Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги анжуманлар залида шу йил 6 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 22 апрелда қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан брифинг ўтказилди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этди.
Мамлакатимизда болалар келажагимиз ворислари, миллатимиз давомчилари сифатида эъзозланади. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, «Биз учун жамиятда бегона бола йўқ ва бўлмаслиги керак. Ҳаммаси ўзимизнинг, Ўзбекистонимизнинг болалари. Вақтида меҳр кўрсатсак, ишга, илмга, касбу ҳунарга, эзгу фазилатларга ўргатсак, уларнинг йўлини очиб берсак, эртага фойдаси ўзимизга, жамиятимизга тегади».
Президентимизнинг ушбу тарихий қарори Ўзбекистонда бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканини яна бир бор амалда намоён этди. Қарорда бола ҳуқуқлари кафолатларини кучайтиришга қаратилган бир қатор муҳим қоидалар белгиланган.
Ота-она қарамоғисиз қолган болаларга муниципал ва аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидаги ўзлари яшаб турган турар жойларни улар Меҳрибонлик уйларига жойлаштирилган, васийлик ёки ҳомийлик органининг розилигига кўра васийликка ёки ҳомийликка олувчи билан бирга яшаётган бутун вақт мобайнида, ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар бронлаштириш ҳуқуқи берилди.
Боланинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъи назар, уларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатилиши йўлга қўйилди. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда болаларнинг таълим олиш, соғлиқни сақлаш тизими хизматидан фойдаланиш, умуман, ижтимоий таъминот ва ижтимоий ҳимоядан манфаатларини изчил оширди.
Болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланди. Бундан буён бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.
Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга алимент тўлаш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаганда ёки алимент ихтиёрий равишда тўланмаганда ва ота-онадан бирортаси ҳам алимент ундириш тўғрисида судга мурожаат қилмаган ҳолларда, 14 ёшга тўлган бола ўзининг таъминоти учун ота ёки онадан ёхуд ота-онаси билан бирга яшамаётган бўлса, бир вақтнинг ўзида ота-онанинг ҳар иккаласидан қонунда белгиланган миқдорда алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли экани қарорда қатъий қайд этилган.
Эндиликда болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилишда даъвогар давлат божи ва тўловлардан озод қилинади. Болалар манфаатлари йўлидаги бу имтиёз ҳам халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга тўла мутаносибдир.
Шу йил сентябрь ойидан эътиборан мамлакатимизда эркаклар ва аёллар учун никоҳ ёши 18 ёшни ташкил этади. Бу қоида БМТ Бола ҳуқуқлари бўйича қўмитасининг тавсияси бўйича жорий этилди.
Ҳозирги вақтгача қонунчилигимизда чет эл фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган бола маъмурий ҳуқуқбузарлик ёки жиноят содир қилса, унинг ота-онаси Ўзбекистонда қонуний асосга кўра яшаб турган бўлса-да, ҳуқуқбузар болани мамлакатдан чиқариб юборишга доир норма мавжуд эди. Қарорда ушбу нормани бекор қилиш йўлида муҳим қадамлар қўйилди.
Ўзбекистон Президенти қарорининг ижроси юзасидан ўтган 3,5 ойда муайян ишлар амалга оширилди.
Хусусан, шу йил 17 июлда Вазирлар Маҳкамаси Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигини нишонлашга бағишланган Тадбирлар дастурини тасдиқлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилди. Қарорга асосан БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қабул қилинганлигининг 30 йиллигини нишонлашга бағишланган Тадбирлар дастури тасдиқланди.
Ўзбекистонда 18 ёшга тўлмаган 12 миллион 200 минг нафардан ортиқ бола бор. Аммо, болаларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ихтисослаштирилган институт мавжуд эмасди. Шу маънода, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимининг жорий этилиши маъқуллангани ниҳоятда муҳимдир.
Жорий йилнинг 1 августида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни турар жойлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Қонун лойиҳасининг regulation.gov.uz сайтидаги жамоатчилик муҳокамаси 5 августда якунига етди. Навбатдаги босқичда лойиҳа келиб тушган таклифлар асосида такомиллаштирилгач, Вазирлар Маҳкамасида кўриб чиқилади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан манфаатдор вазирлик ва ташкилотлар билан ҳамкорликда бола ҳуқуқлари ҳимоясига қаратилган бир қанча янги ҳужжатлар ишлаб чиқилди. Бундай ҳужжатлар жумласига:
- Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга қулай шарт-шароит яратишга оид миллий ҳаракатлар дастури;
- “Бола ҳуқуқлари кафолатларининг янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун;
- Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори лойиҳалари киради.
Айни вақтда мазкур ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш ва тасдиқлаш жараёнлари изчил давом этмоқда.
Анжуманда журналистлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 06.08.2019
- Кўришлар: 7713
- Чоп этиш