Баъзан инсон ҳаётини сақлаб қолишда оз миқдордаги тоза қон ҳал қилувчи омилга айланади. Бир неча томчи қон бемор инсоннинг тезроқ соғайишига, оёққа туришига кўмак бўлиши мумкин. Шу маънода донорлик ҳар қандай инсон қилиши мумкин бўлган оддий, аммо қаҳрамонликка тенг эзгу ишдир.
Маълумки, “Адолат” социал демократик партияси томонидан ҳар йили «Бор меҳримиз сенга, болажон!» беғараз донорлик хайрия акцияси ўтказиб келинади. Партия матбуот хизматининг маълумотларига кўра, 7 йилдан буён ўтказиб келинаётган ушбу донорлик хайрия акцияларида бугунги кунгача 24 минг 753 нафар фуқаро кўнгилли донор сифатида иштирок этган. Натижада 8 минг 663 литр ҳаёт томчилари йиғилиб, 42 минг 612 нафар болажонларнинг саломатлигини тиклаш ва ҳаётини сақлаб қолиш учун ишлатилган.
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан «Бор меҳримиз сенга, болажон!» шиори остидаги навбатдаги донорлик акцияси ўтказилади. Акция 31 май куни соат 9:00дан 16:00гача Республика қон қўйиш марказида ҳамда унинг барча ҳудудий бўлимларида ўтказилиши режалаштирилган.
Қон донорлиги акциясида иштирок этадиган юртдошларимиз энг улуғвор ишни амалга ошириб, ҳам бемор болаларга кўмак беришади, ҳам ўз соғлиғига фойда келтиради. Гап шундаки, қон донорлиги инсон саломатлиги учун ҳам фойдали бўлиб, қонни янгилашга ва организмнинг доимо тетик бўлишига ёрдам беради.
Шу ўринда қайд этиш жоизки, 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган соғлом одамлар, оғирлиги 50 килодан зиёд бўлганлар, камида охирги 6 ой давомида жиддий касаллик ва жарроҳлик амалиётларини бошдан кечирмаганлар қон донори бўлиши мумкин. Донорлик акцияси иштирокчилари эзгулик сари қадам ташлаб, бемор болажонлар ҳаётини асраб қолишга ўз ҳиссасини қўшади.
М.Комилова, ЎзА
- Қўшилди: 30.05.2024
- Кўришлар: 1513
- Чоп этиш