Kun.uz сайти ўз анъанасига мувофиқ, 2024 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон қонунчилигида рўй берадиган айрим ўзгаришларни эслатиб ўтади.
Чанг бўронларига қарши чора
Тошкент шаҳрида вазни 10 тоннадан юқори бўлган N2, N3, О4 тоифага кирувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракати тиғиз вақт оралиқларида тақиқланади. Бу ҳақда «Ўзбекистон–2030» стратегиясини «Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги президент фармонида белгилаб қўйилган.
Унга кўра, 2024 йил 1 мартдан бошлаб Тошкент шаҳрида юк ташиш учун мўлжалланган, рухсат этилган тўла вазни 10 тоннадан юқори бўлган N2, N3, О4 тоифага кирувчи автотранспорт воситаларининг ҳаракати тиғиз вақт оралиқларида тақиқланади. Бунда, ушбу чекловлар махсус хизмат, шу жумладан, коммунал хўжалиги, ободонлаштириш ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг юк транспорти воситаларига татбиқ этилмайди. Ҳудудларда чанг бўрони содир бўлаётганда ва атмосфера ҳавосида майда дисперс заррачалари белгиланган нормадан юқори бўлгани аниқланганда аҳолини огоҳлантириш, юрак-қон томир ва нафас йўллари касалликларига чалинган ҳамда соғлиғи ҳавонинг ифлосланишига таъсирчанлиги юқори бўлган бошқа фуқароларни зарур профилактик чоралар тўғрисида доимий хабардор қилиш амалиёти йўлга ҳам қўйилади.
Шунингдек, ўлчами 500 метр квадрат ва ундан ортиқ бўлган қурилиш майдонларида, унга кириб-чиқиш йўлларида чанг ва қум заррачаларининг ҳавога кўтарилишини бартараф этиш бўйича мажбурий талаблар жорий этилади.
Божхонада икки йиллик имтиёз
Президентнинг тегишли фармони билан 2024 йил 1 мартдан Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган айрим товарлар учун божхона божлари ундирилмайди. Бу имтиёз 2026 йил 1 мартгача амалда бўлади.
Ҳужжат билан 2024 йил 1 мартдан 2026 йил 1 мартгача тадбиркорлар томонидан Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган ўхшаши республикада ишлаб чиқарилмайдиган қуйидаги товарлар божхона божлари тўланишидан озод этилади:
- меҳмонхона ва бошқа жойлаштириш воситалари, савдо-кўнгилочар мажмуаларини қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун асбоб-ускуналар, техника, хомашё, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмлар, мебел ва инвентарлар, қурилиш материаллари ва бошқа материаллар;
- чўмилиш ҳавзалари (бассейн) ва аквапарклар учун мўлжалланган асбоб-ускуналар, жиҳозлар, турникетлар, тўлов-маълумот терминаллари, видеокузатув тизимлари, янги замонавий энергия тежовчи тизимлар, махсус сув тозалаш филтрлари;
- туризм марказларида жойлашган заргарлик ва олтин маҳсулотлари чакана савдоси дўконлари фаолиятини ташкил қилиш учун керак бўладиган қурилиш (реконструкция ва модернизация қилиш) материаллари, асбоб-ускуналар ва технологиялар.
Қурилиш соҳасида янги талаб
Янги қуриладиган уйларга кўкаламзорлаштириш тадбирлари бўйича талаб кучайтирилмоқда. Бу ҳақда президентнинг «Республикада яшиллик даражасини янада ошириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини изчил амалга ошириш орқали экологик барқарорликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгилаб қўйилган.
Ҳужжатга кўра, 2024 йил 1 мартдан янги қуриладиган, баландлиги ер юзасидан 12 метрдан баланд ва (ёки) умумий майдони 500 квадрат метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотлар, агар уларга туташ ҳудудлардаги ерларнинг камида 25 фоизи кўкаламзорлаштириш майдонларига ажратилмаган ва уларда кўкаламзорлаштириш тадбирлари амалга оширилмаган тақдирда, давлат қабул комиссияси томонидан қабул қилинмайди.
Атроф-муҳитга таъсир кўрсатишнинг I ва II тоифаларига кирувчи саноат корхоналари лойиҳа ҳужжатлари бўйича бериладиган давлат экологик экспертизаси хулосаларида ўз ва туташ ҳудудларида «яшил белбоғ»лар барпо этиш ва кўкаламзорлаштириш тадбирларини амалга ошириш мажбурий бўлган талаб этиб белгиланади.
«Умри тугаган» лицензиялар
Президентнинг тегишли фармони билан 2024 йил 1 мартдан бошлаб лицензияланадиган фаолият ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг 22 тури бекор қилинмоқда.
Фармонга кўра, 2024 йил 1 мартдан лицензияланадиган фаолият ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларнинг 22 тури бекор қилинади. Рўйхатда ионлаштирувчи нурланиш манбалари муомаласи соҳасидаги, атом энергиясидан фойдаланиш соҳасидаги фаолиятлар учун, Ўзбекистон ҳудуди ва унинг айрим қисмларини ривожлантиришни режалаштириш тўғрисидаги ҳужжатларни, Ўзбекистон минтақалари ҳудудини ривожлантиришни режалаштириш тўғрисидаги ҳужжатларни, аҳоли пунктлари ҳудудларини ривожлантириш ёки қуриш тўғрисидаги ҳужжатларни ишлаб чиқиш, шунингдек, пиротехника буюмларини йўқ қилиш, пиротехника буюмларини утилизация қилиш, махсус турдаги товарлар экспорти ва импорти учун ҳамда туристик фаолиятни амалга ошириш учун лицензиялар («Умра» тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш фаолияти бундан мустасно) бор.
Шунингдек, 2024 йил 1 мартдан:
- лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун юридик шахсларга қўлланган жарима суммаси миқдорининг 50 фоизи 15 кун ичида, 70 фоизи 30 кун ичида ихтиёрий равишда тўланганда, ҳуқуқбузар жариманинг қолган қисмини тўлашдан озод этилади;
- лицензия ёки рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатни бериш жараёнида видеоалоқа воситалари ёрдамида талабгорларнинг лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар талаб ва шартларига мувофиқлигини масофадан туриб баҳолаш тартиби жорий этилади;
- тадбиркорлик субъектини давлат рўйхатидан ўтказиш ёки қайта рўйхатдан ўтказишда унинг почта манзили сифатида муассиснинг турар жойини кўрсатишга рухсат берилади.
Фермерлар учун янги ҳуқуқ
2024 йил 1 мартдан бошлаб, фермерлар қишлоқ хўжалиги ерларига бўлган ижара ҳуқуқини сотиши мумкин бўлади. Бу ҳақда президентнинг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида белгилаб қўйилган.
Ҳужжатга кўра, 2024 йил 1 мартдан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкалари ижарачиларига ер участкалари бўйича ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини бошқа шахсга ўтказишга (қайта ижарага беришга) рухсат этилади.
Бунда:
- шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар ер участкасидан фойдаланиш мақсадини ўзгартирмаган ҳолда ўтказилади;
- ижарага олувчи ерга ижара ҳуқуқини ўтказишдан олдин ундан камида 3 йил, 2021 йилгача ҳоким қарори билан олган бўлса, камида 5 йил давомида ўзи фойдаланган бўлиши керак;
- ижарага олувчи аукцион ёки очиқ электрон танлов натижасига кўра бўлиб-бўлиб тўлаш ёки қўшимча тўлов мажбуриятларини тўлиқ бажарган бўлиши шарт;
- юридик шахслар ижарага олинган ер участкаларини ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб 5 йилдан кейин бошқа шахсга ўтказиши (қайта ижарага бериши) мумкин.
Фармон билан 2024 йил 1 мартдан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришда очиқ электрон танлов ўрнига электрон онлайн аукцион савдолари ҳам жорий этилмоқда.
Бунда ер участкалари электрон онлайн аукцион савдолари орқали 30 йилга ижарага берилади, бошланғич нарх ер участкасининг норматив қиймати миқдорида белгиланади. Ер участкаларини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари ғолибларига ер участкаси нархини 3 йил муддатда ҳар ойда тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўлашга, шунингдек, деҳқон хўжалиги, якка тартибда боғдорчилик, полизчилик ва чорвачиликни юритиш учун ер участкаларини ижарага бериш бўйича электрон онлайн аукцион савдолари ғолиби бўлган «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»да рўйхатда турган фуқароларга ер участкаси нархини 5 йил муддатга тенг улушларда фоизсиз бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берилади.
Бошқа ўзгаришлар
2024 йил 1 мартдан бошлаб:
- спорт турлари бўйича ўтказиладиган расмий мусобақалар, Ўзбекистон чемпионати ва кубогида иштирок этиши учун спортчиларнинг мансублиги ва уларнинг малакасини идентификация карталари (ID-карта) орқали аниқлаш тартиби жорий этилади;
- B2 ва ундан юқори хорижий тил билиш даражасига эга бўлган фуқаролар томонидан тизим бошқаруви, маълумотлар базаси ва «булутли» платформани бошқариш, ахборот хавфсизлигини таъминлаш ва бошқа талаб юқори бўлган йўналишларда халқаро IT-сертификатларни олиш харажатларининг 100 фоиз қисмини қоплаш тизими йўлга қўйилади;
- нотариал идорага келмасдан, шу жумладан чет элдан туриб мол-мулкдан фойдаланиш билан боғлиқ битимларни (мулк ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказишдан ташқари) электрон рақамли имзодан фойдаланиб, видеоконференцалоқа орқали расмийлаштириш мумкин бўлади;
- давлат мулкини ижарага бериш шартномалари бўйича ижара тўловларини ундириш ва уларнинг тақсимоти «E-ijara» электрон тизими орқали амалга оширилиши йўлга қўйилади;
- техник ҳужжатларида ёки маркировкасида қуёш элементларининг сифат кўрсаткичларини ифодаловчи «A», «B», «C» ва «D» тегишли синфи тўғрисидаги ахборотлар мавжуд бўлмаган қуёш панелларини четдан олиб кириш тақиқланади. Қуёш панеллари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқлиги тасдиқланиши мажбурий бўлган маҳсулотлар рўйхатига киритилади;
- давлат харидларини амалга оширишда давлат буюртмачиси бир лотда фақат битта фармацевтика маҳсулотини (халқаро патентланмаган номи бўйича дори воситалари ва тиббий буюмлар) киритиши мумкин бўлган тизим жорий қилинади;
- ногиронлиги бўлган шахслар учун «Uzbekistan.travel» ягона миллий туристик ахборот порталидан фойдаланиш имконияти яратилади;
- қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага беришда очиқ электрон танлов ўрнига электрон онлайн аукцион савдолари жорий этилади;
- озиқ-овқат маҳсулотини экспорт қилувчиларга молиявий ресурслар ажратилади;
- нодавлат таълим ташкилотларига битирувчиси IT-хизматларни экспорт қилувчи ташкилотга ишга жойлашганда базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 бараваригача, ногиронлиги бўлган ёш битирувчиси бундай ташкилотга ишга жойлашган ҳолларда эса 105 бараваригача бир марталик субсидия ажратиш тизимини назарда тутувчи дастур, халқаро IT-сертификатларга эга ёшларнинг ўқиш ҳамда ушбу сертификатларни олиш харажатларининг 60 фоизгача бўлган қисмини, шунингдек, инглиз тилини билиш бўйича B2 ва ундан юқори даражадаги сертификатга эга бўлган ёшларнинг халқаро IT-сертификатлар олиш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш тартиби жорий этилади;
- «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари» орқали ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва субсидиялар ажратишда бюрократиядан холи ва маҳалланинг ҳамжиҳатлигини акс эттирувчи янги тартиб жорий қилинади;
- марказлаштирилган манбалар ҳисобидан молиялаштириладиган объектларнинг қурилишида (реконструкция ва капитал таъмирлаш) маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган лифт, эскалатор, саноат ҳаво совитиш тизимлари, саноат иситиш қозонлари, трансформатор қурилмалари, қуёш сув иситкичлари ва панеллари ҳамда иситиш радиаторларининг ўрнатилиши талаб этилади.
Kun.uz
- Қўшилди: 29.02.2024
- Кўришлар: 1899
- Чоп этиш