Андижонда ички ишлар органи ходимлари томонидан қийноққа солинган фуқаро А. Абдукаримов вафот этиши ортидан жиноят иши қўзғатилиб, 3 нафар ИИБ ходими ҳисбга олинганидан хабарингиз бор. Жиноят иши бўйича янги тафсилот ҳақида xabar.uz сайти ахборот тарқатди.
Гап шундаки, тергов жараёнида холислик ва қонунийликни таъминлаш мақсадида «дело» Андижон шаҳар прокуратурасидан Бош прокуратура иш юритувига олинган. Бу ҳақда «Xabar.uz»га маҳкама матбуот хизмати маълум қилган.
Унга кўра, жиноят иши марказий маҳкаманинг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда. Жиноят иши мамлакат Бош прокурорининг шахсий назоратига олинган.
Маълумот учун: ушбу фожиали ҳолат ҳақида ОАВ ва Интернетда хабар тарқалгани заҳоти Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н. Йўлдошевга ва Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири П. Бобожоновга расмий хат билан мурожаат қилганди.
Марказ баёнотида таъкидланганидек, бу қайғули ҳолат аввало навқирон бир инсоннинг умрига зомин бўлгани ва марҳумнинг оила аъзоларини чексиз мотаму айрилиқ ғамига дучор этгани билан ҳар биримизни асло бефарқ қолдирмайди. Шу билан бирга, мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга кенг аҳолининг салбий муносабати шаклланишига олиб келиши мумкинлиги ташвиш уйғотмай қолмайди.
Шу омилларнинг барчасини ҳисобга олган ҳолда, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан Андижон шаҳрида содир бўлган мазкур ҳолат қатъий назоратга олинган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 19.06.2020
- Кўришлар: 4120
- Чоп этиш