Акмал Саидов БМТдаги Парламент эшитувларида сўзга чиқди

2021 йил 17-18 февраль кунлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотида видеоконференция тарзида ўтказилган Парламентлараро Иттифоқнинг ҳар йилги Парламент эшитувларида дунёнинг 60 дан ортиқ мамлакатидан қарийб 200 нафар парламент аъзоси, жумладан, Ўзбекистон Парламенти делегацияси иштирок этди.

Парламентлараро Иттифоқнинг бу йилги Парламент эшитувлари "Ҳукуматга ишончни тиклаш ва ривожланиш истиқболларини яхшилаш учун коррупцияга қарши курашиш" мавзусига бағишланди. У жорий йил июнь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеяси махсус сессиясининг Коррупцияга қарши курашиш бўйича сиёсий декларациясини ишлаб чиқишда парламентлар томонидан ҳисса қўшишга қаратилди.

Парламент эшитувларининг очилишида БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессияси раиси Волкан Бозкир ва Парламентлараро Иттифоқ раиси  Дуарте Пачеко сўзга чиқди. Мунозараларда парламентлар аъзолари билан бир қаторда БМТ расмий шахслари, элчилар, олимлар ва фуқаролик жамияти вакиллари ҳам қатнашди.

Анжуманнинг барча сессияларига BBC собиқ мухбири Клэр Дул модераторлик қилди. Тўртта ялпи сессия доирасида парламент аъзолари қуйидаги муҳим мавзуларни муҳокама қилдилар:

биринчи сессия: «Коррупцияга қарши конвенция: мазмун-мундарижаси ва амалга ошириш муаммолари»;

иккинчи сессия: «Улкан маблағлар (активлар) иштирокидаги коррупция, бошқача айтганда, «йирик коррупция»»;

учинчи сессия: «Гендер омилларини ҳисобга олган ҳолда, коррупцияга қарши курашиш сиёсати»;

тўртинчи сессия: «Коррупцияга қарши асосий чоралар: маблағлар миқдори ва ундан кимлар фойда кўришига доир маълумотларни, шунингдек сиёсий партиялар ва сайловларнинг молиялаштирилиши тўғрисидаги ахборотни очиқ эълон қилиш».

Халқаро форум доирасида "Transparency International" Бошқаруви раиси Делия Феррейра Рубио коррупция демократияга қанчалик путур етказиши ва мамлакатлар тараққиёти йўлига ғов бўлиши билан боғлиқ маълумотларни тақдим этди. Шунингдек, у парламентларнинг коррупцияга қарши кураш олиб бориши зарурлиги хусусида тўхталди.

Парламентлараро Иттифоқ ҳар йили БМТ Бош Ассамблеяси мажлислари доирасида парламентлар аъзолари учун Парламент эшитувларини ташкил этади. Бундан кўзланган мақсад – БМТ мансабдор шахслари ва дипломатик ҳамжамияти вакиллари, шунингдек етакчи олимлар ҳамда академиклар билан ўзаро фикр алмашишдир.

Бу галги Парламент эшитувлари иштирокчилари парламент дипломатиясининг аҳамияти хусусида фикр юритдилар. Бундай дипломатия, айниқса, ўта долзарб халқаро ва минтақавий миқёсдаги муаммоларни ҳал этиш, бугунги замоннинг турли даъватлари ва коррупция таҳдидларига жавобан зарур чоралар кўришда дунё мамлакатлари парламентлари аъзоларининг ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлаш йўлида самарали хизмат қилмоқда.

Парламентлараро Иттифоқ ва БМТнинг жорий йилдаги Парламент эшитувларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламентлараро Иттифоқ Ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Акмал Саидов иштирок этди. У тўртинчи ялпи сессия мунозаралари доирасида сўзга чиқди.

А.Саидов ўз чиқишида аввало БМТнинг Коррупцияга қарши конвенцияси қоидаларини бажариш борасида Ўзбекистон эришган натижаларни таҳлил қилиб берди. Шунингдек, иштирокчиларни мамлакат парламенти ва ҳукумати томонидан COVID-19  пандемияси шароитида коррупциянинг олдини олиш бўйича қабул қилинган чора-тадбирлар билан таништирди.

Ушбу чора-тадбирлар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларида кўзда тутилган вазифалар билан уйғун ва ҳамоҳанг экани алоҳида таъкидланди. Хусусан, улар БРМ 16-мақсадида белгиланган барча шакллардаги коррупция ва порахўрликларни сезиларли даражада камайтириш вазифасини бажаришга қаратилган.

Парламент эшитувлари иштирокчиларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси, яъни COVID-19 шароитида ижтимоий сиёсат ва коррупцияга қарши кураш янада кучайишини ҳисобга олган ҳолда, БМТ шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш таклифи ҳақида ҳам ахборот берилди.   

БМТ 75-юбилей сессияси минбаридан янграган ушбу ташаббус моҳиятига кўра, бундай халқаро кодекс ўзида инқирозли ҳодисаларга нисбатан бутун дунё миқёсида жамоавий чора кўришнинг ишончли тизимини ишлаб чиқиш учун назарий ҳамда ҳуқуқий асосларни ўзида мужассам этиши кўзда тутилган. Бу, ўз навбатида, халқаро ҳамжамиятга трансмиллий кўламдаги ҳар қандай таҳдидларга нисбатан мувофиқлаштирилган ва тезкор жавоб чораларини кўришида жуда қўл келади.

Бундан ташқари, иштирокчилар эътиборига бугунги кунда Ўзбекистонда амал қилаётган коррупцияга қарши курашишнинг қонунчилик ва институциявий асослари ҳақидаги маълумотлар тақдим этилди. Хусусан, Коррупцияга қарши кураш бўйича Миллий кенгаш ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолияти ҳақида сўз юритилди.

Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари таркибида коррупцияга қарши курашиш қўмиталари мавжудлиги, маҳаллий вакиллик органларида ҳам худди шундай комиссиялар фаолияти йўлга қўйилгани халқаро форум қатнашчиларида катта қизиқиш уйғотди.

Бундан ташқари, жамиятимизда коррупцияга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантирилмоқда. Мамлакат таълим муассасалари ўқув дастурларига коррупцияга қарши курашга доир махсус курсларни киритиш бўйича аниқ чоралар кўрилган. 

Айни чоғда, фуқаролар коррупция ҳолатлари ҳақида хабар беришда фойдаланишлари учун e-anticor.uz интернет платформаси ва мобил илова яратилмоқда. Бунда коррупция ҳолатлари ҳақида хабар берган фуқаролар пул мукофотлари билан рағбатлантирилади.  

Бугунги кунда 2021-2025 йилларда коррупцияга қарши курашиш Миллий стратегиясини тайёрлаш ишлари бошланган. Бу жараёнда миллий ва халқаро экспертлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари фаол иштирок этмоқда.

Парламент эшитувлари видеоконференция тарзида ташкил этилганига қарамай, иштирокчилар самарадор иш олиб бориши учун барча шароитлар муҳайё қилинди. Шу маънода, Парламентлараро Иттифоқ томонидан БМТда ўтказилган бу йилги Парламент эшитувларининг натижалари дунёнинг барча мамлакатлари ҳаётини яхшилашга ҳисса қўшиши тайин.

Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech