Конституция давлат суверенитетининг, барқарор тарақиётининг кафолати, жамият тинчлиги ва фаровонлигининг энг асосий таянчи ҳисобланади. Демократик давлатда халқ давлат ҳокимиятини бошқаради. Бунда мураккаб ва хилма-хил муносабатлар вужудга келади. Ушбу муносабатлар эса давлатнинг Бош қонуни - Конституцияси негизида шаклланган қонунлар орқали тартибга солинади.
Жамият ўзгарувчан ва фаол бўлганлиги сабабли, ундаги муносабатлар ҳам вақт нуқтаи - назаридан янгиланиб, ўзгариб, ўзига хос янги хусусиятлар касб этиб боради. Бу эса, ўз навбатида, ушбу муносабатларни тартибга солувчи қонунларни, демакки, Бош қонун-Конституцияни ҳам ўзгартириб боришни табиий тарзда тақозо этади.
Франциянинг собиқ Президенти Шарль де Голль таъбири билан айтганда, “Конституция бир халққа муайян бир пайтда яхши. Уни мумиёлаштирмаслик лозим”.
Ҳозирда дунёда икки юзга яқин Конституция мавжуд бўлиб, уларнинг деярли барчасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Мамлакатимиз Конституцияси ҳам бундан мустасно эмас.
Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Конституциясига жами 14 маротаба ўзгартиш киритилган. Булар:
1.28.12.1993 йил (77-модда);
2.24.04.2003 йил (XVIII, XIX, XX, XXIII- боблар);
3.11.04.2007 йил (89, 93,102-моддалар);
4.25.12.2008 йил (77-модда);
5.18.04.2011 йил (78, 80, 93, 96, 98-моддалар);
6.12.12.2011 йил (90-модда);
7.16.04.2014 йил (32,78,93, 98, 103, 117-моддалар);
8.06.04.2017 йил (80,81, 83, 93, 107, 110, 111-моддалар);
9.31.05.2017 йил (80, 93, 108 ва 109-моддалар);
10.29.08.2017 йил (99 ва 102-моддалар);
11.15.10.2018 йил (105-модда);
12.18.02.2019 йил (80 ва 93-моддалар);
13.05.03.2019 йил (79, 93 ва 98-моддалар);
14.04.09.2019 йил (96 ва 117-моддалар).
Юқоридаги рақамлардан ҳам кўриниб турибдики, ҳозирга қадар Конституциямизнинг 128 та моддасидан 34 тасига 68 та ўзгартиш киритилган. Яъни, 17 та моддага бир маротаба, 9 та моддага икки маротаба, 5 та моддага уч маротаба, 1 та моддага тўрт маротаба, 1 та моддага беш маротаба ва 1 та моддага 8 маротаба ўзгартиш киритилиши таъминланган.
Энг кўп ўзгартиш Конституциямизнинг 93-моддасига киритилган бўлиб, мазкур моддада республика Президентининг ваколатлари белгиланган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида жамиятни ва давлат бошқарувини янада демократлаштириш йўлида улкан ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Айтиш мумкинки, ислоҳотлар шамоли миллий қонунчилигимизни ҳам четлаб ўтмади. Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинганидан то ҳозирга қадар Конституциямизга 7 маротаба ўзгартиш киритилди.
Бу ўзгартишлар Парламент, суд ҳокимияти, Конституциявий суд фаолияти, ижро этувчи ҳокимият, Тошкент шаҳри туманлари фаолияти, шунингдек, сайлов жараёнларини янада такомиллаштиришга алоқадор.
Мухтасар айтганда, мамлакатимиз Конституцияси давр талабларига жавобан доимий ривожланишдаги ҳужжатдир. Бош қонунимизга давр талабидан келиб чиққан ҳолда ўз вақтида ва ўз ўрнида киритилган ҳар бир ўзгартиш бугунги барқарор тараққиётимизнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Мамлакатимизда Конституциямизда белгилаб берилган қоида ва тамойиллар негизида самарали миллий қонунчилик тизими, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланиб, ҳаётимизнинг барча соҳа ва тармоқларида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани, давлатимизнинг ижтимоий - иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳияти юксалиб, халқимизнинг онгу тафаккури тобора ўсиб бораётгани айниқса аҳамиятлидир.”
Ф.Т.Хакбердиева
Жисмоний ва юридик шахсларнинг
мурожаатлари билан ишлаш бўлими
бош мутахассиси
- Қўшилди: 07.12.2020
- Кўришлар: 3877
- Чоп этиш