Sayt xaritasi 00:00:00
Yangiliklar

Бугун Бутунжаҳон яшаш жойларини муҳофаза қилиш куни

Бугун инсоният замонавий ривожланиш фонида атроф-муҳит, табиат ва экологияга жиддий таъсир кўрсатиб келмоқда. Саноатнинг ривожланиши, қурилишлар ва қишлоқ хўжалиги майдонларининг кенгайиши, урбанизация, фойдали қазилмалар қазиб олиниши оқибатида бутун Ер сайёрасида тубдан ўзгариб бораётган ҳудудлар кўпаймоқда, табиий ҳудудлар сатҳи камаймоқда.

Ҳайвонот ва ўсимлик дунёсида кўплаб тур ва навлар йўқолиб кетмоқда ёки йўқолиш арафасида. Бу эса, ўз навбатида, биологик хилма-хилликнинг бузилишига сабаб бўлмоқда, табиий яшаш ҳудудларига зарар етказмоқда. Бир томондан иқлим ўзгариши, сув танқислиги, тупроқ таркибининг бузилиши, чўлланиш каби муаммолар занжир сингари бир-бирига боғлиқ ҳолда кўплаб экологик вазиятларни юзага келтиряпти.

6 октябрь — Бутунжаҳон яшаш жойларини муҳофаза қилиш куни сифатида муҳим экологик саналардан бири ҳисобланади. Мазкур сана 1979 йилда Европада ёввойи фауна ва флорани ҳамда табиий яшаш жойларини муҳофаза қилиш тўғрисидаги Конвенция доирасида тасдиқланган.

Мазкур экологик сана инсониятни табиат билан эҳтиёткорона муносабатда бўлишга чорлайди. Табиатнинг ҳар бир бўлагини кўз қорачиғидек асраш, келажак авлод учун барқарор экологик муҳитни қолдиришга ундайди. Бу эса инсониятга табиат олдида, ундаги ҳар бир жонзоту ҳар бир хас олдида жавобгар ва масъулиятли бўлиш талабини қўяди. Шундай экан, экология ва табиат олдида масъуллигимиз, қарздорлигимиз, миннатдорлигимиз, жавобгарлигимиз доимо онгу шууримизда бўлмоғи лозим.

Муҳтарама Комилова, ЎзА

Nashr sanasi 06.10.2026 Ko'rishlar 28
Ulashish