Ҳудудларда истироҳат боғлари, парк ва хиёбонлардаги дарахтларни кесиш, ноқонуний қурилмалар барпо этиш ва хусусийлаштириш каби ҳолатлар жамоатчилик вакилларининг эътироз ва хавотирларига сабаб бўлиб келмоқда. Бу ҳақда тез-тез ижтимоий тармоқлар ёки оммавий ахборот воситаларида ўқиб, эшитиб қолаяпмиз. Эндиликда бу каби ҳолатларни бартараф этиш бўйича ҳуқуқий асослар мустаҳкамланмоқда.
“Адолат” СДП ва Экологик партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракциялари аъзолари томонидан аҳолининг маданий ҳордиқ ва дам олиш масканлари муҳофазаси кучайтирилишига қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда қабул қилинди. Унда кўзда тутилаётган нормалар ва уларнинг аҳамияти хусусида “Адолат” СДП фракцияси аъзоси Дилмурод Исмоилов қуйидагиларни қайд этди:
— Ҳозирги вақтда парклар ва дарахтзорларни хусусийлаштириш, уларнинг ҳудудини қисқартириш ва бошқа мақсадларда фойдаланишга уриниш ҳолатлари кўпайган.
Маълумотларга кўра, мамлакатимиздаги 184 та истироҳат боғида 944 та бино-иншоот қурилган, 18 та истироҳат боғида 91 та ноқонуний қурилма, 98 тасида 1 минг 248 та аттракцион ноқонуний ўрнатилган. Бу қурилишлар оқибатида қанчадан-қанча дарахтзор ҳудудлар камайтирилганлигини тасаввур қилиб кўринг-а?!
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг биринчи мажлисида давлатимиз раҳбари томонидан партияларнинг ушбу масалага оид таклифлари алоҳида эътироф этилиши ҳам мавзунинг нақадар муҳим эканини кўрсатади.
Қонунчилик палатаси мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинган қонун лойиҳасига кўра, маданий ҳордиқ масканларини, уларнинг ерларини ҳамда ушбу ерлардаги бино-иншоотни бегоналаштириш, маданий ҳордиқ масканлари ҳудудини қисқартириш, уларда бино-иншоот қуриш (енгил турдаги объектлар бундан мустасно) ёки мавжуд бино-иншоотни қурилиш ости майдонини кенгайтириш тақиқланади. Бу турдаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилади.
Шунингдек, қонун билан "ботаника боғлари" муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар рўйхатига киритиляпти. "Ботаника боғлари" ва уларнинг ерларини ҳам бегоналаштириш, уларнинг ҳудудида бино-иншоотлар қуриш ёки қурилиш ости майдонларини кенгайтириш тақиқланмоқда.
Таъкидлаш керакки, халқимиз ушбу масала ечимини узоқ йиллардан бери кутаётган эди. Қолаверса, парк ва дарахтзорлар табиатнинг ажралмас қисмидир. Уларни хусусийлаштириш ёки хусусий фойда учун фойдаланиш табиат ва ҳаво ифлосланиши каби жиддий муаммоларни ҳам келтириб чиқаради, — дейди депутат.
Дарҳақиқат, бугун яшилликнинг камайиб, чўлланиш, қурғоқчилик, иқлим ўзгариши каби ўткир экологик муаммолар бўй кўрсатаётган бир пайтда мавжуд хиёбон ва боғларни асраб қолиш ва кенгайтириш, ноқонуний қурилишлар эвазига дарахт кесиш ҳолатларининг олдини олиш долзарб масаладир. Шу нуқтаи назардан ушбу ҳужжатда кўзда тутилаётган нормалар табиатимиз, экология ҳамда инсонлар саломатлигида муҳим ўрин тутади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА
- Қўшилди: 28.11.2024
- Кўришлар: 711
- Чоп этиш