19 май куни Ўзбекистонда Барқарор ривожланишни амалга оширишнинг биринчи мониторинги бўйича Ихтиёрий миллий ҳисобот лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамасига бағишланган онлайн-конференция ташкил этилди, деб хабар берди parliament.gov.uz сайти. Тадбирда 150 нафардан зиёд манфаатдор вазирлик ва идоралар, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Ушбу анжуман Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ҳамкорлигида видеоконференцалоқа тизими орқали ўтказилди.
Онлайн-конференциянинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов сўзга чиқди.
— Ҳозирги кунда Барқарор ривожланиш мақсадлари ҳам БМТ учун, ҳам Ўзбекистон ҳукумати учун энг устувор вазифалардан бири ҳисобланади, — деди А.Саидов. — Президентимиз Барқарор ривожланиш мақсадлари ижросини таъминлашда парламентнинг ролини ошириш зарурлигини алоҳида таъкидлаган. Шу маънода, бир ҳафта аввал Ихтиёрий миллий ҳисобот лойиҳаси парламент эшитуви тарзида кўриб чиқилди, яъни парламент назорати тартибида парламент мониторинги амалга оширилди.
Мазкур тадбир эса фуқаролик жамияти институтларининг ташаббуси бўлиб, улар ўзига хос жамоатчилик эшитувини, жамоачилик мониторингини ўтказмоқда. БМТ бундай йирик ҳужжатларни албатта жамоатчиликнинг муносабатини ўрганиб, фуқаролик жамияти институтларининг фикридан келиб чиқиб, кейин қабул қилишни тавсия этади.
Ушбу тадбирнинг ўзига хос жиҳати шундаки, Барқарор ривожланиш мақсадларининг Ихтиёрий миллий ҳисоботи лойиҳасини тайёрлаган давлат органлари вакиллари лойиҳани фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан бирга фаол муҳокама қилмоқда. Ҳукумат томонидан тайёрланган 180 бетдан иборат якуний ҳужжат БМТга фуқаролик жамияти институтлари фикрларини олган ҳолда жўнатилади.
Бу ҳисобот Барқарор ривожланиш мақсадларининг Ўзбекистондаги 5 йиллик ижросига бағишланган. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Барқарор ривожланиш мақсадларига фуқаролик жамияти институтларининг иштирокисиз эришиш мумкин эмас. Шу жиҳатдан, уларнинг таклифлари ва танқидлари зарур.
Онлайн-конференция давомида инсон ҳуқуқлари, гендер муаммолари, зўравонлик, камситиш, оммавий ахборот воситалари, сўз эркинлигини ҳимоя қилиш йўналишларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар самаралари ҳақида атрофлича сўз юритилди. Иштирокчилар мазкур йўналишларда бугунги кунга қадар юртимизда амалга оширилган ишларни таҳлил этиб, келгусидаги устувор вазифалар бўйича амалий фикр ва таклифларини билдирдилар.
Анжуман ташкилотчилари қайд этганидек, ушбу таклиф ва тавсиялар миллий ҳисобот лойиҳасида ўз аксини топади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 21.05.2020
- Кўришлар: 4274
- Чоп этиш