5 декабрь — Бутунжаҳон рақобат куни

1980 йилда БМТ ташаббуси билан жорий этилган ушбу сана бутун дунёда адолатли бозор тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган муҳим кун сифатида нишонланади. Чунки, рақобат иқтисодиётни жонлантирадиган, одамлар ҳаётини яхшилайдиган, бозорда очиқлик ва самарадорликни таъминлайдиган асосий омилдир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда монополияни чеклаш, бозорни асоссиз устунликлардан тозалаш бўйича тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Асоссиз тарифлар, нархлар ёки сохта рақобат орқали истеъмолчи манфаатига зарар етказиш ҳолатларига нисбатан қатъий чоралар кўрилмоқда.

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан маҳалладан тортиб давлат ташкилотларигача – кенг жамоатчиликни рақобат маданиятига оид тушунчалар билан таништириш, ҳуқуқий саводхонликни ошириш ишлари йўлга қўйилган.

5 декабрь  — бозорда адолатни таъминлаш, тадбиркорга ҳуқуқ ва имконият бериш, истеъмолчини ҳимоя қилиш ва мамлакат тараққиётига хизмат қиладиган қонун устуворлигини мустаҳкамлаш борасидаги фидоий меҳнатни эътироф этиш кунидир.

Рақобат ҳар бир тадбиркорга ўз иқтидори, ақли, меҳнати билан муваффақият қозониш учун имконият яратиш демакдир. Чин маънодаги рақобат бор жойда ўсиш, янгиланиш ва равнақка эришиш муқаррар.

Нигора Раҳмонова, ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech