2020 йил 14 октябрь куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг "Дин ёки эътиқод эркинлиги ва хавфсизлик: сиёсат масалалари бўйича қўлланма"сининг асосий тавсиялари бўйича онлайн брифинг бўлиб ўтди.
Брифинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) ҳамда ЕҲҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ўтказилди.
Брифингда Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, вазирлик ва идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари иштирок этди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилшод Эшнаев, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси элчи Жон МакГрегор, ЕХҲТ ДИИҲБнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича департаменти бошлиғи Андреа Хубер онлайн анжуман иштирокчиларини қутладилар.
Анжуман давомида ЕҲҲТ ДИИҲБ ҳамда нуфузли хорижий университетлар халқаро экспертларининг маърузалари тингланди.
Тадбир доирасида ЕХҲТ ДИИҲБнинг Дин ёки эътиқод эркинлиги масалалари бўйича катта маслаҳатчиси вазифасини бажарувчи Миколай Вжечёнковски брифинг иштирокчиларини "Дин ёки эътиқод эркинлиги ва хавфсизлик: сиёсат масалалари бўйича қўлланма"нинг мазмун-моҳияти билан таништирди.
Мазкур қўлланма давлатнинг мансабдор шахслари, фуқаролик жамияти ташкилотлари, диний жамоатлар, муайян эътиқодга амал қиладиган жамоатлар, илмий ҳамжамиятга алоқадор экспертлар билан батафсил маслаҳатлашувлар асосида тайёрланган. Унда дин ёки эътиқод эркинлигининг ЕХҲТ мажбуриятларида, шунингдек халқаро ва минтақавий стандартларда мустаҳкамланган табиати, мақоми ва амал қилиш соҳаси хусусида тушунча берилган.
Шу билан бирга, қўлланмада ЕХҲТ минтақасида дин ёки эътиқод эркинлиги ва хавфсизлик кесимидаги муҳим масалаларнинг ҳал этилишига оид дастуриламал тамойиллар, амалий кўрсатмалар ва тавсиялар баён этилган. Мазкур нашр, биринчи навбатда, хавфсизлик соҳаси бўйича сиёсатни, қонунлар, сиёсий чора-тадбирлар ва стратегияларни ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи масъулларга мўлжалланган.
Бундан ташқари, қўлланма фуқаролик жамияти, айниқса, инсон ҳуқуқлари, бағрикенглик, камситишга йўл қўймаслик масалалари билан шуғулланадиган институтлари, диний ташкилотлар ва муайян эътиқодларга амал қиладиган жамоатлар фаолларига қўл келади. У инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар, илмий ҳамжамият, таълим соҳаси мутахассислари, шунингдек оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ҳам фойдалидир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 4 сентябрда қабул қилинган “Диний-маърифий соҳа фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра, мамлакатда дин ишлари соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатларини ҳимоя қилиш бўйича янги тизим жорий этилди.
Ушбу тизим доирасида Дин ишлари бўйича қўмитанинг янгиланган асосий вазифалари белгиланди. Бунда диний мутаассиблик ва экстремизм ғояларини тарқатиш, турли конфессиялар ўртасида адоватни юзага келтиришга қаратилган хатти-ҳаракатларга йўл қўймаслик чораларини кўриш масаласига эътибор қаратилган.
Аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг диний ва дунёвий қарашларини ривожлантириш алоҳида диққат марказида турибди. Оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда тарқатилаётган радикал ғояларга қарши курашиш мақсадида миллий анъана ва қадриятларимизнинг кенг тарғиб этилишини таъминлаш ҳам бу борадаги устувор йўналишлар қаторига киради.
Онлайн брифингда ЕҲҲТ ДИИҲБнинг Дин ва эътиқод эркинлиги масалалари бўйича экспертлар гуруҳи аъзоси Дмитро́ Вовк диний ташкилотлар ёки муайян эътиқодларга амал қиладиган жамоатларга ҳуқуқ субъекти мақомини беришни рад этиш ёки шундай жамоатнинг юридик шахс сифатида рўйхатга олинганлигини бекор қилишдан зўравон экстремизмга олиб борадиган радикаллашувга қарши курашда восита сифатида фойдаланишнинг самарадорлиги масаласига тўхталди.
Шунингдек, диний ташкилотлар ёки муайян эътиқодларга амал қиладиган жамоатларга ҳуқуқ субъекти мақомини олишни рад этиш ва шундай жамоатнинг рўйхатга олинганлигини бекор қилишнинг мавжуд асослари тўғрисида атрофлича сўз юритилди.
Милан университетининг фахрий профессори Сильвио Феррари ЕХҲТда иштирокчи-давлатлар томонидан диний ташкилотларнинг ўзлари танлаган тилларида диний адабиётларни олиш, уларга эгалик қилиш ва улардан фойдаланишга доир ҳуқуқларини таъминлаш амалиёти тўғрисида маълумот берди.
ЕХҲТ ДИИҲБ Экспертлар гуруҳи аъзоси доктор Мине Йилдирим, ЕҲҲТ ДИИҲБ Бағрикенглик ва камситмаслик масалалари бўйича департаменти раҳбари Кишан Маноча мазкур қўлланманинг асосий тавсиялари юзасидан маъруза қилди.
Халқаро экспертлар томонидан асосий эътибор дин ёки эътиқодлар эркинлигидан фойдаланиш ҳуқуқини таъминлаш, бу жараёнда камситиш, нафрат ва тоқатсизликнинг турли хил кўринишлари билан курашишга доир эҳтимолий хатти-ҳаракатларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятига қаратилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 15.10.2020
- Кўришлар: 4296
- Чоп этиш