Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида башарият тарихи ҳар бир халқ фақат эркин ва озод бўлган тақдирдагина, ўз ҳаёти ва келажагини мустақил барпо этиш ҳуқуқига эга бўлишидан далолат бериши, миллат озодлиги йўлида жонини фидо қилган улуғ аждодларимизнинг буюк мақсади “Ҳақ берилмас, ҳақ олинур!” эканлиги алоҳида таъкидланди.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилинишини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадр-қимматини эъзозлаш янгиланаётган Ўзбекистонда барпо этилаётган очиқ, эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусиятидир. Юртимизда суд-ҳуқуқ тизими тобора такомиллаштирилмоқда, инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш юзасидан тарихий шаҳдам қадамлар ташланмоқда.
Буни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказига мурожаат қилиб, адолат қарор топишига эришаётган фуқаролар мисолида ҳам кўриш мумкин. Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида яшовчи “Мухаммад-Сухроб-Сурхон” фермер хўжалиги раҳбари О.Тоғаев Марказга мурожаатида фермер хўжалиги ва ўзига нисбатан маъмурий суд томонидан чиқарилган қарорлардан норози эканлигини баён этган эди.
Марказнинг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими масъул ходимлари фуқаро О.Тоғаевнинг иши бўйича тегишли ҳужжатлар ва материалларни синчиклаб, чуқур ўрганишди. Натижада Жарқўрғон туман маъмурий суди, шунингдек Сурхондарё вилояти маъмурий судининг апелляция инстанцияси қарорлари қонунга хилоф равишда қабул қилинганлигига ишонч ҳосил қилдилар.
Шундан сўнг фуқаро О.Тоғаевнинг иши бўйича, “Прокуратура тўғрисида”ги қонун талабларига биноан, назорат тартибида протест келтириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига таклиф киритилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ушбу иш ҳужжатларини кўриб чиқиш натижалари бўйича ҳар икки суд қарорларининг ноқонунийлигини аниқлади. Бу қарорларни бекор қилиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида протест киритди.
Натижада ушбу иш Ўзбекистон Республикаси Олий судида видеоконференция алоқаси тартибида кўриб чиқилиб, маъмурий иш юзасидан Жарқўрғон туман маъмурий суди, шунингдек Сурхондарё вилояти маъмурий судининг апелляция инстанцияси томонидан қабул қилинган қарорлари бекор қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг янги қарори бўйича Жарқўрғон туманида яшовчи “Мухаммад-Сухроб-Сурхон” фермер хўжалиги ва унинг раҳбари О.Тоғаевнинг бузилган ҳуқуқлари тикланди.
Тошкент шаҳар, Олмазор туманида яшовчи Меҳрибонлик уйининг собиқ тарбияланувчиси Радион Кашаев ҳам Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказнинг веб-сайти орқали ўзига оид маъмурий иш юзасидан амалий ёрдам сўраб ариза билан мурожаат қилган эди.
Р.Кашаев жароҳат олганлиги туфайли ҳаракатланишда қийналиши, озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун ўзи билан бирга ёрдамчисини автомашинасида олиб юрган вақтида унга нисбатан маъмурий баённома тузилганлигини билдирган.
Аризачи оилавий шароити оғирлиги, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси бўлганлиги ҳамда қарамоғида уч нафар вояга етмаган фарзанди борлигини ҳисобга олган ҳолда ушбу ҳолат бўйича ўзига белгиланган жаримани бекор қилишни сўраган.
Марказнинг Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўлими масъул ходимлари бу фуқаронинг мурожаатини ҳам ижобий ҳал қилишга эришдилар. Улар Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва “Прокуратура тўғрисида”ги қонун талабларига биноан назорат тартибида кўриб чиқиш учун Тошкент шаҳар прокурорига таклиф киритишди.
Тошкент шаҳар прокуратураси қонун талаблари бузилганлигини ҳамда фуқаро Радион Кашаев мурожаатида баён қилинган ҳолатларни инобатга олган ҳолда унга нисбатан 4.460.000 сўм миқдорида маъмурий жаримага тортиш ҳақидаги қарорни бекор қилди.
Эркин ЭРНАЗАРОВ,
“Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари” журнали
бош муҳаррирининг ўринбосари
- Қўшилди: 09.10.2020
- Кўришлар: 7572
- Чоп этиш