Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Адвокатлар палатаси ва "Юксалиш" умумиллий ҳаракати томонидан "Адвокатлар палатасининг институционал ва функционал мустақиллиги: халқаро стандартлар ва хорижий тажриба" мавзуида илмий семинар ташкил этилди.
Ушбу тадбирнинг ўтказилишини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти, "Минтақавий мулоқот" ташкилоти, шунингдек АҚШ Давлат департаментининг Наркотик моддаларнинг халқаро кўламда айланишига қарши кураш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш бўйича бюроси каби бир қатор миллий ва хорижий ҳамкорлар қўллаб-қувватлади.
Икки кунлик илмий анжуман ишида Ўзбекистон, АҚШ, Словения, Германия, Франция ва Италиядан 100 нафардан зиёд ҳуқуқшунос иштирок этди. Онлайн мулоқотда сўзга чиққан иштирокчилардан ҳар бири адавокатлар мустақиллигини таъминлаш бўйича ўз мамлакати тажрибаси хусусида тўхталди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар самараларига доир муҳим маълумотларни халқаро жамоатчилик эътиборига тақдим этар экан, мамлакатимизда судлов органлари ва адвокатура мустақиллиги борасидаги халқаро ҳуқуқий стандартларга жиддий эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлади.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгаши ва бошқа шартномавий қўмиталарида Ўзбекистоннинг миллий маърузаларини кўриб чиқиш жараёнларида судьялар, адвокатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларига инсон ҳуқуқлари бўйича таълим бериш масаласига мунтазам эътибор қаратиб келинмоқда.
Мамлакатимизда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва малака тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар дастури ишлаб чиқилган. Айни вақтда бу Дастур изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилмоқда.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази доимий равишда судьялар, прокурорлар ва адвокатлар билан одил судлов соҳасидаги халқаро стандартларни миллий амалиётга имплементация қилиш масалалари бўйича турли тадбирлар - семинар ва тренинглар, учрашув ва мунозаралар ўтказиб келмоқда.
Бундан ташқари, Ҳукумат қарори билан Марказ қошида "Инсон ҳуқуқлари бўйича ўқув курслари" ташкил этилган. Ушбу машғулотларда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари айни йўналишда таҳсил оладилар.
Илмий семинар давомида Ўзбекистон Адвокатлар палатасининг институционал ва функционал мустақиллигини таъминлаш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Суд жараёнларида тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро тортишув принципларини таъминлаш, адвокатурани аҳоли ишончига сазовор институтга айлантириш, профессионал ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш сифатини ошириш ва адвокатлик касби нуфузини юксалтириш борасида истиқболда амалга ошириладиган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Адвокатлар палатаси томонидан тайёрланган "Адвокатура институтини ривожлантириш концепцияси" лойиҳаси қўллаб-қувватланди. Семинар иштирокчилари қайд этганларидек, ушбу лойиҳада адвокатларнинг ҳуқуқий мақомини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш бўйича аниқ чора-тадбирлар назарда тутилган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 29.06.2020
- Кўришлар: 4389
- Чоп этиш