Акмал Саидов БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 42-сессиясида сўзга чиқди

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов Женевада бўлиб ўтаётган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 42-сессиясида иштирок этди ва сўзга чиқди. 
 
Ўзбекистон делегациясининг раҳбари БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишель Бачелетнинг нутқида баён этилган асосий фикрларни маъқуллашини билдирди. М.Бачелетнинг дунёдаги иқлим ўзгариши жараёнлари билан инсон ҳуқуқлари ўртасида бевосита боғлиқлик борлиги ҳақидаги хулосаси эътиборга лойиқ экани таъкидланди.
 
Ҳақиқатан ҳам, иқлим ўзгариши – инсон ҳуқуқларига қарши глобал таҳдиддир. Мамлакатимиз Орол денгизи фожеаси мисолида иқлим ўзгариши оқибатларидан яхши хабардор. Бу – нафақат минтақавий, балки бутун сайёрамиз миқёсидаги улкан муаммо. 
 
Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерришнинг кўмаги туфайли БМТ шафелигида Оролбўйи учун кўп шериклик асосидаги Траст фонди фаолият бошлади. 
 
А.Саидов Оролбўйида аҳоли турмуши сифати ва даражасини ошириш, замонавий уй-жой, ижтимоий инфратузилма ва саноат объектларини қуриш, умуман, Орол фожеасининг салбий оқибатларини юмшатиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни молиявий рағбатлантиришга қаратилган ушбу Фонд фаолияти БМТга аъзо давлатлар томонидан қўллаб-қувватланишига ишонч билдирди.
 
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига 2021-2023 йилларга сайланиши учун Ўзбекистон номзоди илгари сурилгани ҳақида ҳам тўхталди. А.Саидов қайд этганидек, Ўзбекистон БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг асосчиларидан бири ҳисобланади, аммо ҳали ушбу Кенгашга сайланмаган.
 
Сессия иштирокчиларининг эътибори Ўзбекистон томонининг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши ишида фаол қатнашишга астойдил интилаётганига қаратилди. Мамлакатимизнинг ўз номзодини илгари суриш доирасида зиммасига олган “ихтиёрий мажбуриятлари” ҳақида атрофлича маълумот берилди.
 
Шу билан бирга, сессия делегатлари жорий йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловлари ҳақида хабардор қилинди. Бу галги сайловлар БМТ халқаро стандартлари имплементация қилинган янги қонун ҳужжати – Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси асосида ўтказилади. 
 
Ўзбекистон делегациясининг раҳбари бўлажак сайлов жараёнларини кузатиб бориш учун бир қатор халқаро ва хорижий кузатувчилар таклиф этилганини қайд этди. Улар орасида БМТ, ЕХҲТ/ДИИҲБ тўлиқ миссияси, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ каби нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари бор. А.Саидов мазкур парламент сайловлари мамлакатда фуқаролар сиёсий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришнинг муҳим босқичи бўлишига ишонч билдирди.
 
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 42-сессияси ўз ишини давом эттирмоқда.
 
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech