Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш бугун Олий Мажлис Сенатида бўлди.
Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг институтлари билан кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш, глобал сиёсат ва минтақавий масалалар бугунги куннинг муҳим мавзуларидандир.
Учрашув давомида Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш билан боғлиқ, жумладан, гендер тенглигини таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Сўнгги йилларда гендер тенгликка эришиш, хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларга тенг имкониятлар яратиш борасида Ўзбекистонда тизимли ишлар амалга оширилаётгани, бунда БМТнинг тавсиялари ҳам муҳим ўрин тутаётгани алоҳида таъкидланди.
Хусусан, парламентлараро муносабатлар кўлами, гендер тенглик, аёлларнинг таълим олиш ҳуқуқлари, глобал иқлим ўзгаришлари шароитида амалга ошириш лозим бўлган вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Шунингдек суҳбат чоғида Ўзбекистон ташаббусларини халқаро майдонда илгари суриш, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришга доир аниқ таклифларни қўллаб-қувватлашда БМТ билан конструктив ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди. 2017 йилдан буён мамлакатимиз ташаббуси билан БМТнинг 10 та резолюцияси қабул қилингани ҳамда Ўзбекистон БМТ қўмиталари ва бошқарув органлари (Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш, ЭКОСОС, Халқаро меҳнат ташкилоти ва бошқалар)га аъзо бўлганига эътибор қаратилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Олий мажлис Сенатидаги мазкур учрашувдан мамнун эканини билдириб, «Марказий Осиё цивилизация маркази ҳисобаланади, Ўзбекистон эса минтақанинг марказидир. Ўзбекистон БМТнинг кўплаб соҳаларида, хусусан, БРМни амалга оширишда йўлбошчи давлатлардан бири. Ўзбекистон билан БМТ ҳамкорлиги алоҳида ўрин ва аҳамият касб этади. Мен Марказий Осиёга илк бор ташриф буюрганимда, минтақа тарқоқ ва яккаланиб қолган эди. Энди Президент Шавкат Мирзиёев туфайли минтақа бирлашди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг оқилона сиёсати туфайли Марказий Осиёнинг кўплаб муаммоли масалалари ҳал этилди», дея фикр билдирди.
Ушбу тарихий ташриф Ўзбекистон ва Бирлашган Миллатлар ташкилоти ўртасида кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Олий Мажлис Сенатининг Фахрий меҳмонлар китобига дастхат ёзиб қолдирди.
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Рустам НАЗАРМАТОВ (сурат)
ЎзА
- Қўшилди: 01.07.2024
- Кўришлар: 1542
- Чоп этиш