Эзгуликка, инсонийлик ва адолатга чорлаган таълимот

Мамлакатимизда буюк алломаларимиз, миллат қайғуси билан яшаган, курашган, илмий-маърифий тадқиқотлар аждодларимизнинг ибратли фаолияти, бой маънавий меросини ўрганиш масаласига катта эътибор қаратилмоқда.

Шу кунларда улуғ аллома, олим ва мутафаккир Алихонтўра Соғуний таваллудига 140 йил тўлди. Имом Мотуридий халқаро идмий-тадқиқот маркази илмий ходими, Ўзбекистон халқаро ислом академияси тадқиқотчиси Зарифжон Арслонов билан миллат қайғусида мудом ҳаёт кечирган  олим Алихонтўра Соғуний фаолияти, ижодий мероси хусусида суҳбатлашдик.

–  Алихонтўра Соғуний фаолиятининг тарихдаги ўрни ва аҳамияти хусусида сўзлаб берсангиз.

– Алихонтўра Соғуний – ХХ асрнинг буюк шахсияти, адиб ва шоир, давлат ва сиёсат арбоби, мутафаккир ва маърифатпарвар олим бўлиб, у ўз фаолияти билан халқимиз маънавиятига беқиёс ҳисса қўшган шахсдир. У миллий ўзликни англаш, ахлоқ ва маърифат соҳалари ривожига катта хизмат қилган, юртимизда маърифатпарварлик ҳаракатини ривожлантиришга ҳисса қўшган. Унинг асарлари илмга тарғиб ва тарбия масалаларига бағишланган бўлиб, улар ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган.   Алихонтўра Соғуний фақатгина диний билимларни эмас, балки тарих, адабиёт, ахлоқ ва маънавият соҳаларини ҳам кенг ёритиб, келажак авлод учун улкан мерос қолдирган.

Алихонтўра Соғунийнинг фаолияти фақатгина илмий ва маърифий ишлар билан чекланиб қолмаган. У миллатга, Ватанга муҳаббат, инсонпарварлик ва адолатпарварлик каби олий қадриятларни тарғиб этган. Унинг асарлари нафақат диний билимларни етказиш, балки миллий ўзликни англаш, миллат равнақи учун хизмат қилиш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга қаратилган. Соғуний ўз асарларида юрт равнақи учун билим ва маърифатнинг ўрнини юқори қўяди. У халқнинг маънавий тикланиши ва ривожланиши учун илм-маърифат энг асосий омил эканини таъкидлайди.

Алихонтўра Соғунийнинг фаолиятининг тарихий аҳамияти шундаки, у қўлга қалам олиб, инсон қалбига нур тарқатишни ўз олдига мақсад қилган буюк зиёлилардан бири бўлган. Унинг фаолияти ва асарлари ҳозир ҳам ёшлар учун руҳий-маънавий тарбиянинг муҳим манбаи бўлиб қолмоқда. У ўз таълимотларида кишиларни эзгуликка, инсонийликка ва адолатга чорлаган, ёшларни ҳақиқатни англаш ва уни ҳимоя қилишга ўргатган. Бу жиҳатдан қараганда, унинг илмий-ижодий мероси нафақат ўтган даврда, балки бугунги кун учун ҳам жуда муҳим аҳамиятга эга.

Алихонтўра Соғунийнинг фаолияти ва меросини ўрганиш ёшларнинг тафаккурини умуминсоний қадриятлар билан ҳам бойитади. Шунинг учун унинг мероси халқимиз маънавий ҳаётида, айниқса, ёш авлод тарбиясида катта ўрин тутади.

–  Соғуний илмий-маърифий мероси маънавий ҳаётимизда қандай ўрин эгаллайди?

–   Дунё илм-фанида миллий ва диний-маърифий қадриятларнинг назарий асосларини ўрганиш доимо муҳим вазифалардан саналиб келган. Бунда олимларнинг миллат, Ватан, имон, дин-у диёнат, ўзликни англаш каби масалаларни қамраб олувчи асарлари алоҳида ўринга эга. Бугунги кунда диний-маърифий меросни ўрганиш борасида амалга оширилаётган тадқиқотлар натижалари миллий ва диний қадриятларни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлади. Алихонтўра Соғунийнинг илмий меросини, хусусан, унинг диний-маърифий асарларини тадқиқ этиш Ўзбекистон тарихи, ислом тарихи ва исломшунослик соҳаларидаги тадқиқотлар кўламини кенгайтиришга, мавжуд хулосаларни бойитишга хизмат қилади. Олимнинг “Тарихи Муҳаммадий” асари Муҳаммад (с.а.в.)нинг ҳаёт йўлини, “Диёнат тутқаси – мўминлар туҳфаси” рисоласи эса ислом дини асосларини қамраб олиши билан ҳам аҳамиятли ҳисобланади.

Алихонтўра Соғунийнинг илмий-маърифий мероси халқимизнинг маънавий ҳаётида алоҳида ўрин эгаллайди. Унинг ижодий мероси, айниқса, юртимизда маърифат тараққиёти, маънавият ва ахлоқий тарбия масалаларида беқиёс аҳамиятга эга. Унинг асарлари одамлар онгини юксалтириш, ҳақиқатни англаш ва инсоний қадриятларни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Шу билан бирга, аждодларимизнинг мустақиллик орзуси, уларнинг бардавом озодликка интилишлари, халқни бирлаштириш, жамиятни жипслаштиришга интилишлари ҳам Алихонтўра асарларида яққол акс этиб туради. Соғуний ўз асарларида фақатгина шахсий кечинмаларини эмас, бутун миллат ойдинларининг эзгу орзу-мақсадларини акс эттиришга эришган. Бу каби сўзларни ёзиш тугул, айтиш хавфли бўлиб турган бир даврда бу ҳақиқий маънавий жасорат эди, десак муболаға бўлмайди.

Соғунийнинг илмий-маърифий мероси исломий билимларни чуқур ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Унинг асарлари нафақат диний билимлар, балки ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларига ҳам таъсир кўрсатган. Унинг фикҳий ва ҳадисшуносликка оид билимлари ислом ҳуқуқшунослигини ўрганишда ҳам муҳим манба ҳисобланади.

Соғуний асарлари ёш авлодни миллий ва диний қадриятларга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим восита ҳисобланади. Унинг маърифий мероси асосида ёшларимизнинг маънавий билимларини бойитиш, уларни эзгулик ва адолат йўлида тарбиялаш мумкин.

Шу боис Соғунийнинг илмий-маърифий меросини ўрганиш, унинг асарларини тарғиб қилиш ва келажак авлодга етказиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Бу ишлар нафақат диний-маърифий тараққиётга, балки умумий маънавий юксалишга ҳам хизмат қилади.

Алихонтўра Соғуний асарларининг энг асосий хусусиятларидан бири – бу маърифат орқали инсон камолотини таъминлаш ғоясидир. У инсонларни илмга, тафаккурга чорлайди, уларни ахлоқ-одоб қоидаларига риоя қилишга ундайди. Масалан, Алихонтўра Соғуний адабиётга бўлган муносабати ва унинг амалий ифодасини унинг ўттиз иккита шеър, элликдан ортиқ шеърларни ўзида жамлаган “Бахтлик недур”  тўпламида кўришимиз мумкин. Мазкур тўпламда муаллифнинг Ватан, илм ўрганиш, табиатни севиш, соғлиқнинг аҳамияти, тил ва дин тўғрисида ёзган шеърлари жамланган. Бугунги кунда ҳам унинг асарлари олий таълим муассасалари ва тадқиқот марказларида ўрганилмоқда. Бу эса унинг фикрлари ва таълимотлари ҳали ҳам халқимиз маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутишини кўрсатади.

Алихонтўра Соғунийнинг “Туркистон қайғуси” асари муҳим асарларидан бири бўлиб, унда Туркистон халқларининг мустамлака тузум остидаги аҳволи ва миллий озодлик учун олиб борилган кураш ёритилган. Асар 1938 йилгача муаллиф гувоҳи бўлган тарихий воқеаларга асосланиб ёзилган бўлиб, унда адолат ва миллий ўзлик учун кураш ғояси илгари сурилган.

Муаллиф ушбу йилларда Совет ҳокимияти томонидан Туркистон халқларига нисбатан олиб борилган сиёсий, иқтисодий ва маданий тазйиқлар ҳақида сўз юритади. Соғуний асар давомида ўз халқининг миллий ва диний қадриятларини сақлаш йўлидаги курашини қайғу билан тасвирлайди.

Шунингдек, Соғуний меросининг аҳамияти ёшларни тарбиялашда, уларнинг Ватанга муҳаббатини, тарихий ўзлигини англашини кучайтиришда кўринади. У ёшларга билим ва маърифатнинг ҳақиқий кучини, илмли ва фозил инсон жамият равнақи учун қанчалар зарур эканлигини уқтиради. Шу боис, унинг асарлари Ватанни севиш, унга хизмат қилиш, миллий ва диний қадриятларни ардоқлаш ғояларини сингдиришда ўрганишга арзигулик манбалардан бири ҳисобланади.  

Бугунги кунда Соғуний асарлари нафақат юртимизда, балки халқаро миқёсда ҳам қизиқиш уйғотмоқда. Унинг мероси қайта таҳлил қилиниб, турли илмий конференциялар, семинарлар ва тадқиқот ишлари орқали чуқур ўрганилмоқда. Бу эса унинг маънавий мероси абадий яшаши ва халқимизга хизмат қилишини таъминлайди. Шунинг учун унинг илмий-маърифий мероси халқимизнинг маънавий юксалишида, миллат равнақида ва келажак авлод тарбиясида муҳим манба бўлиб қолмоқда.

–  Алихонтўра Соғуний мероси мамлакатимиз олимлари томонидан қай йўсинда ўрганилмоқда?

– Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Алихонтўра Соғунийнинг ҳаёт йўли, олиб борган фаолиятлари ва асарлари хусусида бир қанча илмий изланишлар олиб борилди. Уларнинг барчасида Алихонтўра миллатсевар, инсонпарвар, етук олим сифатида тасвирланган. Ана шундай ёндашувда ёзилган дастлабки изланишлар унинг ўғли Қутлуғхон Шокиров – Эдиқут томонидан амалга оширилган. У 1992 йил “Шарқ юлдузи” журналида нашр этилган “Икки Туркистон ғурури” номли мақоласи орқали отаси ҳақида кенг жамоатчиликка маълумот бера бошлади.

Алихонтўра Соғуний фаолиятига ва илмий меросига ижобий тарафдан ёндашилган яна бир илмий иш унинг набираси Увайсхон Шокиров томонидан амалга оширилган. У отаси Асилхонтўра хотираларига таянган ҳолда “Алихонтўра Соғуний”  номли асар битган. Соғунийнинг “Туркистон қайғуси” номли асари ҳам ўқувчиларда катта қизиқиш уйғотади. Ушбу асарда 1938 йилгача содир бўлган воқеа-ҳодисалар акс эттирилган.  

Ёқубжон Хўжамбердиевнинг кенг халқ оммаси учун мўлжалланган “Соғуний: Уч китобдан иборат Маноқиб”  номли асари Алихонтўра Соғунийнинг ҳаёт йўли ва илмий фаолиятини тарихий факт ва хотиралар асосида ёритиши жиҳатидан жуда муҳим асар ҳисобланади. Ё.Хўжамбердиев ўз асарининг давомида Соғунийнинг диний илми, сиёсий фаолияти ва илмий меросини бунёд этиш жараёнлари хусусида қимматли маълумотлар бериб ўтган.

Таниқли шоир ва ёзувчи Мирзо Кенжабек ҳам ўзининг “Ёшларга дил сўзларим”  рисоласида Алихонтўра ва унинг асарларига бир неча ўринларда тўхталиб ўтган. Унга кўра, Соғунийнинг “Туркистон қайғуси” асарини ўқимасдан туриб, ижодкор соғлом тарихий ҳақиқатларга эга бўлолмайди. Эркин Воҳидовнинг Карим Сахибоев отли тоғаси “Алихонтўра Соғуний суҳбатларини тез-тез ташкил қилиб турган”и ва Эркин Воҳидов ҳам “Соғунийнинг суҳбатларига эришиб, назарларини топишга муваффақ бўлган”ини қайд этган. Муаллиф шунингдек, ушбу рисолада Соғунийнинг “Тарихи Муҳаммадий” асарига алоҳида тўхталиб, ушбу асарни “ўзбек романчилигининг олий намунаси” сифатида улуғлаган ҳамда ундан баъзи мисолларни келтирган. Бугунги кунда Алихонтўра Соғуний меросини чуқур ўрганиш юртимиздаги турли илмий муассасалар ва тадқиқот марказлари томонидан фаол олиб борилмоқда. Унинг асарлари исломшунослик, маънавият, ахлоқ фалсафаси ва тарихшунослик соҳаларидаги мутахассислар томонидан таҳлил қилиняпти.

Мамлакатимиздаги олий ўқув юртларида Соғуний ижоди бўйича алоҳида тадқиқот ишлари олиб борилмоқда, унинг асарлари қайта нашр этилмоқда. Хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази ва бир қатор университетларда Соғуний асарларининг маънавий-маърифий аҳамияти, унинг фикрий меросини замонавий даврдаги ўрни ўрганилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Алихонтўра Соғунийнинг илмий-маърифий мероси мамлакатимиз олимлари томонидан чуқур ўрганилмоқда ва унинг фикрлари, қарашлари бугунги кун талаби асосида янги нуқтаи назардан таҳлил этилмоқда. Бу ишлар келажакда ҳам давом эттирилиши, унинг асарлари ёшлар тарбияси ва маънавий юксалишига хизмат қилиши шубҳасиз. Олимлар, мутахассислар ва маърифатпарварлар учун унинг мероси ҳамон илҳом ва билим манбаи бўлиб қолмоқда.  

-  Қизиқарли суҳбат учун раҳмат!

ЎзА мухбири Назокат Усмонова суҳбатлашди

Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech