Туркия пойтахти Анқара шаҳрида Анадолу ахборот агентлиги ташаббуси билан “Ҳарбий шароитда журналистика” мавзусида назарий-амалий машғулот бошланди.
25-бор ташкил этилган тадбирда Анадолудан 10 нафар мутахассис, шунингдек Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Озарбайжон Грузия ва Ироқдан 15 ҳамкасбимиз, мамлакатимиз номидан Миллий ахборот агентлигининг 3 нафар ёш журналисти иштирок этмоқда.
Икки ҳафталик дастурнинг илк куни ҳарбий, жумладан денгиз амалиёти, терроризмга қарши кураш мавзуларидаги машғулотлар билан бошланди.
Тренингдан мақсад уруш, табиий офат ва фавқулодда вазиятларда фаолият юритувчи мухбирларни тайёрлаш, шу билан бирга уларнинг жисмоний ҳолатини яхшилаш, назарий билими, геосиёсатни тушуниш ва терминологиядан тўғри фойдаланиш кўникмасини оширишдан иборат.
ОАВ вакиллари журналистика, шахсий хавфсизлик, ҳарбий тартиб, хусусан биринчи тиббий ёрдам, илғор техникадан фойдаланиш, сувда омон қолиш, кимёвий ва биологик ҳужумдан ҳимояланиш, фавқулодда вазиятда ҳаракатланиш, медиани бошқариш каби 26 хил йўналишда салоҳиятини синовдан ўтказади.
Дастурдан ўрин олган геосиёсат тушунчаси муҳокамасига бағишланган семинарда маҳаллий, ҳудудий ва халқаро сиёсатнинг мазмун-моҳияти, ҳукумат бошқарувидаги вакиллар маърузалари тингланди.
– Ушбу машғулот давомида экстремал шароитда журналистнинг хавфсизлиги ва профессионаллигини оширишга қаратилган муҳим назарий кўникмалар олдик, – деди “АзерТАЖ” мухбири Элмир Сафтаров.
ОАВ вакиллари терминологияни зарур пайтда унумли ва тўғри қўллай олиши ҳам диққат марказида бўлди. Биринчи ва иккинчи жаҳон урушида хабарлар оғиздан-оғизга ўтиши, дунё бўйлаб уруш мавзусини ёритган муаллифлар ҳаёти ва фаолияти, шунингдек уруш турлари – фуқаролар, асиметрик, совуқ, ядровий ҳамда бугунги кундаги рақамли ва ахборот урушига доир тақдимотлар намойиш қилинди.
Айниқса, Туркия денгиз флотининг ҳаракати, сувдаги амалиёти ва мамлакатдаги қирувчи самолёт турлари хусусида берилган маълумотлар ҳамкасбларимизда алоҳида қизиқиш уйғотди.
– Бугун ҳарбий ҳолат юзага келиши, зиддиятлар кучайиб бориши сабаблари ҳақида ҳам маъруза тингладик, – деди Қирғизистоннинг “Кабар” миллий агентлиги мухбири Канат Жолочиев. – Кейин назариядан амалиётга ўтамиз, олдинда мураккаб машғулотлар турибди. Умид қиламанки, семинар якунида етарли тажриба орттирамиз. Ҳеч қаерда уруш бўлмасин, ҳеч ким кўз ёш тўкмасин.
Беҳруз Худойбердиев, Ўткир Алимов, Абдуазиз Ҳидиров,
ЎзА мухбирлари
Анқара, Туркия
- Қўшилди: 03.07.2024
- Кўришлар: 1401
- Чоп этиш