Тождорвирус карантини даврида "Газеталар шарҳи" Telegram канали (https://t.me/gazetalar_sharhi) юртдошларимиз учун қулай ва фойдали ахборот манбаларидан бирига айланди. Чунки унда мамлакатимиз газета ва журналларида эълон қилинаётган долзарб мавзулардаги турфа мақола, суҳбат ва ахборотларнинг электрон нусхалари билан бемалол танишиш мумкин.
Май ойида ҳам "Газеталар шарҳи" канали билан ҳамкорлигимиз давом этмоқда. Бинобарин, ўтган ойларда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази мутахассисларининг турли газеталарда чоп этилган мақолаларини айнан шу канал ёрдамида сайтимиз ўқувчиларига тақдим этиб борган эдик.
Бу анъанани давом эттирган ҳолда, эътиборингизни апрелнинг сўнгги кунларида матбуотда эълон қилинган иккита мақолага қаратамиз. Булардан бири – Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидовнинг 25 апрелда "Ishonch" газетасида эълон қилинган "Коронавирус инфекциясига қарши кураш: Ўзбекистон тажрибаси ва халқаро эътироф" сарлавҳали мақоласидир.
Мақолада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, бошқа халқаро ташкилотлар раҳбарлари, чет давлатларнинг нуфузли ва халқаро миқёсда тан олинган шифокорлари, олимлари, экспертлари ва мутахассислари Ўзбекистонда коронавирусга қарши амалга оширилаётган тизимли ва комплекс чора-тадбирларни юксак баҳолаётгани таъкидланган.
Ушбу чора-тадбирлар ўтган давр мобайнида Президентимизнинг 10 дан зиёд фармон ва қарорларида, Ўзбекистон халқига учта мурожаатида, шунингдек, пандемияга қарши курашиш, аҳолининг ижтимоий ҳамда тиббий ҳимоясини мустаҳкамлаш ва бошқа масалаларга бағишланган 20 дан ортиқ учрашув, видеоселектор йиғилишларида белгилаб берилди. Улар бўйича 50 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Энг асосийси, бу чора-тадбирларнинг барчаси оғир ҳамда масъулиятли даврда ҳеч ким, ҳеч бир оила давлат ва жамиятнинг эътибори, ғамхўрлигидан четда қолмаслиги, оддий одамлар фаровонлиги таъминланиши керак, деган ғояга асосланади.
Ушбу муаллифнинг яна бир мақоласи "Тошкент ҳақиқати" газетасининг 22 апрель сонида чиққан. Мақола "Мақсадлар – улуғ, ташаббуслар – хайрли", деб номланган бўлиб, БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида илм-фан, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришда парламентнинг роли таҳлил қилинган.
2020 йил 1 июлдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати мажлисларида давлат органлари ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ўз фаолияти бўйича, шунингдек, Ҳукумат аъзолари ва тармоқлар раҳбарларининг БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадларини бажариш, илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисидаги ахборотларини мунтазам равишда эшитиш тартиби амалиётга жорий этилади. Бу муҳим вазифа «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили» Давлат дастурида белгиланган, деб ёзади муаллиф.
Инсон ҳуқуқлари бўйича
Ўзбекистон Республикаси
Миллий марказининг
матбуот хизмати
- Қўшилди: 04.05.2020
- Кўришлар: 4927
- Чоп этиш