Бухорода ўз фарзандини пул эвазига берган биологик она ва чақалоқни сотиб олган аёлга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди.
Бола — савдо-сотиқ предмети эмас, балки ҳимояга, меҳр-муҳаббатга ва муносиб ҳаётга ҳақли инсон. Афсуски, айрим ҳолатларда катталарнинг шахсий манфаати, масъулиятсизлиги ва қонунга зид ҳаракатлари туфайли энг аввало болалар жабр кўрмоқда. Бухоро шаҳрида кўриб чиқилган мазкур жиноят иши ҳам бу ҳақиқатни яна бир бор ёдга солди.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида ўз фарзандини пул эвазига бошқа шахсга берган биологик она ҳамда чақалоқни сотиб олган аёлга нисбатан ҳукм эълон қилинди.
Судда аниқланишича, 1995 йилда туғилган Г.Р. Россияда иккинчи турмушидан ҳомиладор бўлган. Бу ҳолатни атрофдагилардан яшириш мақсадида у туғилажак фарзандини бошқа оилага беришга қарор қилган. Шу мақсадда Бухородаги гинеколог орқали етти йилдан буён фарзанд кўра олмаётган 33 ёшли З.С. билан танишган.
2025 йил август ойида Россияда ўғил фарзандли бўлган Г.Р. Бухорога қайтгач, чойхоналардан бирида чақалоқни 4 минг АҚШ доллари эвазига З.С.га топширган. Кейинчалик, октябрь ойида нотариал тартибда расмийлаштирув ишлари амалга оширилиб, суд қарори асосида бола З.С. ва унинг турмуш ўртоғига фарзандликка берилган.
Бироқ воқеалар шу билан тугамаган. Кейинчалик биологик она шаръий эрининг талаби билан олган пулини қайтариб, болани қайта олишга уринган. Шунингдек, фарзандликка бериш бўйича суд қарори устидан шикоят қилган. Аммо унинг аризаси қаноатлантирилмаган.
Суд ҳукмига кўра, ҳар икки аёл ҳам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси учинчи қисми “б” бандида назарда тутилган одам савдоси жиноятини содир этганликда айбли деб топилди. Г.Р.га 5 йил, З.С.га эса 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Мазкур ҳолатнинг ташвишли жиҳати шундаки, гап оддий олди-сотди ёки оилавий келишмовчилик ҳақида эмас, балки инсон ҳаётининг энг ҳимоясиз давридаги ҳуқуқ ва манфаатларини пул билан ўлчашга уриниш ҳақида бормоқда. Чақалоқнинг тақдири икки катта инсон ўртасидаги келишув предметига айлангани эса жамиятда ҳуқуқий онг ва масъулият масаласига янада жиддий эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатади.
Президентимиз томонидан илгари сурилаётган инсон қадрини улуғлаш, болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, ҳар бир фуқаронинг хавфсиз ва муносиб ҳаёт кечириши учун шарт-шароит яратишга қаратилган сиёсатнинг замирида ҳам ана шу тамойил мужассам. Бу эса болалар тақдири билан боғлиқ ҳар қандай масалада қонунийлик, масъулият ва жамоатчилик эътибори устувор бўлиши лозимлигини англатади.
Зеро, боланинг келажаги катталарнинг вақтинчалик манфаати ёки келишувига боғлиқ бўлмаслиги керак. Уни асраш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва соғлом муҳитда вояга етказиш нафақат ота-онанинг, балки бутун жамиятнинг масъулиятидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири
