Мамлакатимиз тараққиётининг ҳозирги янги босқичида “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” устувор ғояси асосида жамият ҳаётининг барча соҳаларида туб жиҳатдан чуқур ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бу янгиланишларнинг асосий йўналишларидан бири - инсон ҳуқуқ ва эркинликларини, қонун устуворлигини таъминлашдир. Бу ўринда Конституциямизнинг 13-моддасида “Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Демократик ҳуқуқ ва эркинликлар Конституция ва қонунлар билан ҳимоя қилинади” деб қонуний мустаҳкамлаб қўйилганини алоҳида таъкидлаш зарур.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев уқтириб ўтганидек, “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича мустақил сиёсатини қатъий давом эттирмоқда ва бу сиёсат халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилмоқда”.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, Ўзбекистон Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар тизимини яратган. 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) лавозими жорий этилди. Омбудсман инсон ҳуқуқларига оид масалаларни ўрганиш ва ҳал этиш бўйича кўплаб ваколатларга эга.
Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президентининг Фармони билан 1996 йилда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза қилишнинг таъсирли воситасини барпо этиш, халқаро ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, давлат муассасалари ходимлари ва барча аҳолининг инсон ҳуқуқлари бўйича маданиятини ошириш мақсадида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ташкил этилган эди. Шунингдек, “Ижтимоий фикр” жамоатчилик маркази, Амалдаги қонун ҳужжатлари мониторинги институти ва бошқа 8 мингдан зиёд нодавлат нотижироат ташкилоти фаолияти ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев Фармони билан Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича судга дахли бўлмаган янги механизм – Бизнес-Омбудсман ҳам тузилган.
Ўтган давр мобайнида мамлакатда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий асоси яратилди. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан бир қаторда инсон ҳуқуқларига тааллуқли 16 та кодекс ва 400 дан ортиқ қонун қабул қилиниб, ҳаётга тизимли ва изчил татбиқ этилмоқда. “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”, “Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида”, “Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”, “Хайрия тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар шулар жумласидан бўлиб, улар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга замин бўлмоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари бўйича 70 дан зиёд халқаро ҳужжатлар, хусусан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан инсон ҳуқуқлари бўйича 10 та мажбурий халқаро шартномани ратификация қилган. Ушбу асосий халқаро ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикаси томонидан бажарилиши тўғрисида мунтазам равишда миллий маърузалар тайёрланиб, БМТнинг шартномавий органларига кўриб чиқиш учун юборилади. Уларнинг муҳокамаси якунлари бўйича тайёрланган тавсиялар ижросини таъминлаш мақсадида “йўл хариталари” ишлаб чиқилиб, ушбу миллий ҳаракатлар режаси изчил ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказда фуқароларни директор, масъул ходимлар томонидан қабул қилиш, уларнинг электрон ва ёзма аризаларини кўриб чиқиш, тегишли идоралар билан ҳамкорликда текширишлар ўтказиш, бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Шу билан бирга фуқароларга телефон орқали бепул юридик маслаҳатлар бериб борилади.
Марказ инсон ҳуқуқларининг бузилиши аниқланган ҳолатларда ваколатли давлат органлари томонидан инсон ҳуқуқлари бузилганлиги ҳақидаги маълумотлар текширувини уюштиришни ташкил этиб келмоқда. Шу билан бирга давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари, хусусан жазони ижро этиш муассасалари, илмий ва таълим муассасалари ҳамда бошқа тузилмаларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича фаолият амалиёти жойларда бевосита ўрганилади. Бунинг учун Марказнинг масъул ходимларига жазони ижро этиш муассасаларига, қамоқда сақлаш жойларига ва махсус қабулхоналарга монеликсиз кириш ҳуқуқи берилган.
Ўзбекистон Президентининг “Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғоя асосида ташкил этилган Виртуал ва Халқ қабулхоналари ташкил этилганлиги инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлашни сифат жиҳатдан янги босқичга чиқарди. Давлат ходимлари, аввало, биринчи раҳбарлар фақат кабинетда ўтирмасдан, жойларга бориб, аҳолини безовта қилаётган энг долзарб муаммоларнинг амалий ечими билан шуғулланмоқда. Бу халқ ҳокимияти номига эмас, амалда жорий этилаётганини кўрсатади.
Ўзбекистонда ушбу йўналишда кейинги йилларда амалга оширилган самарали ишлар халқаро ҳамжамият томонидан муносиб баҳоланмоқда. Хусусан, БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн расмий равишда “Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар дунё давлатлари ўрнак олишига лойиқ” деб эътироф этган.
2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги халқаро норма ва стандартларни самарали амалга ошириш мақсадида 2018 йил 10 декабрда давлатимиз раҳбарининг “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Президентимизнинг ушбу қарорида Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг қуйидаги асосий вазифалари белгилаб қўйилган:
-инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишига, ушбу соҳадаги Ўзбекистон Республикаси халқаро мажбуриятларининг бажарилиши бўйича давлат органлари фаолиятига кўмаклашиш;
-инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя қилиш ҳолатини ўрганиш, таҳлил қилиш ва умумлаштириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсиялари бажарилишини мониторинг қилиш;
-Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш бўйича миллий маърузалар тайёрлаш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ва минтақавий тузилмаларнинг тавсияларини амалга ошириш бўйича миллий ҳаракат режаларини (“йўл хариталари”)ни ишлаб чиқиш;
-норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини миллий қонунчиликка ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига имплементация қилишни таъминлаш бўйича таклифлар тайёрлаш;
-инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва амалга ошириш масалалари бўйича давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа ташкилотларга маслаҳат бериш функциясини амалга ошириш ва уларга амалий кўмаклашиш;
-инсон ҳуқуқлари соҳасида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга кўмаклашиш, инсон ҳуқуқларига риоя қилиш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни ташкил этиш ва ўтказиш, шунингдек, ноширлик фаолиятини амалга ошириш;
-инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро ва минтақавий ташкилотлар ҳамда тузилмалар, хорижий мамлакатлар миллий институтлари билан ҳамкорликни амалга ошириш.
Марказ инсон ҳуқуқлари соҳасидаги давлат сиёсатининг самарали амалга оширилиши учун ушбу соҳада мамлакатимизнинг халқаро мажбуриятларининг бажарилиши бўйича давлат органлари фаолиятига кўмаклашади. Хусусан, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида давлат сиёсатини самарали амалга ошириш юзасидан таклифлар тайёрлайди, мамлакатимизнинг ушбу соҳадаги халқаро мажбуриятлари бажарилиши мониторингини олиб боради ва тизимли таҳлил қилади, халқаро шартномаларни қўллаш механизмларини янада такомиллаштириш бўйича давлат органлари, фуқаролик жамияти институтларининг таклифларини тўплайди ва умумлаштиради, уларнинг ахборотларини тинглайди, халқаро тузилмалардан келиб тушадиган мурожаатлар бўйича тегишли чоралар кўради.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, БМТ тизимидаги дастурлар, фондлар ва ихтисослаштирилган муассасалар, Европа Иттифоқи, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ҳамда бошқа халқаро ва минтақавий ташкилотлар билан инсон ҳуқуқларига риоя қилиш, уларни ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш масалалари бўйича қалин ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Марказ давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари, шу жумладан жазони ижро этиш муассасалари, илмий ва таълим муассасалари ҳамда бошқа тузилмаларда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича фаолият амалиётини жойларда бевосита ўрганиш, шунингдек инсон ҳуқуқларининг бузилиши аниқланган ҳолатларда ваколатли давлат органлари томонидан инсон ҳуқуқлари бузилганлиги ҳақидаги маълумотлар текширувини уюштириш ҳуқуқига эга.
Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ фаолиятида фуқароларнинг шикоятларини кўриб чиқиш ва таҳлил қилиш, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини мониторинг қилиш жараёнида аниқланган қонун бузилишини бартараф этиш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг бузилишига олиб келадиган ҳолатларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ўз вақтида амалга ошириш тўғрисида тавсиялар ишлаб чиқиш алоҳида ўрин тутади.
Марказ айниқса юртимизда оналар ва болалар, ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ёшлар ва хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш бўйича изчил иш олиб бормоқда.
Бир сўз билан айтганда, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ адолат қарор топишиини таъминлаш учун халқимиз манфаати, унинг орзу-умидлари, эзгу ниятларини рўёбга чиқаришдек хайрли мақсадга хизмат қилмоқда.
Эркин Эрназаров,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали
бош муҳаррирининг ўринбосари
- Қўшилди: 26.12.2019
- Кўришлар: 4999
- Чоп этиш