“Ёпиқ муассасалар ва озодликдан маҳрум этиш жойлари мониторинги” мавзусидаги тренинг машғулотларининг дастлабки куни қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг бошқа турларини тақиқлаш ҳамда уларнинг олдини олиш бўйича халқаро стандартлар таҳлилига бағишланди. Машғулотни Буюк Британиянинг Эксетер университети профессори Аби Даймонд олиб борди.
Британиялик профессор қайд этганидек, халқаро ҳуқуқда қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг бошқа турлари бутунлай тақиқланган. Чунки авваламбор бундай ёндашув инсоният шаъни ва қадр-қимматини ҳар доим таъминлашнинг муҳим мезони сифатида эътироф этилган. Шу билан бирга, қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг бошқа турлари инсон ҳуқуқларини бузишнинг энг ёмон кўринишлари сирасига киради, унинг оқибатлари эса бутун умрга чўзилиши мумкин.
Ўзбекистон қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг бошқа турларини тақиқлашга доир муайян халқаро мажбуриятларни зиммасига олган. Хусусан, мамлакатимиз БМТнинг Қийноқларга қарши конвенцияси, Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт, Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция, 1949 йилги 4 та Женева конвенцияси ва уларнинг Биринчи ҳамда Иккинчи Факультатив протоколларига қўшилган.
БМТнинг Қийноқларга қарши конвенциясида "қийноқлар" тушунчасига таъриф берилган. Шунингдек, давлатларнинг қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг бошқа турларини тақиқлаш ва уларнинг олдини олиш борасидаги мажбуриятлари баён этилган. БМТ Қийноқларга қарши қўмитаси давлатлар томонидан ана шу талабларга риоя этилишини назорат қилади.
Бундан ташқари яна кўплаб шартнома ва ҳужжатларда қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг бошқа турлари тақиқланган. Уларда "Қийноқ нима?" деган саволга жавоб бўладиган турлича таърифлар учрайди.
Энг асосийси, ана шу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларнинг барчасида "қийноқ" тушунчаси талқини бўйича қуйидаги умумий жиҳатлар мавжуд:
биринчидан, қийноқ - бу муайян шахсга қасддан кучли оғриқ ёки жисмоний ё маънавий азоб етказишга қаратилган ҳар қандай ҳаракат;
иккинчидан, қийноқ - атайлаб содир этиладиган қилмиш;
учинчидан, қийноқ - камситиш мақсадида ёки камситиш орқали етказиладиган азобдир.
Халқаро ҳуқуқда қийноқлар билан бир қаторда шафқатсиз муомаланинг бошқа турлари ҳам ҳар доим ва ҳар қандай шароитда тақиқланган. Аммо, халқаро шартномаларда "шафқатсиз муомаланинг бошқа турлари" тушунчасига таъриф берилмаган.
- Бундан кўзланган мақсад, биринчи навбатда, бу борада йўл қўйилиши эҳтимоли мавжуд бўлган ҳар қандай суиистеъмолликларнинг олдини олишдан иборат, - деди Аби Даймонд. - Бунинг замирида, шунингдек, инсон қадр-қиммати ҳамиша ва ҳар қандай шароитда ҳурмат қилинишини таъминлаш истаги мужассамдир.
Эксетер университети профессорининг фикрича, баъзан "қийноқ" билан "шафқатсиз муомаланинг бошқа турлари"ни бир-биридан фарқлаш мумкин бўлмай қолади. Бунинг зарурати ҳам йўқ. Нега деганда, қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг бошқа барча турлари халқаро ҳуқуқда мутлақо тақиқланган.
Қолаверса, қийноқларнинг олдини олишга қаратилган чоралар шафқатсиз муомаланинг бошқа турларига нисбатан ҳам қўлланилади. Шундай экан, ҳар бир давлат нафақат қийноқларнинг, балки шафқатсиз муомаланинг бошқа барча турларининг ҳам олдини олиш, бундай ноқонуний ҳаракатларга қатъий чек қўйиши керак, деди британиялик эксперт.
Машғулот сўнгида қизғин савол-жавоблар бўлди. Тадбир жараёнида тренинг иштирокчиларида қийноқлар ва шафқатсиз муомаланинг бошқа турларини тақиқлаш ва уларнинг олдини олиш билан боғлиқ амалий кўникмаларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
Матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.09.2019
- Кўришлар: 6113
- Чоп этиш