Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75-юбилей сессияси: кеча, бугун ва истиқбол

2020 йил 15 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессияси бошланди.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш сессиянинг очилиш маросимида таъкидлаганидек, «Жорий йилда биз БМТ ташкил топганининг 75 йиллиги санасини нишонлаяпмиз ва табиийки, халқаро тизим қоидаларига асосланган кўп томонлама муносабатлар ва ўзаро ҳамкорликнинг бош майдонига бутун дунё катта умид билан кўз тикиб турибди".

Шу муносабат билан халқаро ҳуқуқ соҳасининг етук мутахассиси ва таниқли дипломат, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал САИДОВга бир неча саволлар билан мурожаат қилдик.

Ҳурматли Акмал Холматович, БМТ Бош Ассамблеяси жорий сессиясининг ўзига хос хусусиятлари нимада, деб ҳисоблайсиз?

– Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, "Афсуски, биз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75 йиллик юбилейини мисли кўрилмаган таҳдидлар шароитида нишонлашимизга тўғри келмокда. Янги кўринишдаги коронавирус пандемияси нафақат соғлиқни сақлаш, балки иқтисодий, ижтимоий ва гуманитар соҳаларда ғоят оғир инқирозга олиб келди. Бундай мураккаб ҳолатдан чиқариладиган асосий сабоқ шундан иборатки, бу офат жаҳондаги барча мамлакатлар бир-бири билан узвий боғланиб кетганини яна бир бор намойиш этди".

Шу маънода, БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессияси муайян анъанавий ва ўзига хос хусусиятларга эга. Шулардан айримларига эътиборингизни қаратаман.

Авваламбор, БМТ олий органи бўлмиш Бош Ассамблеянинг навбатдаги сессияси, мазкур нуфузли халқаро ташкилот Низомига мувофиқ, ҳар йили сентябрь ойининг учинчи сешанбасида очилади. Бу йил ҳам 15 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Бош Ассамблеянинг навбатдаги сессияси анъанавий тарзда очилди.

Айни чоғда, БМТ Бош Ассамблеяси янги сессиясининг аввалги 74 та сессиядан шаклан ва мазмунан фарқ қиладиган бир қатор хусусиятлари мавжуд.

Биринчи хусусият – коронавирус пандемияси сабабли сессия иши масофавий, яъни онлайн шаклда ташкил этилмоқда. Бу, ўз навбатида, сессиянинг ялпи мажлисларида аввалгилардан кўра кўпроқ давлат ва ҳукумат бошлиқлари иштирок этишига имконият яратади.

Биз бундай ижобий воқеликка инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд форумини ташкил этиш асносида дуч келдик. Яъни, бу йилги Самарқанд веб-форуми иштирокчилари сони икки йил олдин Самарқандда ўтказилган инсон ҳуқуқлари бўйича Осиё анжумани иштирокчилари миқдорига нисбатан қарийб 2,5 баробар кўп бўлди. Форум онлайн шаклда ташкил этилгани, айниқса, халқаро ташкилотларнинг кўплаб олий даражадаги мартабали шахслари учун қулайлик туғдирди.

Иккинчи хусусият – Бош Ассамблея 75-сессиясига илк бор Туркия вакили раислик қилади. Аввалги сессияга раислик қилиб келган нигериялик дипломат Тиджани Муҳаммад-Банде ўрнига навбатдаги сессияга раислик қилиш учун туркиялик дипломат Вулқон Бўзқир сайланди.

Тиджани Муҳаммад-Банде ўз ўриндошига омад тилар экан, фаолияти дунёдаги барча давлатлар тенглигига асосланган Бош Ассамблеянинг ўрни нақадар муҳимлигини таъкидлади. Чиндан ҳам, қарор қабул қилиш учун овоз беришда барча давлатлар тенг ҳуқуққа эга экани назарда тутилса, БМТ Бош Ассамблеяси резолюциялари бутун инсоният орзу-тилакларини ифода этиши ва халқаро ҳуқуқ нормалари ривожига кўмаклашиши нуқтаи назаридан беқиёс аҳамият касб этади.

Учинчи хусусият – бу йилги сессия юбилей анжумани ҳисобланади. Чунки у БМТ ташкил этилганининг 75 йиллик қутлуғ санаси нишонланаётган йилда ўтказилмоқда.

Тўртинчи хусусият – юқори даражадаги тадбирлар ҳафтаси доирасида яна учта муҳим учрашув ташкил этилади. Булар – 30 сентябрга мўлжалланган Биохилмахиллик бўйича саммит, 1 октябрда ўтказиладиган Хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Пекин декларациясининг 25 йиллигига бағишланган мажлис ҳамда 2 октябрь кунига режалаштирилган ядровий қуролсизланиш масалалари бўйича мажлисдир.

Бешинчи хусусият – БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясининг олий даражадаги асосий тадбирлари 22-30 сентябрь кунлари бўлиб ўтади. Шу бир ҳафта ичида кўплаб давлат раҳбарлари маъруза билан чиқиш қилади.

Дастлабки маълумотларга қараганда, давлат раҳбарларидан фақат АҚШ Президенти Дональд Трамп БМТнинг Нью Йорк шаҳридаги қароргоҳидан иштирок этади. Бошқа давлатлар раҳбарлари масофавий тарзда қатнашиб, ўз маърузаларини видеоконференция шаклида ўқиб берадилар.

Олтинчи хусусият – Бош Ассамблея 75-сессияси кун тартибида 23 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг маърузаси кўзда тутилган. Давлатимиз раҳбарининг БМТ юксак минбаридан янграйдиган навбатдаги чиқишидан ҳам нафақат халқимиз, балки минтақамиз, бутун дунё жамоатчилиги ўткир ва долзарб халқаро ташаббусларни кутмоқда.

Еттинчи хусусият – коронавирусга қарши кураш, вакцина эгоизмига йўл қўймаслик, соғлиқни сақлаш тизимини мустаҳкамлаш, пандемия шароитида аҳолининг ночор қатламларини ҳимоя қилиш каби масалалар муҳокама ва мунозаралар марказида бўлади. Бу ҳам янги таҳликали даврнинг долзарб талабидир. БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ҳаққоний таъкидлаганидек, "COVID-19 пандемияси келтириб чиқарган инқирознинг нақадар жиддий экани барча учун тушунарли бўлмоғи керак".

Саккизинчи хусусият – сессияда бугунги коронавирус инқирози шароитида Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Нега деганда, дунё тарихий кўламларга эга бўлган, яъни кейинги 50 йил давомида кузатилмаган энг йирик таҳдид ва инқирозга дуч келиб турибди. БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари инсониятни ҳимоя қилиш ва фаровонлигини оширишга қаратилган бўлиб, бу борада якдиллик билан саъй-ҳаракат қилиш учун ўзига хос чақириқ ҳисобланади.

Сизнингча, жаҳон жамоатчилиги БМТнинг навбатдаги сессиясидан нималарни кутмоқда?

– Бу саволингизга жавоб беришдан олдин, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти жорий йилнинг январь ойидан бошлаб турли мамлакатлар, тармоқлар ва авлодларни қамраб олган кенг кўламли халқаро мулоқотлар ўтказганига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.

Бунда ер юзидаги инсонлар нималарга ишониши ва нималардан хавотирда эканини англаш, уларнинг ҳаёт тажрибасидан сабоқ чиқарган ҳолда, дунёдаги барча инсонларнинг яхши яшашига эришиш йўлларини глобал ҳамжиҳатликда белгилаб олиш ҳамда бу ҳақда жаҳон жамоатчилигига ахборот етказиш мақсади кўзда тутилди. «БМТ 75» деб номланган ушбу ташаббус асосида 2045 йилгача, яъни БМТнинг 100 йиллиги нишонланадиган даврга қадар бўлган муддат учун айни йўналиш бўйича глобал ёндашув шакллантирилди.

Бу борада аниқ, батафсил ва холис далилларга таянган статистик маълумотларга эга бўлиш учун ижтимоий сўровлар ҳам ўтказилди. Шунингдек, оммавий ахборот воситалари материаллари таҳлил қилинди.

Мазкур мулоқот ва тадқиқотлар асосан учта масала, хусусан, инсоният келажаги, дунёдаги мавжуд тенденциялар ва глобал ҳамкорлик истиқболларига қаратилди.

Ана шу учрашув ва мулоқот иштирокчилари томонидан илгари сурилган ғоялар эндиликда Бош Ассамблея сессияси мунозараларида давлатлар бошлиқлари ва БМТ раҳбарияти муҳокамаси учун тақдим этилмоқда.

– Ўзбекистоннинг бу борадаги иштироки қандай бўлди?

– Мамлакатимиз БМТ Бош котиби илгари сурган «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 75 йиллиги: келажакка нигоҳ» мавзусида туркум Глобал мунозаралар ўтказиш ташаббусини тўла қўллаб-қувватлади. Шу ташаббус доирасида жорий йил давомида миллий ва халқаро ҳамкорларимиз билан учта глобал онлайн мунозара ташкил қилдик.

Глобал мунозараларнинг биринчиси: «Ўзбекистон ва БМТ: Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш йўлидаги ҳамкорлик» деб номланди. Анжуман 2020 йил 26 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Форум иштирокчиларига мурожаатида таъкидлаганидек, "Ўзбекистон БМТнинг Низоми, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа халқаро шартномаларнинг мақсад ва тамойилларига содиқ ҳамда ўз зиммамизга олган мажбуриятларимизни оғишмасдан бажариб келмоқдамиз. Бу биз амалга ошираётган, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар стратегиясининг энг муҳим йўналишларидан биридир".

Ушбу халқаро форум БМТ Низоми имзоланган тарихий кунда ўтказилганида, унинг ишида БМТ ва ушбу нуфузли ташкилотнинг бутун дунёдаги тузилмаларидан олий даражадаги вакиллар иштирок этганида ҳамда мазкур анжуман ер юзидаги инсонларнинг ҳаётини яхшилаш учун глобал ҳамкорликнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлашга хизмат қилишида ўзига хос рамзий маъно бор.

Бинобарин, БМТ Низоми 1945 йил 26 июнда Сан-Франциско шаҳрида 50 та давлат, жумладан, собиқ СССР, Буюк Британия, Хитой, АҚШ, Украина ва Франция томонидан имзоланган бўлиб, ҳуқуқнинг муҳим воситасидир. 1945 йил 24 октябрда кучга кирган БМТ Низомида ташкилотнинг тузилмаси, можароларни ҳал қилиш ва тажовузкор ҳаракатлар, тинчлик ва хавфсизликка таҳдидларга жавоб беришнинг асосий тамойиллари мустаҳкамланган. Ушбу сана БМТ ташкил топган кун сифатида бутун дунёда кенг нишонланади.

Бугунги кунда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти дунёдаги ягона, том маънода универсал халқаро ташкилот ҳисобланади. БМТ давлатларнинг ўз сарҳадларидан ташқарига чиқадиган масалаларни ҳал этиб келмоқдаки, бу муаммоларга бирорта мамлакатнинг ёлғиз ўзи ечим топиши мумкин эмас.

Бундан 28 йил олдин янги демократик давлат – Ўзбекистон Республикаси Ташкилотнинг тенг ҳуқуқли аъзосига айланди. Шундан буён биз ўз масалаларимизни ҳал этишда ҳар доим БМТнинг кўмагига таяниб келмоқдамиз.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш қайд этганидек, "Олдимизда турган муаммоларни ҳеч бир мамлакат, ҳеч қайси жамият якка ҳолда ҳал эта олмайди ва шунинг учун барча саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришимиз зарур. Биз нафақат сўзлашимиз, балки тинглашимиз ҳам лозим".

Маълумки, бундан беш йил аввал БМТга аъзо-давлатлар 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш кун тартибини қабул қилганди. Ўзбекистонда Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича Миллий индикаторлар муваффақият билан амалда татбиқ этилмоқда. Мамлакатимиз Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича ўзининг биринчи Ихтиёрий миллий шарҳини кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиб, БМТнинг Иқтисодий ва Ижтимоий кенгашига тақдим этди.

– Ўзбекистон раҳбарияти ташаббуси билан “БМТнинг 75 йиллиги: келажакка нигоҳ” глобал муҳокамалари доирасида яна бир халқаро анжуман ўтказилганди, тўғрими?

– Ҳа. Глобал мунозараларнинг иккинчиси: шу йил 21 июль куни “Барқарор ривожланиш мақсадлари ва барқарор ижтимоий тараққиёт: COVID-19 асоратларидан кейин самарали тикланиш” мавзуида видеоконференцалоқа шаклида ташкил этилди. Унда парламент палаталари, тегишли вазирлик ва идоралар, БМТ ва унинг ихтисослаштирилган тузилмалари, мамлакатимизда аккредитациядан ўтказилган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.

ЖССТ Бош директори Т.Гебрейсус анжуман иштирокчиларига йўллаган видеомурожаатида “Пандемия бизга соғлиқ ҳашамат белгиси эмаслигини эслатиб қўйди. Бу иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий барқарорлик асосидир. У фавқулодда вазиятларга тайёрлик ва унга жавоб беришни таъминлашга инвестиция умумий келажагимиз учун сармоя эканлигини англатиб қўйди. Соғлиқни сақлашнинг асосий хизматларидан фойдаланиш учун имконият яратишни қўллаб-қувватлаш COVID-19дан кейин мамлакатларнинг қайта оёққа туришида ҳал қилувчи аҳамиятга эга”, дея таъкидлади.

ЮНEСКО Бош директори Одре Азуле ҳам тадбир қатнашчиларини қутлаб, таълим мақсадлари учун кўмак бериш яна кучайтирилаётган бўлса-да, бугунги кунда COVID-19 пандемияси бизни бир неча йил ортга қайтариб юбориш таҳдидини юзага келтираётганини қайд этди.

О.Азуле таъбири билан айтганда, “Пандемиянинг бузғунчи оқибатларига дуч келган эканмиз, таълим эҳтиёжлари учун ёрдам, шубҳасиз, ҳар қачонгидан ҳам кўра муҳимдир. Мамлакатларга пандемияга қарши курашиш учун қўшимча маблағлар керак бўлади ва таълим ҳам кўмак бериш, ҳам миллий миқёсда маблағ ажратиш ҳажмлари нуқтаи назаридан устувор йўналишга айланиши шарт. Бу таълим соҳасидаги Глобал мақсадларимиз – БРМ-4га эришишдан ортда қолишдан қочишимиз учун керак”.

Глобал мунозара иштирокчилари Ўзбекистонда 2030 йилгача бўлган даврда Барқарор ривожланиш мақсадлари кун тартиби ижросига ижобий муносабат билдирди. Айниқса, Ўзбекистоннинг пандемиядан кейин Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш, маданий мероснинг Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишдаги роли ва ҳиссаси, барқарор ижтимоий ривожланишни таъминлаш мақсадида барча учун муносиб меҳнат шароитларини яратиб бериш зарурлиги тўғрисидаги нуқтаи назари юқори баҳоланди.

– "Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари" мавзуидаги Самарқанд веб-форуми шундай Глобал мунозаралар сирасига кирадими?

– Албатта. 12-13 август кунлари ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг долзарб масалаларига бағишлаб ўтказилган мазкур учинчи Глобал мунозара тафсилотларига қисқача тўхталиш жоиз, деб ўйлайман.

Бу Глобал мунозара, Ўзбекистон Президенти таъбири билан айтганда, "нафақат мамлакатимиз, балки жаҳон ёшлари ҳаётини яхшилаш учун глобал ҳамкорликни кучайтиришга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади". Унда "Ёшлар-2020: глобал бирдамлик, барқарор тараққиёт ва инсон ҳуқуқлари" номли Самарқанд резолюцияси қабул қилинди.

Яқинда Самарқанд резолюцияси БМТ Бош Ассамблеяси 74-сессиясининг расмий ҳужжати сифатида тақдим этилди. Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Доимий кенгашининг яқинда бўлиб ўтган мажлиси якунида Самарқанд резолюцияси ЕХҲТ Доимий кенгашининг расмий ҳужжати сифатида тарқатилди.

Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котибиятининг расмий хати билан эса Инсон ҳуқуқлари бўйича Самарқанд веб-форумининг якуний ҳужжати ИҲТга аъзо барча давлатларга юборилган. Мазкур ҳужжат Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) расмий сайтида ҳам эълон қилинган.

– Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ҳамда истиқболларига ҳам тўхталсангиз?

Ўзбекистон Бош котиб Антониу Гутерришнинг БМТни замонавий талаблар асосида ислоҳ қилишга қаратилган саъй-ҳаракатларини тўла қўллаб-қувватлайди.

Бугунги кунда Ташкилот олдида бутун инсоният учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган долзарб вазифалар турибди. Булар турли можароларни ҳал қилиш, халқаро терроризм ва экстремизмга қарши курашиш, иқлим ўзгаришлари оқибатларини бартараф этиш, пандемияларнинг тарқалиб кетишига йўл қўймаслик, барқарор ижтимоий-иқтисодий тараққиётни таъминлаш каби вазифалардир.

Ўзбекистон БМТнинг Низоми, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа асосий халқаро шартномаларнинг мақсад ва тамойилларига содиқ ҳамда ўз зиммасига олган мажбуриятларини оғишмасдан бажариб келмокда.

Янги ташаббуслар ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Ўзбекистон томонидан БМТ билан ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва изчил амалга оширилмоқда. Ушбу ҳужжатдаги вазифаларнинг тўлиқ рўёбга чиқарилиши муносабатларимизни янги, янада юқори босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Хулоса ўрнида БМТ ташкил этилганининг 75 йиллик юбилейи барчамизга муборак бўлсин, деймиз. Бугунги кунда, айниқса, жаҳон ҳамжамияти вужудга келган янги вазиятга мослашиши учун бор куч ва имкониятларни фаоллаштириши талаб этилаётган ҳозирги пайтда ушбу Ташкилот ўта муҳим аҳамиятга эгадир. Президентимиз таъкидлаганидек, «Ўзбекистон БМТ тузилмалари билан яқин ҳамкорликни давом эттиради».

Манба: ЎзА

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech