23 апрель – Инглиз тили халқаро куни
1066 йили Франция Қироли Уильям Виктор (Зафардор) томонидан Англия босиб олинганидан кейин бу ерда англо-норман тили қўлланила бошлаган. Инглиз-лотин-француз тилларининг варианти ҳисобланувчи ушбу тил асосан Англияда ва Буюк Британиянинг бошқа ҳудудларида ишлатилган. Бу уч тил омухтаси бўлган тил вариантини мақоламиз давомида, қулайлик учун, француз тили деб атаймиз.
Маълумки, Франция Қиролининг Нормандиядан келган мансабдорлари ҳамда келиб чиқиши шимолий ва ғарбий Франциядан бўлган тарафдорлари эски шимолий лотин, янада аниқроғи, эски шимолий француз тилида сўзлашишган. Мазкур тил варианти Англияда XII аср бошидан – XV асрнинг охиригача ҳам бадиий адабиётда, ҳам давлатнинг маъмурий бошқарув ишларида, таълим, маданият, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳамда суд-ҳуқуқ соҳаларида кенг ва фаол қўлланилган.
Француз тили уч асрдан кўпроқ давр мобайнида Англия давлати ҳудудида расмий тил, давлат тили сифатида амал қилган. Айниқса, шаклланиб бораётган буржуазия жамиятидаги мулоқотлар, судлардаги иш жараёни, мактаблар, университетлар ва лозим бўлган таълим-тарбия курсларида ҳам сабоқлар француз тилида олиб борилган. Дин соҳасида черков ишларини олиб боришда эса лотин тилидан фойдаланилган.
Англия аҳолиси ўртасидаги мулоқотда инглиз тилини расмий тил сифатида қўллаш батамом тақиқлаб қўйилган. Ундан фақат оила даврасида ёки чекка ҳудудлардаги камбағаллар орасидагина камдан-кам ҳолларда фойдаланилган, холос.
Инглиз тилининг шундай тор доирада ишлатилиши асносида ҳам француз тилидан ижтимоий ва иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий соҳаларда, суд-ҳуқуқ, илм-фан ва таълим тизимларида жуда кўп сўзлар ўзлаштирилган. Мисол учун, Британия Қироллиги армияси уст кийимидаги эмблема ёзувлари ҳали ҳам французчададир.
Шунингдек, Бирлашган Қироллик Парламентида, Қироллик ишларини олиб боришда, қонучилик ишларини юритишда ҳам француз тилидан кенг фойдаланиб келинган.
Бинобарин, XII асрга қадар француз тили ҳеч қачон Англиянинг асосий маъмурий иш юритиш тили бўлмаган. Ўрта асрлар даврининг кўпроқ қисмида Англияда ҳуқуққа оид ва бошқа барча расмий ҳужжатлар ва ҳисоботлар асосан лотин тилида олиб борилган.
XII аср охири – XV аср бошларида француз тили ҳуқуқий ҳужжатлар, низомлар, буйруқлар, расмий хатлар, барча даражадаги савдо-сотиқлар соҳасида ишлатилган. Яъни, бу даврда француз тили Англияда Қиролликнинг маъмурий бошқарув тили ва юқори мансабдорлар синфининг расмий иш юритиш ҳамда ўзаро мулоқот тили сифатида хизмат қилган.
Мазкур жараён XV аср охиригача давом этган. XVI аср бошидан – то XIX асргача эса инглизчалаштириш жараёни ҳукм сурган.
Француз амалдорларининг миллатпарастлик ҳаракатлари туфайли инглизлар ўртасида миллий ватанпарварлик руҳи юксалиб, 300-400 йилча давом этган муттасил курашлар натижасида инглиз тили расмий давлат тили сифатида ўз мавқеини аста-секин эгаллаб борган. Аммо француз тили аллақачон инглиз тилли халқлар онг-шуурига чуқур ўрнашиб қолган бўлиб, ўша даврда ҳатто бадиий адабиёт намуналари ҳам француз тилида ижод қилинган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, атоқли ёзувчи Жефри Чосер инглиз тилида биринчи бўлиб бадиий асарлар яратган. Шунинг учун у инглиз тили ва бадиий адабиётининг асосчиси ҳисобланади.
Ўрта асрларнинг машҳур шоири ва драматурги Уильям Шекспир ҳам асарларини инглиз тилида яратган. У ўз ижодини инглизча сонетлар ёзишдан бошлаган.
Ҳар қандай тил ривожининг муҳим кўрсаткичларидан бири – ўша тилда шеър ёзиш имконияти нечоғлик кенглигидир. Илгари Англияда шеърлар лотин ва юнон тилларида ёзилган. Кейинчалик инглиз ватанпарвар адиблари барча жанрларда ижод қилишга киришгани натижасида инглиз тилида бадиий ва публицистик асарлар, суд-ҳуқуқ ва қонунчилик соҳалари, таълим ва илм-фан йўналишлари бўйича адабиётлар, турли луғат ва қомуслар яратилган.
Шунга қарамасдан, французча сўзлар англияликлар тилида ҳозирги кунгача сақланиб қолган. Инглиз тили луғатининг 28 фоизини, яъни қарийб учдан бир қисмини французча сўзлар ташкил қилиши шундан далолатдир.
Инглиз тили мақомини расмий тил сифатида қайта тиклаш ишларини Англиянинг биринчи Қироли Ҳенри IV бошлаб берган ва Тюдорлар Қироллиги давом эттирган. Тюдорлар, бир томондан, француз оқсуяк маликаларга эмас, балки асл инглиз аёлларига уйланган бўлса, иккинчи томондан, халқни инглиз тилида сўзлашишга ундовчи қонун-қоидалар чиқарган.
1362 йили қабул қилинган “Инглиз тилида айбига иқрор бўлиш тўғрисида”ги қонун билан инглиз тили расмий тилга айланган. Мазкур қонунга мувофиқ, Қирол Ҳенри V ҳукмдорлиги даврида давлат ишларини юритишда девон тили сифатида инглиз тили амал қилган.
Тюдорлар даврида суд, таълим-тарбия, маъмурий бошқарув ишларида, ҳатто ҳар бир фуқаронинг ўзаро мулоқотида ҳам инглиз тилига таяниш талаб қилинган. Ўз навбатида, 1490-йиллар бошида Тюдорлар авлодидан бўлган Қирол Ҳенри VII Қиролликнинг барча ҳудудларида инглиз тилида иш юритиш ва мулоқот олиб боришни қатъиян расмийлаштирган.
Хусусан, 1490 йили Англия Қироли Ҳенри VII ўз халқига мурожаатида ушбу қисқа ва аниқ талабни эълон қилган: “Ok, everybody, we are all going English”. Яъни: “Шундай қилиб, бугундан эътиборан ҳар биримиз расман инглиз тилида мулоқот қиламиз. Гап тамом, вассалом”.
Бугунги кунда қарийб 70 та мамлакатда инглиз тили давлат тили ҳисобланади. Дунёдаги кўп сонли халқаро ташкилотларнинг 85 фоизи расмий иш тили ва миллатлараро мулоқот воситаси сифатида инглиз тилини қўллайди.
БМТнинг расмий тиллари 5 та – инглиз, испан, хитой, араб, рус тиллари бўлишига қарамасдан, халқаро ҳуқуқ нормалари, БМТ доирасида қабул қилинган расмий ҳужжатлар матни аввало инглиз тилида ишлаб чиқилади ва қабул қилинади, кейин бошқа тилларга таржима қилинади.
Инглиз тили аллақачон жаҳон миқёсидаги дипломатик тил сифатида халқаро бизнеснинг расмий тилига айланган. Ер юзида хитой тилида сўзлашувчилар энг кўп сонли бўлса-да, халқаро бизнес, халқаро меҳнат, халқаро таълим, замонавий илм-фан ва технологиялар тақсимотида фаол қатнашиш учун Хитой фуқаролари ҳам инглиз тилини ўрганмоқда ва бу тил имкониятларидан унумли фойдаланмоқда.
Жаҳон кино маҳсулотларининг 85 фоизи, илмий ишларнинг эса 90 фоизи инглиз тилида нашр қилинади. Нобель мукофотига лойиқ деб топилган илмий ишлар ва бадиий адабиёт намуналарининг аксарияти инглиз тилида яратилган ёки шу тилга таржима қилинган нодир асарлардир.
Ҳозирги вақтда дунё халқларига мансуб 1,7 миллиард нафар инсон инглиз тилида гаплашади. Улардан 375 миллион нафари учун инглиз тили она тили ҳисобланса, 750 миллиондан ортиғи инглиз тилидан иккинчи тил сифатида фойдаланмоқда.
Мухтасар айтганда, 350 йиллик тақиқдан кейин инглиз мансабдорлари ва халқи она тили ривожи учун астойдил жонбозлик кўрсатган. Ҳаракатда – баракат, дейдилар. Бугун инглиз тили глобал кўламдаги биринчи рақамли халқаро тил даражасига етишгани бу нақлнинг нақадар ҳаққонийлигини яққол тасдиқлаб турибди.
Қосимбой Мамуров,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журналининг
инглиз тили бўйича муҳаррирлари гуруҳи бошлиғи, ф.ф.н., профессор
- Қўшилди: 23.04.2021
- Кўришлар: 3456
- Чоп этиш