16 март куни Осиё-Тинч океани минтақасидаги парламентлар учун “Ҳеч ким эътибордан четда қолмайдиган яхши келажак барпо этиш: парламентлар COVID-19 дан тикланиш стратегияларини БРМга мос келишини қандай таъминлаши мумкин?” мавзуида вебинар ўтказилди. Форум Парламентлараро Иттифоқ томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Осиё ва Тинч океани учун Иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ИИКОТО) билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Вебинар БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини (БРМ) пандемия даврида амалга ошириш бўйича Парламентлараро Иттифоқнинг қатор минтақавий тадбирлари бир қисми саналади.
Унинг очилишида Парламентлараро Иттифоқ Бош котиби Mартин Чунгонг ва Осиё ва Тинч океани учун Иқтисодий ва ижтимоий комиссияси Ижрочи котиби Армида Салсиа Алисжабана сўзга чиқдилар. Тадбирда 50 дан ортиқ ИИКОТОга аъзо мамлакатларнинг парламент аъзолари иштирок этди.
Вебинар давомида иштирокчилар БРМни амалга ошириш ҳолати, хусусан, пандемия шароитида миллий барқарор ривожланиш мақсадларини рўёбга чиқариш бўйича долзарб маълумотлар билан танишдилар. Парламентарийлар фикр алмашиш ҳамда умумий муаммоларни муҳокама қилиш, шунингдек, экологик тоза тармоқларни тиклаш ва 2030 йилга қадар БРМ муваффақиятларига ҳисса қўшишни амалга ошириш стратегияларига эга бўлдилар, дейилади parliament.gov.uz сайти хабарида.
Муҳокамаларда ҳукумат фаолиятини мониторинг қилиш, миллий масъулиятни мустаҳкамлаш ва БРМни сиёсий қўллаб-қувватлаш учун ихтиёрий миллий таҳлиллар жараёнида парламентлар иштирокининг аҳамиятига қаратилди.
Уч секцияли мажлисдан иборат бўлган вебинарда барқарор ривожланиш учун 2030 йил даврида кун тартибидаги минтақавий ҳолатни амалга ошириш, COVID-19 пандемияси доирасида БРМга эришиш бўйича тажриба алмашиш, шунингдек, Ихтиёрий миллий таҳлил (ИМТ) ўтказиш минтақавий тажрибаси ва бу жараёнда парламентларнинг иштироки муҳокама қилинди.
Шунингдек, Парламентлараро Иттифоқ ва БМТ Атроф-муҳит муҳофазаси дастурининг “COVID-19дан кейинги тикланишга “яшил” ёндашувлар: парламентарийлар учун сиёсий ёзув” номли янги нашри, 2020 йилда парламентларнинг ИМТдаги иштироки бўйича Парламентлараро Иттифоқ тадқиқотининг натижалари тақдим этилди.
Вебинарда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Парламентлараро Иттифоқ вице-президенти А.Саидов иштирок этиб, Ўзбекистон Барқарор ривожланиш бўйича халқаро кун тартибига қўшилгани ва Миллий даражадаги БРМни амалга оширишга ўз мажбуриятини олганини таъкидлади. Ўтган уч йил давомида янги бу йўналишда кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Ўзбекистон, шунингдек 2020 йилда барқарор ривожланиш бўйича юқори даражадаги сиёсий форумда Ихтиёрий миллий таҳлилни тақдим этди. Маърузада қайд этилишича, Ўзбекистонда БРМнинг амалга оширилиши 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида кенг кўламли ислоҳотларга тўғри келган бўлиб, уни амалга ошириш учун “йўл харитаси” ҳисобланади. БРМ ҳақида ҳисобот бериш учун миллий платформа ташкил этилди (http://nsdg.stat.uz).
БРМни миллий ривожланиш стратегияси ва дастурларига, жумладан, комплекс, тармоқ ва минтақавий дастурларга интеграция қилиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бугунги кунга қадар 125 миллий мақсадли БРМ кўрсаткичларидан 105 (ёки 84 фоиз) ҳукуматнинг 190 дан ортиқ норматив, дастурий ва стратегик ҳужжатларида қамраб олинган.
Вилоят ва туманлар кесимида ҳам миллий, ҳам минтақавий даражада масъул давлат идораларининг даврий ҳисоботларини эшитадиган Миллий мақсадлар ва вазифаларнинг амалга оширилишини назорат қилиш бўйича Парламент комиссиясининг шакллантирилиши муҳим қадам бўлди.
Бундан ташқари, Парламент комиссияси ишига максимал даражада ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида кенг жамоатчилик, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда оммавий ахборот воситалари жалб этилган.
Вебинар иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президентининг БМТ Бош Ассамблеясининг БРМни амалга ошириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда парламентнинг ролини ошириш бўйича махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини қўллаб-қувватладилар.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 16.03.2021
- Кўришлар: 3433
- Чоп этиш