Олий судда БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарувчиси Жоффри Ижумба билан учрашув бўлиб ўтди.
Олий суд раисининг ўринбосари Ҳ.Тўрахўжаев учрашувда мамлакатимизда оилаларни мустаҳкамлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ҳамда бандлигини ошириш ва гендер тенглигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистонда болалар меҳнатига барҳам берилгани, оиладаги зўравонлик учун жиноий жавобгарлик киритилгани ҳамда аёллар ва болалар ҳимояси кучайтирилгани бу борада олиб борилаётган ислоҳотларнинг яққол намунаси экани таъкидланди.
Олий суд томонидан ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар, хусусан, болалар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилинишига доир бир қатор долзарб масалалар юзасидан ўтказилган тадбирлар ва уларнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтилди.
Маълумот учун: Олий суд томонидан ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда 2020 йил 18 февралда жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур тумани судида ишлар кўрилаётган вақтда жабрланувчи ёки жиноят гувоҳи бўлган болаларга дўстона муҳитли хона ташкил этилган.
Ўз навбатида, Ж.Ижумба болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ЮНИСЕФ билан ҳамкорликда амалга оширилган ишлар учун миннатдорчилик билдирди.
Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция қоидаларини амалга ошириш бўйича Ўзбекистоннинг бешинчи даврий маърузаси юзасидан БМТнинг Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитаси тавсияларини амалиётга татбиқ этиш, бунда болаларга нисбатан одил судлов самарадорлигини янада ошириш мақсадида ихтисослаштирилган судлар тизимини шакллантириш, вояга етмаганлар билан боғлиқ ишларни кўриб чиқадиган ихтисослаштирилган судьялар ва прокурорлар корпусини шакллантириш, вояга етмаганлар билан боғлиқ ишларда медиация институтидан кенг фойдаланиш, болаларга нисбатан ушлаб туриш, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораларини энг охирги чора сифатида қўллаш каби масалаларга тўхталиб ўтилди.
Шунингдек, учрашув давомида томонлар ҳамкорликда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида 2024-2025 йилларда амалга ошириш мумкин бўлган масалалар ҳақида фикр алмашди.
Хусусан, судларда оилавий низоларни кўришга ихтисослашган судьялар учун тренинглар ўтказиш ва судьяларни мазкур йўналиш бўйича малакасини ошириш юзасидан ЮНИСЕФ ҳамкорликка тайёр эканлиги билдирилди.
Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 21 декабрдаги “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, 2024 йил 1 февралдан бошлаб тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган ва Мирзо Улуғбек туманлараро судларида “Оила судьялари” ташкил этилган. Яъни мазкур судларнинг икки нафардан судьяси оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирилди.
“Оила судьялари” таҳлил натижаларидан келиб чиққан ҳолда 2025–2030 йилларда босқичма-босқич республикадаги барча фуқаролик ишлари бўйича судлар фаолиятига ушбу амалиётни татбиқ этиш режалаштирилаётгани қайд этилди.
Учрашув якунида вояга етмаган болаларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ишончли ҳимоя қилиш масаласи доимо Олий суднинг диққат эътиборида эканлиги билдирилиб, ушбу йўналишда ЮНИСЕФнинг мамлакатимиздаги ваколатхонаси билан фаол ва амалий ҳамкорликка тайёр эканлиги таъкидланди.
Н.Абдураимова, ЎзА
- Қўшилди: 12.03.2024
- Кўришлар: 2115
- Чоп этиш