Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) асосий фаолияти хавфсиз ва соғлом меҳнат концепциясига асосланган ва меҳнатни муҳофаза қилиш ушбу ташкилотни ташкил қилишнинг асосий сабабларидан бири эди. Вақт ўтиши билан ХМТ мазкур муаммони ҳал қилишга бошқача ёндаша бошлади.
Бугунги кунда меҳнат муҳофазасига тегишли ҳужжатларни қабул қилиш орқали меҳнат муҳофазасини ташкил этиш ХМТ фаолиятида асосий ўринни эгалламоқда. Ҳозир ХМТ тасарруфида муҳим декларациялар билан бир қаторда меҳнат муҳофазаси соҳасидаги 40 дан ортиқ махсус ҳужжатлар мавжуд.
ХМТнинг ташаббуси билан 2003 йилдан буён 28 апрель – Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни сифатида кенг нишонлаб келиняпти. ХМТ томонидан ушбу куннинг таъсис қилинишига сабаб бутун дунёда иш жойларида бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларининг олдини олишга кўмаклашишдир. Дунёнинг барча давлатларида меҳнат муҳофазаси билан шуғулланувчи ташкилот ва муассасалар мазкур кунга бағишлаб турли тадбирларни ташкил қиладилар.
Муносиб меҳнат муҳофазасини ташкил қилишнинг асосини меҳнат муносабатлари соҳасидаги давлат сиёсати ташкил этади. Бунда уларни тартибга солишга қаратилган миллий қонунчилик етакчи ўринни эгаллайди.
Мамлакатимизда меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича белгиланган барча тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси, “Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуни (янги таҳрири) ҳамда бошқа қонуности ҳужжатлар билан тартибга солинади. Бугунги кунда юртимизда муносиб меҳнат муҳофазасини таъминлашга қаратилган етарлича механизм шакллантирилган.
Иш берувчи ва ходимларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш талабларини бажариш бўйича масъулиятини ошириш, шу жумладан:
- ишлаб чиқаришда содир бўлган бахтсиз ҳодиса ҳолатлари бўйича ўз вақтида текшириш ўтказиш;
- меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари ижросини назорат қилувчи давлат органининг кўрсатмаларини белгиланган муддатларда бажариш;
- меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тадбирларни молиявий таъминлаш;
- меҳнат шароитлари ва муҳофазаси бўйича тегишли назорат бу борадаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ҳисобланади.
Меҳнат кодексининг 211-моддасига кўра, барча корхоналарда хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитлари яратилган бўлиши керак. Бундай шароитларни яратиб бериш иш берувчининг мажбуриятига киради. Меҳнат кодексининг 30 дан ортиқ моддаси меҳнат муҳофазаси масалаларига бағишланган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги
“2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони билан тасдиқланган Давлат дастурининг 193-бандида меҳнат муносабатлари ва меҳнатни муҳофаза қилишга оид қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда меҳнат бозори инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган. Унда тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш ва унда қуйидагиларни назарда тутиш кўрсатилган:
хавфсиз меҳнат шароитларида ишлаш ҳуқуқини таъминлаш;
меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги хизматлар бозори профессионал иштирокчиларининг соддалаштирилган аккредитация тизимини ташкиллаштириш;
профессионал иштирокчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш;
барча меҳнат органлари ходимлари, корхона ва ташкилотларнинг кадрлар бўлими мутахассисларига «Ягона миллий меҳнат тизими»да ишлашни ўргатиш бўйича семинар-тренинг ўтказиш;
«Ягона миллий меҳнат тизими» мамлакат ҳудудида барқарор ишлаши учун Самарқанд шаҳрида захира сервер ускунасини жойлаштириш;
ХМТ тавсиялари асосида давлат меҳнат инспекцияси фаолиятини такомиллаштириш;
норасмий меҳнат муносабатларини расмийлаштириш, меҳнат соҳасидаги шикоят ва низоларни ҳал қилиш, меҳнат муҳофазасини таъминлаш ва мажбурий меҳнат билан курашиш бўйича олиб борилаётган ишларни кучайтириш;
Бирлашган Араб Амирликлари Инсон ресурслари вазирлиги билан ҳамкорликда ишчиларнинг меҳнат муносабатлари соҳасидаги ариза ва шикоятларини кўриб чиқувчи ихтисослаштирилган турғун ва мобил
«Меҳнат М» марказларини ташкил қилиш.
Ҳар йили Бутунжаҳон меҳнатни муҳофаза қилиш куни турли шиорлар билан ўтказилади. Шиорларнинг барчаси иш жойларида хавфсизликни таъминлаш ва одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш билан боғлиқ бўла. Яъни, хавфсиз иш жойларини яратиш, шикастланишлар сонини камайтириш, зарарли моддалар билан ишлашда хавфсизликни яхшилаш каби омилларга эътибор қаратилади.
Масалан, 2019 йилда Бутунжаҳон меҳнатни ҳимоя қилиш кунининг шиори: “Меҳнатни муҳофаза қилиш ва меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасининг келажаги” эди. 2020 йил учун “Меҳнат соҳасида зўравонлик ва ҳақорат”, деган шиор танланган. Ушбу шиор ишчилар соғлиғи ва хавфсизлиги, шунингдек, ташкилотнинг самарадорлиги ва обрўсига жиддий ва доимий таҳдид соладиган иш жойидаги зўравонлик ва тазйиқ муаммосига бағишланган.
Маълумки, 2019 йил июнь ойида ХМТнинг 100 йиллиги арафасида Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан қабул қилинган Зўравонлик ва тазйиқ тўғрисидаги конвенция (190-сонли) ва унга илова қилинган Тавсиялар (№ 206) ишда зўравонлик ва зўравонликни тақиқлаш ва олдини олишга чақиради. Ушбу ҳужжатларга мувофиқ, иш жойидаги зўравонлик зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омиллари сифатида таснифланади. Зўравонлик, ходим ёки иш берувчининг жисмоний куч ёки бошқа воситалардан фойдаланиб, бошқа шахсга зарар этказиш, жароҳат олиш ёки ўлимга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатларидир.
Ҳозирда коронавирус пандемиясига қарши курашда ҳукуматлар, иш берувчилар, ишчилар жамиятнинг тобора ортиб бораётган муаммоларини эътироф этган ҳолда, Бутунжаҳон меҳнатни ҳимоя қилиш кунини иш жойларида юқумли касалликларнинг, хусусан, COVID-19 пандемиясининг тарқалишига қарши курашга бағишлаётгани айни муддао, деб ҳисоблаймиз.
Дунё бўйича баъзи мамлакатларда COVID-19 тарқалиши ва бошқа мамлакатларда инфекциянинг олдини олиш бўйича профилактика ишлари кучайиб бормоқда. Ҳукумат, давлат органлари ва иш берувчилар пандемия етказиши мумкин бўлган зарарнинг олдини олиш ёки камайтириш учун ҳаракат қилмоқдалар.
Юзага келган тангликдан пандемиянинг иш жойларида авж олишининг олдини олиш ва назорат қилиш алоҳида аҳамиятга эга эканлигини билиб олдик. Иш жойида меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича тегишли чораларни қўллаш касаллик тарқалишининг олдини олишда ҳал қилувчи роль ўйнаши мумкин.
Ўзбекистонда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишда мутасадди давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда ташкилотларнинг мувофиқлаштирилган фаолиятини ташкил этиш, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш мақсадида бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 мартдаги “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонии шулар жумласидандир.
Мазкур Фармонда коронавирус пандемияси туфайли ходимларга етиши мумкин бўлган зарарнинг олдини олиш ёки камайтириш мақсадида бир қатор чоралар белгиланган. Жумладан:
коронавирус инфекцияси билан зарарланиши ёки зарарланган деб гумон қилиниши муносабати билан карантинга жойлаштирилган ота-оналар (улар ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар), шунингдек, уларнинг 14 ёшгача бўлган боласини парвариш қилаётган шахсларга ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси тўланади;
коронавирус инфекцияси билан зарарланган ёки карантинга жойлаштирилган, шунингдек, 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (унинг ўрнини босувчи шахслар, васийлар, ҳомийлар) бўлган ходимлар билан меҳнат шартномаларини иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилиш тақиқланади;
14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сонини 2020 йил 1 апрелдан бошлаб 10 фоизга оширилади;
тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар жорий қилинди;
Давлат бюджетидан молиялаштириладиган ва ўз фаолиятини тўхтатган мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус ва олий таълим муассасалари, спорт ва маданият муассасалари ходимларининг иш ҳақлари ўз вақтида тўлаб берилиши таъминланиши;
аҳолига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этишнинг соддалаштирилган тизимини ташкил этиш ҳамда жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддатини узайтириш чораларини кўриш белгилаб берилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида пандемия шароитида ишчиларнинг соғлиги ва ҳаётини асраш бўйича қуйидаги чоралар назарда тутилди:
биринчидан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида барча кўнгилочар объектлар, шу жумладан тунги клублар, дискотека, ресторан, кафе, ошхона, чойхона, спа ва массаж салонлар, караоке, бильярд заллари, чилим (кальян) марказлари ва компьютер ўйинлари хизматини кўрсатувчи тадбиркорлик фаолияти тўхтатилди;
иккинчидан, давлат олий таълим муассасаларида, умумий ўрта, ўрта махсус, мактабдан ташқари ва мактабгача таълим муассасаларида ҳамда барча нодавлат таълим ташкилотларида таълим жараёнлари тўхтатилди;
учинчидан, давлат идоралари ва ташкилотларида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари вакилларини қабул қилиш ҳамда уларга давлат ва бошқа хизматларни кўрсатиш имкон қадар «онлайн» режимга ўтказилди;
тўртинчидан, идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотларнинг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларни меҳнат таътилига чиқариш, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб («онлайн» режимда ёки масофавий тарзда) ташкил этиш чоралари кўрилди;
бешинчидан, барча турдаги корхона ёки муассасаларга ташриф буюрувчи шахсларни фақат тиббий ниқоб ва тиббий воситаларни қўллаган ҳолда киритиш тартибини мажбурий жорий этилди;
Олтинчидан, иш жойларида ходимларнинг тана ҳароратини ўлчаш ва тана ҳарорати юқори бўлган ходимларни иш жойида бўлишига йўл қўймаслик ҳамда ушбу ходимлар тўғрисида соғлиқни сақлаш органларига зудлик билан хабар етказиш тартиби жорий этилди;
еттинчидан, давлат санитария назорати органларининг талабномасига мувофиқ коронавирус инфекциясини юқтирган ходим билан мулоқотда бўлганлар ҳақида дарҳол маълумот бериш, касалланган шахс бўлган жойларни дезинфекциядан ўтказиш чораларини кўриш;
саккизинчидан, ходимларга изоляция режимида бўлишга оид талабларга риоя этишда раҳбарларнинг кўмаклашиши лозимлиги назарда тутилди.
Қарорда белгиланган вазифалар ижроси юзасидан барча ташкилотларда ходимлар меҳнат таътилига чиқарилди ёки масофадан туриб ишлаш режимига ўтказилди. Мазкур муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг 2020 йил 28 мартдаги “Карантинга оид чоралар амал қилиши даврида ходимларни масофавий иш усулида, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлашга ўтказишнинг вақтинчалик тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғи билан тартибга солинади.
Унда масофавий иш, мослашувчан иш графигида ёки уйда ишлаш тушунчаларига изоҳ берилгани ҳолда, бундай ишга ўтказилганда меҳнатга ҳақ тўлаш, иш режими, меҳнат таътиллари, иш вақтининг давомийлиги, ходимнинг меҳнат мажбуриятларини амалга ошириш учун зарур бўлган жиҳозлар ва/ёки техника воситаларидан фойдаланиш тартиби, электрон ҳужжат алмашиш йўли ва бошқа масалалар назарда тутилган.
Тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимлари коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш, аҳоли саломатлиги ва санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш борасида айниқса жонбозлик кўрсатишмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартда қабул қилинган “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашишга жалб қилинган тиббиёт ва санитария-эпидемиология хизмати ходимларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори айнан шу соҳалар ходимларининг моддий таъминотини кучайтириш мақсадини кўзда тутади.
Қарорда коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш ишларига жалб этилган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларни қўшимча ижтимоий ва моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида коронавирус инфекциясидан зарарланган беморлар билан мулоқотга киришадиган, зарарланган беморлар жойлаштирилган объектларда ҳамда коронавирус инфекциясини аниқлаш лабораторияларида фаолият олиб бораётган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ҳар 14 кунлик фаолият даври учун қуйидаги миқдорларда (солиқлардан ташқари) махсус қўшимча рағбатлантириш тўлови белгиланди:
врач ходимларга, врач-лаборантларга — 25 миллион сўм;
ўрта тиббиёт ходимларига, ҳамшира-лаборантларга — 15 миллион сўм;
кичик тиббиёт ходимларига — 10 миллион сўм;
бошқа ходимларга — 5 миллион сўм;
коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекцияси юқтириб олган тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга тўланадиган бир марталик тўлов – 100 миллион сўм;
коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш доирасида беморлар билан ишлаган вақтида коронавирус инфекциясини юқтириш натижасида оғир аҳволга тушган ва соғлиғи тикланмаган тақдирда тиббиёт, санитария-эпидемиология хизмати ва бошқа ходимларга ёки уларнинг оила аъзоларига тўланадиган бир марталик тўлов – 250 миллион сўм.
Айни пайтда мамлакатимизда пандемиянинг олдини олиш энг устувор вазифа бўлиб қолаётганига қарамасдан, меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ишлар тўхтаб қолаётгани йўқ. COVID-19 пандемияси дунёнинг кўплаб давлатларини, жумладан, мамлакатимизни қатъий чоралар кўришга мажбур қилди.
Хусусан, беморлар ёки беморлар билан алоқада бўлган одамларнинг карантинга олиниши, транспорт воситалари ҳаракатининг чекланиши ёки кўплаб корхона ва муассасаларнинг ёпилиши ва бошқа вақтинча чоралар жорий этилди. Ушбу чоралар баъзи ишчи-хизматчиларнинг иш жойларига етиб бориш имкониятини мураккаблаштирганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди.
Шу сабабли карантин чоралари амал қилаётган даврда ишчи-хизматчиларни иш билан таъминлаш ва ижтимоий ҳимоя қилиш учун қўшимча саъй-ҳаракатлар талаб этилди. Ўзбекистон Президенти бу борада кейинги кунларда қабул қилган фармон ва қарорлар, Ҳукумат томонидан шундай оғир шароитда ишчиларнинг ижтимоий ҳимояси борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар шундай муҳим мақсадларга қаратилган.
Рустам Атовуллоев,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази ходими
- Қўшилди: 28.04.2020
- Кўришлар: 5094
- Чоп этиш