Ватанимиз ҳаётидаги қутлуғ сана – Конституциямиз қабул қилинган кун ҳар йили умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиши бежиз эмас. Чунки 1992 йил 8 декабрда мустақил Ўзбекистон Республикасининг биринчи Конституцияси қабул қилингани мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим тарихий воқеадир.
Халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг ноёб намунаси бўлган Ўзбекистон Конституцияси Ватанимиз мустақиллиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаёти, фуқароларимизнинг ҳукуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларининг мустаҳкам ҳуқуқий кафолати сифатида юртимизда бозор муносабатлари ва хусусий мулк устуворлигига асосланган демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш, Ўзбекистоннинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаши борасида асосий юридик пойдевор бўлиб келмоқда.
Конституциянинг яратилиши ва ҳаётимизга татбиқ этилиши тарихи ҳақида фикр юритганда, авваламбор, 1990 йил июнь ойида тузилган Констиитуциявий комиссиянинг икки йиллик машаққатли меҳнати натижасида Конституциянинг биринчи, иккинчи лойиҳалари ва сўнгра амалдаги варианти ишлаб чиқилганини таъкидлаш лозим. Ушбу Комиссия аъзоси сифатида мен ана шу тарихий жараёнда бевосита иштирок этганимни доимо фахр билан эслайман.
Бугунги кунда биргина Ўзбекистон Республикаси Марказий Давлат архивида Конституциямизнинг яратилиши тарихи билан боғлиқ муҳим ҳужжатлар 19 та жилдда сақланмоқда. Конституциянинг яратилиши тарихини атрофлича ўрганиш, бу муҳим ҳуқуқий ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини чуқур талқин ва таҳлил этиш мустақил Ўзбекистоннинг энг янги тарихини ўқиб-ўрганишнинг таркибий қисми сифатида катта аҳамият касб этади.
Чунки мустақил Ўзбекистон Конституциясининг ишлаб чиқилиши, муҳокама этилиши ва қабул қилиниши ҳамда ривожлантирилиши жараёнлари мамлакатимиз мустақиллиги тарихининг бевосита узвий қисмидир. Конституциямизнинг яратилиши тарихига назар солинса, Асосий Қонун ўзбек халқининг мустақиллик сари узоқ йўлдаги изланишлари мантиқий натижаси эканига комил ишонч ҳосил қилиш мумкин.
Бенжамин Франклин сўзлари билан айтганда, “Конституция инсонларга фақатгина бахтли бўлиш ҳуқуқини беради, уни ушлаб қолиш ўзимизга боғлиқ”.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, «1992 йил 8 декабрда мустақил Ўзбекистонимиз Конституциясининг қабул қилиниши мамлакатимиз ҳаётида муҳим тарихий воқеа бўлди». Конституция ва миллий тикланиш, маънавият ва маърифат, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданият, миллий ўзлик ва азалий қадриятлар, бу кўҳна замин одамлари кўнглида устувор бўлган адолат ва одиллик, иймон ва олижаноблик, бағрикенглик ва мардлик, инсонпарварлик ва тантилик каби улуғ хислатлар Конституциядан муносиб ўрин олган.
Давлатимиз раҳбари 2017 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилиш ташаббуси билан чиққани жаҳон ҳамжамиятининг диққатини тортганди. Мазкур халқаро ҳужжат 2019 йилнинг 12 декабрида қабул қилинди. БМТ резолюцияси барчанинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлаш, саводсизлик ва жаҳолатга барҳам беришга кўмаклашиш, энг муҳими, бағрикенглик ва ўзаро ҳурматни қарор топтириш, диний эркинликни таъминлашга қаратилгани билан эътиборга моликдир.
Уч минг йилдан зиёд тарихимиз шундан гувоҳлик берадики, олижаноблик ва инсонпарварлик, миллатлараро ва динлараро тотувликка интилиш халқимизнинг энг юксак маънавий фазилатларидандир. Истиқлол бизга ана шу эзгу анъаналарни изчил давом эттириш ва авлоддан-авлодга тизимли ўтишини таъминлаш имконини берди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг Муқаддимасида Ўзбекистон халқи ушбу Конституцияни, жумладан, «фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида» қабул қилгани алоҳида таъкидланган. Шу маънода, Асосий Қонунимиз – биз учун нафақат муҳим ҳаётий қўлланма, балки миллий ғурур-ифтихор, керак бўлса, ушбу заминда истиқомат қилаётган, жинси, ирқи, миллати, тили, динидан қатъи назар, барча инсонлар учун мустаҳкам бир ҳуқуқий ҳимоя ҳисобланади.
Конституциямизнинг 4-моддасида Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили экани мустаҳкамлангани баробарида, Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиши қайд этилган. Шу асосда ҳозирги вақтда мамлакатимиз таълим муассасаларида ўқиш 7 тилда олиб борилаётгани, газета ва журналлар 10 дан ортиқ тилда чоп этилаётгани, теле-радио кўрсатувлари ва эшиттиришлари эса 12 тилда эфирга узатилаётгани жуда муҳимдир.
Президентимиз 2019 йил 21 октябрда “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун – 21 октябрь санаси “Ўзбек тили байрами куни” деб эълон қилинди.
Бош Қомусимизнинг 8-моддасида «Ўзбекистон халқини миллатидан қатъи назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этади» деган норма белгилаб қўйилган. Жаҳон конституцияшунослигида янгилик бўлган ана шу конституциявий талабдан келиб чиқиб, ўз тақдирини Ўзбекистон билан боғлаган, мамлакатимиз фаровонлиги йўлида ҳалол ва виждонан меҳнат қилаётган, ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра фуқаролиги бўлмаган шахсга айланиб қолган фуқароларнинг ҳаётий муҳим масалаларини ҳал этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Конституциямизнинг 18-моддаси талабига кўра, «Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар». Ҳозирги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила бўлиб яшамоқда. Улар барча соҳа ва тармоқларда фидокорона меҳнат қилиб, ривожланган бозор иқтисодиётига асосланган демократик ҳуқуқий давлат қуришга ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантиришга катта ҳисса қўшмоқдалар.
Ўзбекистоннинг бойликлари кўп, лекин энг катта бойлик, энг юксак қадрият – жамиятда ҳукм сураётган тинчлик, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликдир. Зеро, бугунги даврда ҳаётнинг ўзи турли миллат, эътиқод ва дин вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатлик ҳукм сурган шароитдагина умумий хонадонимиз бўлган Ватанимиз ва жамиятимиз, ҳар биримизнинг оила-рўзғоримиз, фарзандларимиз келажагини таъминлашга эришиш мумкинлигини кўрсатиб турибди.
Шу нуқтаи назардан, 2017 йил 7 февралда тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Бу дастуриламал ҳужжатнинг бешинчи устувор йўналиши «Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш» деб номлангани бежиз эмас.
Чунки давлатнинг мустақиллиги ва суверенитетини, минтақамизда хавфсизлик, барқарорлик ҳамда аҳил қўшничилик муҳитини мустаҳкамлаш, жаҳон ҳамжамиятида юртимизнинг нуфузини ошириш йўлида диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни янада кучайтириш, мамлакат атрофида хавфсизлик, барқарорлик ва яқин қўшничилик муҳитини яратишга қаратилган ўзаро манфаатли ва амалий сиёсат юритиш давр талабидир.
Буларнинг барчаси, ўз навбатида, аҳоли, айниқса, ёшлар онгида инсонпарварлик қадриятларини, турли миллат вакиллари ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, бу борада амалга оширилаётган ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришни тақозо этди. Шу сабабли давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 майда «Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат ҳақида фикр юритганда, аввламбор, шу пайтга қадар фаолият юритиб келган иккита йирик тузилма – Республика байналмилал маданият маркази ва Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши негизида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ташкил этилганини таъкидлаш лозим.
Бунинг натижасида Республика байналмилал маданият маркази, 138 миллий маданий марказ, Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши, шунингдек, 34 дўстлик жамияти ягона Қўмита негизида бирлашди.
Эндиликда ушбу Қўмита жамиятда миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни таъминлаш, тинчликсевар сиёсатни, мамлакат ҳаётининг барча соҳаларида эришилган ютуқ ва муваффақиятларни кенг тарғиб қилиш, халқаро ҳамжамият, шу жумладан, чет элдаги ҳамюртларимиз диаспораси билан дўстликни мустаҳкамлашга доир давлат сиёсатини изчил амалга оширмоқда.
Айни чоғда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг жамоат ва диний ташкилотлар билан алоқалар бўйича ўринбосарлари тегишли ҳудудларда миллатлараро муносабатларни ривожлантириш ва хорижий мамлакатлар билан дўстона алоқаларни йўлга қўйиш борасидаги ишларни мувофиқлаштириш билан шуғулланмоқда.
Бу йўналишдаги барча эзгу ишлар мамлакатимизда миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича яхлит тизимни ривожлантиришга, шунингдек, “халқ дипломатияси” воситасида чет элдаги ватандошлар билан муносабатларни кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 15 ноябрда қабул қилинган “Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони билан миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини изчил амалга ошириш ва янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор долзарб вазифалар белгилаб берилди.
Аввало, Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Шунингдек, Президентимиз Фармони билан мазкур соҳада иккита дастурий ҳужжат – Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепцияси ҳамда 2019-2021 йилларда Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди.
Концепция ва «Йўл харитаси» сифатли ва ўз вақтида бажарилишини мувофиқлаштириш ҳамда мониторинг қилиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилди.
Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясида қайд этилганидек, “миллатлараро муносабатлар соҳасидаги давлат сиёсати — жамиятда миллатлараро муносабатларни такомиллаштириш ва тартибга солиш соҳасида давлатнинг тизимли фаолиятидан иборат бўлиб, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини, уларнинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонун олдида тенглигини таъминлашга қаратилган”.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Конституцияси ва Ҳаракатлар стратегияси асосида ишлаб чиқилган ва тасдиқланган ушбу Концепция инсон ва фуқаронинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга, Ўзбекистоннинг бирлиги ва яхлитлигини мустаҳкамлашга, унинг ҳудудида яшовчи миллат ва элатларнинг этник-маданий ўзига хослигини сақлашга, жамиятда миллатлараро бағрикенглик, тотувлик ва тинчликни сақлаб туришга йўналтирилгани билан ниҳояда муҳимдир. Бу ҳужжат, таъбир жоиз бўлса, айни соҳадаги ислоҳотларнинг янги, юксак босқичини бошлаб берди.
Бу, ўз навбатида, Ҳаракатлар стратегияси 1992 йилда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг нормаларида белгилаб берилган устувор йўналишлар доирасидаги демократик янгиланиш ҳамда модернизация жараёнларининг мантиқий ва қонуний, изчил ва узвий давоми эканини, ушбу дастурий ҳужжат давлатимиз ва жамиятимизни ривожлантиришнинг мутлақо янги босқичига асос солганини яққол тасдиқлайди.
Акмал Саидов,
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси
Миллий маркази директори
- Қўшилди: 03.12.2019
- Кўришлар: 10247
- Чоп этиш