2003 йилдан буён 18 сентябрь Жаҳон сув ёки сув сифати мониторинги куни сифатида нишонлаб келинади.
Америкадаги “Тоза сув” жамғармаси ташаббуси билан ташкил этилган ушбу экологик байрам бугунги кунда аҳолининг сайёрамиз сув ресурслари муаммоси ҳақидаги хабардорлигини ошириш,оби ҳаётни ифлосланишдан ҳимоялашда иштирок этишга қаратилган ахборот-маърифий дастурга айланган.
Мазкур ташаббус одамларга маҳаллий сув ҳавзаси ҳолати асосий мониторингини ўзлари амалга ошириш имконини беради ва Сув муҳити федерацияси (Water Environment Federation – WEF) ва Халқаро сув ассоциацияси (International Water Association – IWA) томонидан қўллаб-қувватланади.
Жаҳон сув мониторинги куни дастлаб 1972 йил АҚШ Конгресси томонидан Тоза сув тўғрисидаги қонун қабул қилинган сана муносабати билан 18 октябрда нишонланиши режалаштирилган эди. Ушбу ҳужжат мамлакат сув ресурсларини тиклаш ва муҳофаза қилишга қаратилган.
Вақт ўтиши билан лойиҳанинг аҳамияти ортиб, бошқа мамлакатларда ҳам сана нишонлана бошланди. Шу тариқа 2007 йилдан бошлаб октябрга келиб ҳавзалардаги сув музлайдиган мамлакатлар иштирокини таъминлаш учун сана бир ой олдинга ўзгартирилди.
Эндиликда анъанавий тадбир доирасида сайёрамиздаги турли ҳавзалардан намуна олинади, сувнинг сифати, инсон ҳаёти ва тирик организм учун хавфсизлиги баҳоланади.
Қизиқувчиларга маҳаллий дарё, кўл ва бошқа манбалардаги сув сифатини аниқлаш учун турли оддий синовлар ўтказиш, натижани Жаҳон сув мониторинги куни (WWMD) веб-сайтида эълон қилиш таклиф этилади. Синов жараёни 22 март – Жаҳон сув кунида бошланади.
Эътиборли жиҳати, сув мониторинги кунини нишонлаётган одамлар сафи йил сайин кенгаймоқда. WWMD веб-сайти маълумотидан 2011 йил тадбирларида 77 мамлакатдан 340 минг киши қатнашгани маълум. Бугунги кунда эса 150 давлатдан 1,7 миллион кўнгилли сув ҳавзасини кузатиб боради. Оддий тест тўплами ёрдамида катталар ҳам, болалар ҳам осонгина яқин атрофдаги ҳавзанинг сифати, жумладан сувнинг ҳарорати, кислота (pH)га бойлиги, тиниқлик (лойқалик) даражаси ва оби ҳаёт таркибидаги эриган кислород (DO) миқдорини текшириши мумкин. Натижа эса WWMC веб-сайти орқали бутун дунё бўйлаб иштирокчи жамоалар билан баҳам кўрилади.
Г.Сатторова,
ЎзА
- Қўшилди: 19.09.2024
- Кўришлар: 863
- Чоп этиш