташаббусларини тўла қўллаб-қувватлаши ҳақида баёнот берди. Бу ўринда давлатимиз раҳбарининг:
биринчидан, БМТ Бош Ассамблеясининг Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисидаги махсус резолюциясини қабул қилиш;
иккинчидан, жорий йилда Ўзбекистонда Аёл-спикерлар жаҳон саммитини ўтказиш;
учинчидан, Ёшлар парламентларини ривожлантириш бўйича ташаббусларни рағбатлантириш ва бу борада яқин ҳамкорликни йўлга қўйишга доир ташаббуслари назарда тутилмоқда.
Ўз навбатида, Женева дипломатик доиралари Президенти Робер Блум таъкидлашича, Ўзбекистон Президенти илгари сурган хусусий мулк ва тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, хусусий секторни рағбатлантириш бўйича янги ташаббуслар мамлакатнинг иқтисодий ўсишига ва аҳоли фаровонлиги ошишига олиб келади.
Халқаро “Diva International” журнали Бош муҳаррири Марит Фосс эса Президент Шавкат Мирзиёев ўзини том маънодаги демократ сифатида намоён этаётганига эътибор қаратган. Ушбу халқаро экспертнинг қайд этишича, Ўзбекистон Президентининг асосий мақсади – инсон қадрини таъминлашдир. Бу, ўз навбатида, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни англатади. Мамлакатда номарказлаштириш сиёсати олиб борилаётгани, яъни марказий давлат органларининг айрим муҳим ваколатлари маҳаллий ҳокимият идораларига ўтказилаётгани тўғри ва оқилона йўлдир.
Франциянинг “Newly” он-лайн нашри ёзишича, “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” мамлакат миллий тараққиётида янги босқични бошлаб беради. Айниқса, “инсон – жамият – давлат” устувор тамойили жамиятда ижтимоий муҳитни тубдан ўзгартиришнинг муҳим мезонига айланади.
Давлатимиз раҳбарининг Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла” йилида амалга оширишга оид Давлат дастурини амалга ошириш истиқболлари ҳақидаги нутқини тинглаш асносида бизда ҳам бир қатор фикрлар туғилди. Президентимиз Давлат дастури тўлиқ бажарилиши ва кутилган самараларни бериши учун унинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш зарурлигига алоҳида эътибор қаратгани бежиз эмас.
Шу мақсадда миллий даражада: таълимнинг мактаблардан токи олий ўқув юртларигача бўлган барча босқичларида “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” китоби бўйича миллий иншолар танловини ўтказишни таклиф этамиз. Бу тадбир ёшларимиз онгу шуурида ватанпарварлик, миллий ғурур ғояларини мустаҳкамлаб, кучли ғоявий иммунитет ҳосил бўлишига хизмат қилади.
Халқаро даражада: “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси” мавзусида гибрид шаклида халқаро форум ўтказиш лозим. Айни йўналишда турли сиёсий-дипломатик тадбирлар ташкил этилиши ҳам айни муддаодир.
Хулоса қилиб айтганда, “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”ни ҳаётга изчил татбиқ этиш жараёнлари анча илгари – Шавкат Мирзиёев иккинчи марта Ўзбекистон Президенти лавозимини расман бажаришга киришган санадан бошланган. Шундан сўнг орада ўтган 80 кун мобайнида 6 та қонун, Президентнинг 7 та фармони ва 17 қарори қабул қилинди.
Бу ўринда давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан қабул қилинган “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”, “Тадбиркорлар кунини белгилаш тўғрисида”, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги янги қонунларни ва бир қатор қонунларга киритилган муҳим ўзгартиришларни алоҳида таъкидлаш мақсадга мувофиқдир. Бугунги кунда амалиётга изчил жорий этилаётган ушбу қонун ҳужжатларининг барчаси Тараққиёт стратегиясида белгилаб берилган устувор йўналишлар ва энг муҳим вазифаларнинг сўзсиз бажарилишига қаратилган.
Айни дамда олдимизда “Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси”нинг маъно-моҳияти ва аҳамиятини теран тарғиб этиш, унда белгиланган муҳим вазифаларни амалга ошириш, ижросини таҳлил ва мониторинг қилиб боришдек улкан кўламдаги вазифалар турибди.
Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Cпикерининг биринчи ўринбосари,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори
- Қўшилди: 14.07.2022
- Кўришлар:
- Чоп этиш