Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Анқарада тақдимот: Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов асарлари турк тилида нашр этилди

Ўзбек адабиётининг икки забардаст вакили — Эркин Воҳидов ҳамда Абдулла Орипов ижоди энди турк китобхонлари учун ҳам яқинроқ бўлади. Халқаро туркий маданият ташкилоти (TURKSOY) томонидан ҳар икки шоирнинг асарлари турк тилига таржима қилиниб, алоҳида китоблар шаклида чоп этилди.

Ёзувчилар уюшмаси ахборот хизмати маълумотларига кўра, нашрлар шоирлар таваллуд саналари муносабати билан амалга оширилган бўлиб, улар орқали ўзбек адабиётининг бой маънавий меросини туркий халқлар ўртасида янада кенг танитиш мақсад қилинган. Хусусан, Эркин Воҳидовнинг «Сўз латофати» ва Абдулла Ориповнинг «Сайланма» асарлари турк тилида китобхонлар эътиборига ҳавола этилмоқда.

Нашрларнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, уларнинг муқаддима қисмида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳар икки ижодкор ҳақидаги самимий эътирофлари келтирилган.

Эркин Воҳидов ҳақидаги фикрларда шоирнинг юксак истеъдоди, Ватан ва миллат олдидаги фидойилиги алоҳида таъкидланган. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг «Мен Эркин Воҳидовдек серқирра истеъдод эгаси, ҳақиқий ватанпарвар ва миллатпарвар инсон билан замондош ва маслакдош бўлиб яшаш насиб этганидан бахтиёрман», деган сўзлари китобдан ўрин олган.

Абдулла Орипов ижодига бағишланган нашрда эса шоирнинг миллий адабиётимиз тараққиётидаги ўрни, юксак бадиий маҳорати ва бой ижодий мероси эътироф этилган. Унинг шеърлари, достонлари, драматик ва публицистик асарлари ҳамда таржималари ўзбек адабиёти ривожига қўшган улкан ҳиссаси билан қадрли экани қайд этилган. Шунингдек, шоир Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси матни муаллифи сифатида халқимиз хотирасида абадий яшаши таъкидланган.

Китобларга Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков, TURKSOY Бош котиби Султон Раев ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид сўзбоши ёзган.

Икки нашрнинг расмий тақдимоти 6 ноябрь куни Анқара шаҳридаги Туркия Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасида ўтказилади. Унда Ўзбекистон Маданият вазирлиги ҳамда Ёзувчилар уюшмаси вакилларидан таркиб топган мамлакатимиз делегацияси иштирок этади.

Мазкур нашрлар ўзбек адабиётининг икки йирик намояндаси ижодини турк китобхонларига етказиш, халқларимиз ўртасидаги адабий ва маданий алоқаларни янада мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамдир.

Н.Усмонова,

ЎзА

Nashr sanasi 05.11.2026 Ko'rishlar 217
Ulashish