Европа комиссияси раиси Урсула фон дер Ляйен 16 сентябр куни Страсбургда Европа парламентида «Иттифоқ ҳолати тўғрисида»ги йиллик мурожаатида болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини кескин чеклаш бўйича янги режаларни маълум қилди.

Фон дер Ляйенга кўра, Европа Иттифоқида 13 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги, 15 ёшгача бўлганлар эса шахсий аккаунт оча олмаслиги керак. 13 ёшдан 15 ёшгача бўлган ўсмирларга фақат ота-она ёки васий томонидан очилган ва назорат қилинадиган махсус «мини-аккаунтлар» орқали чекланган имкониятлар тақдим этилиши кўзда тутилмоқда.

Бундай аккаунтларда платформанинг айрим функциялари чекланади ва фойдаланиш вақтига лимит белгиланади. Фон дер Ляйен нутқида бу вақтни кунига бир соат билан чеклаш режасини ҳам тилга олди. 15 ёшдан 18 ёшгача бўлган фойдаланувчилар учун эса платформалар «хавфсиз дизайн» тамойили асосида ишлаши шарт бўлади.

Еврокомиссия раиси бу чораларни болаларнинг интернетда ўтказаётган вақти ортиб бораётгани билан изоҳлади. Унинг айтишича, ёш европаликлар экран қаршисида кунига ўртача 4–6 соат вақт ўтказмоқда, ижтимоий тармоқлар алгоритмлари эса уларни имкон қадар узоқроқ платформада ушлаб туришга мўлжалланган.

Фон дер Ляйен бу жараённи болаларнинг «диққати, эътибори ва онгини эгаллаб олиш» деб таърифлаб, ижтимоий тармоқлар уларни болалигидан маҳрум қилаётганини айтди. У уйқу бузилиши, хавотир ва онлайн буллинг каби хавфларга ҳам эътибор қаратди.

Еврокомиссия раиси, шунингдек, платформалардаги фойдаланувчини ўзига боғлаб қўювчи механизмлар ва алгоритмларга қарши чоралар кўриш зарурлигини таъкидлади.

«Биз ўзига қарам қилиб қўювчи функцияларни қабул қилишимиз шарт эмас. Болаларнинг тобора экстремал контентга тортилишига ҳам тоқат қилишимиз шарт эмас», — деди фон дер Ляйен.

Янги ёндашувнинг муҳим жиҳатларидан бири — платформаларнинг жавобгарлигини кучайтириш. Ҳозирги моделда болалар ва ота-оналар хавфлардан ҳимояланиш чораларини кўриши кутилса, Еврокомиссия бу мантиқни ўзгартиришни таклиф қилмоқда. Яъни ижтимоий тармоқнинг болалар учун хавфсиз эканини энди платформанинг ўзи исботлаши керак бўлади.

«Гап вояга етмаганларнинг ижтимоий тармоқларга кириши ҳақида эмас. Гап ижтимоий тармоқларга вояга етмаганларга қачон ва қандай киришга рухсат беришимиз ҳақида кетмоқда», — деди фон дер Ляйен.

У йирик технологик компанияларнинг таъсири ҳаддан ташқари катта ва уларни чеклаш имконсиз деган қарашга қўшилмаслигини ҳам билдирди.

«Европа ҳаракат қилиш қудратига эга. Қоидаларни Big Tech эмас, биз белгилаймиз», — деди Еврокомиссия раҳбари.

Бу чоралар EU Kids Act деб номланган янги қонунчилик ташаббуси доирасида илгари сурилмоқда. Европа комиссиясининг расмий маълумотига кўра, қонунчилик таклифи 17 сентябрь куни қабул қилинган. Унда ёшга қараб босқичма-босқич чекловлар, 13–15 ёшдагилар учун ота-она назоратидаги аккаунтлар ва 18 ёшгача бўлган фойдаланувчилар учун хавфсиз дизайн талаблари назарда тутилган.

Шу билан бирга, бу қоидалар ҳали Европа Иттифоқи бўйлаб амал қила бошлаган тайёр тақиқ дегани эмас. Қонунчилик ташаббуси кучга кириши учун ЕИнинг тегишли қонунчилик жараёнларидан, жумладан Европа парламенти ва аъзо давлатлар иштирокидаги муҳокамалардан ўтиши керак. AP ҳам ташаббус 27 аъзо давлат даражасида муҳокама ва тасдиқни талаб қилишини қайд этмоқда.

Еврокомиссия бу билан чекланиб қолмоқчи эмас. Фон дер Ляйен кузда Digital Fairness Act — рақамли адолат тўғрисидаги яна бир қонунчилик ташаббусини илгари суришини маълум қилди. У ижтимоий тармоқлар ва бошқа онлайн хизматларда одамларни платформада узоқроқ ушлаб туришга қаратилган «қарам қилувчи дизайн» механизмларини тартибга солишга йўналтирилади.

Kun.uz