Ўзбекистон делегацияси Боку шаҳрида бўлиб ўтган «Бутунжаҳон диний етакчилар глобал саммити»да иштирок этди.
5–6 ноябрь кунлари Озарбайжоннинг Боку шаҳрида БМТнинг иқлим ўзгариши конференцияси доирасида «Бутунжаҳон диний етакчилар глобал саммити» бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли тадбирда дунёнинг 60 дан зиёд давлатидан 300 нафарга яқин ҳукумат вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, таниқли диний етакчилар, олимлар ва экспертлар қаторида юртимиздан Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Даврон Махсудов иштирок этди, деб хабар берди Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати.
Қайд этилишича, «Жаҳон динлари яшил сайёра учун» шиори остида ўтказилган нуфузли тадбирда дастлаб, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг саммит иштирокчиларга йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерришнинг видеомурожаати намойиш этилди.
Тадбирнинг биринчи куни иштирокчилар томонидан глобал иқлим ўзгаришининг сабаб ва оқибатлари, табиатни асраш, экологик муаммоларнинг олдини олиш масалаларини муҳокама қилиниб, бу борада барча диний конфессиялар вакиллари олдида турган вазифалар юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Анжуманда Ўзбекистон делегацияси раҳбари М.Комилов маъруза қилиб, минтақада, хусусан мамлакатимизда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини камайтириш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш ва биологик хилма-хилликни янада бойитиш юзасидан амалга оширилган саъй-ҳаракатлар, ўзига хос тажрибалар ҳақида сўз юритди. Жумладан, сўнгги йилларда Ўзбекистонда Давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган «Яшил макон» лойиҳаси, унда турли диний конфессия ва миллий марказлар вакилларининг фаол иштироки, лойиҳа доирасида ҳар йили юртимизда 200 миллион туп дарахт экилиб, янги яшил ҳудудлар барпо этилаётгани алоҳида таъкидланди.
Саммит иштирокчилари томонидан Янги Ўзбекистондаги иқлим ўзгаришининг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, яшил ҳудудларни кўпайтириш борасидаги чора-тадбирлар ва илғор ташаббусларни юқори баҳоланди.
Озарбайжон ҳукумати раҳбари билан учрашув
6 ноябрь куни Боку шаҳридаги Бутунжаҳон диний етакчилар глобал саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Озарбайжон Республикаси Бош вазири Али Асадов билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, мамлакатларимизнинг анъанавий яқин ва дўстона муносабатларини янада мустаҳкамлаш, илм-фан, маданият ва диний-маърифий соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда Бутунжаҳон диний етакчилар глобал саммитининг аҳамияти ҳақида сўз юритилиб, мазкур тадбир халқлар ва турли дин вакиллари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшиши, бу борада қардош мамлакатлар диний етакчилари ўртасидаги ҳамкорлик жуда ҳам муҳим экани таъкидланди.
Али Асадов ўз сўзида икки мамлакат ҳукуматлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларни юксак баҳолаб, бундан кейин ҳам Ўзбекистон Озарбайжоннинг энг яқин ишончли ҳамкори бўлиб қолишига катта ишонч билдирди. Шунингдек, у Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Қорабоғнинг Фузулий шаҳрида умумтаълим мактаби бунёд этилганини эътироф этиш баробарида бу ажойиб мактабни озар халқига совға қилгани учун Президент Шавкат Мирзиёевга чуқур миннатдорлик изҳор этди.
Умиджон Қурбонов тайёрлади, ЎзА
- Қўшилди: 08.11.2024
- Кўришлар: 577
- Чоп этиш